Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Жанжалкаш Жон ва унинг «ҳунарлари»

Баҳо:
+ | -

Декабрнинг 7-санасида англиялик таниқли ҳимоячи, «Челси»нинг кўп йиллик сардори Жон Терри 35 ёшга тўлди. Кўринишидан камсуқум йигитга ўхшаш бу футболчи ҳаётида эса эсга олишга арзийдиган лаҳзалар етарлича топилади. Лекин шуниси қизиқки, Террининг фаолиятида ёрқин дамлардан кўра, шубҳали ва можароли вазиятлар кўпроқ туюлади. Бугун биз футболчининг худди шундай ғайриоддий «ҳунар»ларини ёдга оламиз.

Америкалик сайёҳларнинг  жаҳлини чиқариш

Ёш ва истеъдодли Терри ўсмирлик чоғларидаёқ нафақат футбол скаутлари, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотлар ходимларини ҳам жиддий «қизиқтириб» қолади. Аниқроғи, Жон 20 ёшлик пайтида икки ҳафталик иш ҳақи миқдорида жазога тортилади. Чунки маст ҳолатдаги Терри  Фрэнк Лэмпард, Жоди Моррис, Эйдур Гудьонсен ва Фрэнк Синклерлар ҳамроҳлигида аэропорт­да ўтирган америкалик сайёҳларни мазах қилади. Эътиборлиси, футболчилар буни 2001 йил 11 сентябрдаги мудҳиш терактдан сўнг амалга оширишганди. Кейинроқ барча футболчилар АҚШ фуқароларидан расман узр сўрашди.

Қўриқчини калтаклаш

Бир йилдан сўнг Терри навбатдаги жанжалга аралашиб қолди. Гап шундаки, футболчи дўстлари билан тунги клубларнинг бирида ҳордиқ чиқараётиб, қаттиқ маст бўлиб қолади. Кейин эса клуб қўриқчиси билан жанжаллашиб, уни ёмон сўзлар билан ҳақорат қилади. Бу ҳам етмагандек, бечорани роса дўппослайди. Шубҳасиз, бундай номаъқулчиликдан сўнг Жонни полициячилар ҳибсга олишади ва панжара ортига жойлашади. Тўғри, кейинроқ Терри барча айбловлардан озод қилинади ва озодликка чиқади. Лекин шу қисқа вақт ичида унинг футболдаги муваффақиятларига путур етади. Чунончи, тергов-суриштирув пайтларида у терма жамоадаги ўрнини йўқотиб қўяди.

Терри - «ногирон» ҳайдовчи

2002 йилга келиб, Терри анча ул­ғайиб, ўзига қимматбаҳо янги автомобиль - «Бентли» сотиб олади. Аммо олифта ўйинчи оддийгина эринчоқлик туфайли шундай обрўли «тойчоқ»­ни ногиронлар учун мўлжалланган жойга қўяди. Бунинг оқибатида у 60 фунт миқдорида жаримага тортилади.

Ҳакам билан тортишув

Жон 2006 йилнинг ноябридаги «Тоттенхэм»га қарши сафар ўйинида майдондан четлатилади. Шунда Терри захира ўриндиғи сари йўл олар экан, учрашув ҳаками Ледли Кинг шаънига ирқчиликка оид бўлмағур гаплар айтади. Кейинроқ эса таниқли Грэм Поллдек ҳакамни билимсизликда айблайди ва каттагина можаро туғилишига сабабчи бўлади. «Челси» вакиллари эса ҳар қандай ҳолатда ҳам ўз футболчиларини ҳимоя қилишларини айтиб, Жоннинг тарафини олишади. Лекин шунга қарамай, футболчи охир-оқибатда спортга хос бўлмаган хулқи учун 10 минг фунт миқдорида жаримага тортилади.

Мухлисаларнинг эътирози

Бугунги қаҳрамонимиз можароли вазиятларга шунчалик кўп аралашганки, баъзида уларнинг қайси бирини танлаб олишни ҳам билмай қолади киши. Аммо шуниси аниқки, Террининг энг ноқулай вазиятлари аёллар билан боғлиқ масалаларга тўғри келади. Жумладан, Жон ўзининг бўлажак турмуш ўртоғи билан 2000 йилда танишади ва жуфтлик орадан етти йил ўтганидан сўнггина кичиккина никоҳ базми орқали муносабатларни расмийлаштириб қўяди. Футболчи севгилиси - Тони Пул билан никоҳдан ўтиши олдидан антиқа баённома беради: яъни, у тўйигача Тонига камида саккиз марта хиёнат қилганини тан олади. Келинчакнинг матонатига қайил қолиш керакки, у шундай ҳолатда ҳам Жондан кўнгил узиб кетолмайди. Энг қизиғи, тўйдан бироз вақт ўтгач, «Челси»нинг 17 ёшли мухлисаси Женни Баркер Террини яна ОАВларнинг биринчи саҳифасига олиб чиқади. Қандай қилиб дейсизми? Гап шундаки, Жон мухлисани ўз «Бентли»сида сайр қилдириб келишга ундайди ва қизгинага тегажоқлик қилади. Албатта, бу - жабрланувчининг сўзлари ва шунчаки, шов-шув кўтариш учунгина ўйлаб топилган бўлиши ҳам мумкин. Лекин қуйироқдаги фактлар Жоннинг аёлларга суяги йўқлигини ҳам исботлайди...

Журналистлардан пора олиш

Навбатдаги масала ҳам қайсидир маънода футболчининг таржимаи-ҳолига «қора доғ» бўлиб ўтириб қолган. Аниқроқ айтсак, Терри ўз агенти Тони Брюс орқали чет эллик уч нафар журналистга ўзининг «Челси» базасига киришга ҳуқуқ берувчи рухсатномасини сотади. Ўша пайтлари 29 ёшга тўлган футболчи мухбирларни барчага пулдор ишбилармон дўстлари сифатида таништиради. Қолаверса, «ишбилармон жаноб»­ларни база ичкарисида сайр қилдирибгина қолмай, ҳатто Дидье Дрогба ва Михаэль Баллаклар билан таништириб қўйишга ҳам улгуради. Кейинроқ маълум бўлишича, Терри бу «саҳна кўриниши» орқали мухбирлардан 10 минг фунт пул ундирган экан.

Уэйн Бриджнинг рафиқаси

Улкан истеъдодга эга бўлган ҳимоячи 2006 йили Англия терма жамоасининг сардори этиб тан олинади. Лекин ЖАРдаги мундиал бошланиши арафасида у бирмунча вақт боғичдан айрилиб қолади. Бунга сабаб эса футболчининг яна бир жирканч ишга аралашиб қолганидир. Воқеага батафсил тўхталадиган бўлсак, 2010 йил бошларида Англиянинг бир қатор нашрлари Жон терма жамоадаги дўстларидан бири - Уэйн Бриджнинг кўзини шамғалат қилиб, унинг рафиқаси Ванесса Перронсель билан дон олишиб юрганини эълон қилиб юборади. Шундан кейин, аламзада Бридж бундай нобакор «дўст» билан бирга ўйнай олмаслигини айтиб, термадаги фаолиятини якунлайди. Лекин жамоанинг ички муҳити кескин ўзгариб кетишидан чўчиган Фабио Капелло 2011 йилнинг 12 мартида Террига сардорлик боғичини қайтаришга қарор қилади.

Гиёҳванд ота

2010 йили футболчининг отаси Тед Терри гиёҳванд моддаларни сотиш чоғида қўлга олинади. Тергов маълумотларига кўра, 56 ёшли катта Терри гиёҳванд қиёфасига кириб олган британиялик журналистларнинг бирига тунги клубда 160 фунт эвазига кокаин сотади. Бу эса табиийки, футболчининг обрўсига навбатдаги «қора доғ» тушишига сабаб бўлади.

Ирқчиликда айбланиш

«Челси» ҳимоячисининг узоқ йиллик фаолиятидаги яна бир можароли ҳолат 2011 йилнинг 23 октябрида, «Куинз Парк Рейнджерс» клубига қарши учрашув чоғида кузатилган. Бу ўйинда Жон Терри  Антон Фердинанд билан тўқнашиб кетади ва айтишларича, рақибини ҳақорат қила туриб, «қоравой» сўзини ҳам ишлатади. Шундан кейин эса Жон табиийки, ирқчиликда айбланади. «Терри иши» дунё миқёсида муҳокама қилинади. Аммо футболчининг ўзи барча айбловларни қуйидаги сўзлар билан рад этади: «Футболдаги фаолиятим мобайнида мени жуда кўп бўлмағур ишларда айблашди. Лекин шу пайтгача ҳеч ким мени ирқчиликда айбламаган эди. Чунки, ҳеч қачон бу қадар тубанликка борган эмасман!». Шунга қарамай, АФА Фабио Капеллога Террини сардорликдан маҳрум қилиш бўйича кўрсатма беради. Аммо ўжар мураббий бунга қарши чиқиб, охир-оқибатда лавозимидан бўшатилади. Терри эса терма жамоанинг тўртта ўйинидан дисквалификация қилиниб, 220 минг фунт миқдорида жаримага тортилади.

Бенитес билан жанжал

Бундан икки йилча муқаддам Британия нашрлари кутилмаган янгиликни маълум қилишди. Унда айтилишича, «кўклар» сардори бош мураббий Рафаэль Бенитес билан мушт­лашганмиш. Жанжалга эса АПЛ 27-туридаги «Манчестер Сити»га қарши ўйин сабаб бўлган. Ёдингизда бўлса, бу учрашувда лондонликлар ашаддий рақибларидан бирига 0:2 ҳисобида ютқазиб қўйишганди. Терри ва Рафаэль Бенитес эса ўйиндан сўнг камчиликларни кўриб чиқиш жараёнида тортишиб кетишади. Даҳанаки жанг эса кейинроқ ростмана муштлашувга айланади. Устоз ва шогирд чиндан ҳам муштлашганми-йўқми, буниси қорон­ғу. Лекин шу машмашадан сўнг испаниялик мутахассис «Челси»дан кетадилар.

А.Абдувалихўжаев тайёрлади

 
Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:33, 28.12.2015.
Ўқилди: 3937 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.