Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут 0-0 Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси 1-2 Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл 3-0 Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест 1-0 Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон 0-1 Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон 2-0 Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль 3-1 Лестер
28/12 00:30 Брайтон - Брентфорд
28/12 01:15 Арсенал - Ипсвич
28/12 19:00 Эмполи - Женоа
28/12 19:00 Парма - Монца
28/12 22:00 Кальяри - Интер

“Насаф” ПФК тақдирлаш маросимини ўтказди

Баҳо:
+ | -

Аввал хабар қилганимиздек 27 декабрь куни “Насаф” ПФК Қарши шаҳридаги муҳташам “Oazis” ресторанида танатаналли равишда тақдирлаш  маросимини ўтказди.

Ўзингизга маълумки, Қаршининг “Насаф” жамоаси ўтиб бораётган мавсумда ўз тарихида илк марта Ўзбекистон Кубоги соҳибига айланди. Ушбу совринни жамоа ўз тарихида бешинчи марта финалга чиқиб, қўлга киритди. Албатта бу жамоа барча-барчани қувончига қувонч шодлигига шодлик қўшди. Жамоа бу ютуқдан ташқари ўз тарихида саккизинчи марта бронза совринига ҳам эгалик қилди.

Бу совринларни қўлга киритиш учун “Насаф” ПФКнинг оддий ходимидан тортиб клуб раҳбарияти ва шунингдек клубнинг бош ҳоимийси бўлган “Шўртангазкимё” мажмуаси раҳбариятининг ҳам улкан ҳиссалари бор, уларнинг катта меҳнати  ва эътибори туфайли ана шундай катта муваффақиятга эришилди.

Танатанали маросимда Қашқадарё вилояти ҳокими Зафар Рўзиев билан бирга вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, бош ҳомий – “Шўртангазкимё” мажмуаси бош директори Одил Темиров бошчилигидаги мажмуанинг раҳбар ходимлари, “Насаф” ПФК раҳбарияти, мураббийлар, барча футболчилар, клубда меҳнат қилаётган маъсул ходимлар, Ўзбекистон ПФЛ директори Фарход Магомедов ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган бир гуруҳ таниқли журналистлар, клуб мухлислари ва кўпгина расмий кишилар иштирок этишди.

Тантанали маросим аввалида Қашқадарё вилояти ҳокими, сенатор Зафар Рўзиевга сўз берилди. Вилоят ҳокими “Насаф” футбол клуби раҳбариятини ва мураббийларни ҳамда барча футболчиларни  қўлга киритилган совринлар билан қизғин муборакбод этди. Жумладан: ” Қашқадарё вилояти аҳли сиз футболчиларнинг бу йилги мавсумда қўлга киритган ютуқларингиз билан фахрланади, шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, вилоятимизнинг бу йилги кўрсаткичлари ҳар йилгидан юқори бўлди, бу вилоятимизнинг ривожланиб бораётганини кўрсатади. Ана шу эришилган юқори кўрсаткичларда сиз азиз футболчиларнинг ҳам катта ҳиссаларингиз бор, яъни сизнинг ҳар бир ютуғингиз Қашқа воҳасида истиқомат қилиб, меҳнат қилаётган инсонларнинг кучига – куч, ғайратига – ғайрат қўшади, уларнинг янги марралар сари руҳлантиради. Умид қиламанки, келажакда сиз билан биргаликда бунданда юқори зафарларни қўлга киритамиз. Ана шундай ютуқларингиз билан аҳлимизни хурсанд қилаверинг”, – дейди вилоят ҳокими.

Вилоят ҳокими ўз сўзидан сўнг футболчларга ва клуб ходимларига вилоят ҳокимлигининг махсус совғаларини топширди.

Шундан сўнг сўз Ўзбекистон ПФЛ директори Фарход Магомедовга берилди, у киши “Насаф” ПФК футболчилари ва раҳбариятини бу йилга совринлар билан Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва ПФЛ номидан қизғин табриклади ҳамда футболчиларга кумуш медалларни тантанали равишда топширди.

Тақдирлаш маросимида “Насаф” ПФК томонидан ташкил этилган бир қанча номинациялар ўз соҳибларига топширилди. Номинантлар эълон қилинишидан аввал клуб матбуот хизмати томонидан тайёрланган видеороликлар намойиш қилиниб турилди.

“Жарима зарбалар қироли” номинацияси соҳиби, жамао сардори Артур Геворкян бўлди. Совринни Қашқадарё вилоят ҳокими муовини Ғайрат Жўраев топширди.

“Йилнинг энг яхши дарвозабони” соврини Элдорбек Суюновга, “Йилнинг энг яхши ҳужумчиси” соврини, жамоа тўпурари Илҳом Шомуродовга, “Йилнинг энг яхши ҳимоячиси” соврини Шерзод Аъзамовга, “Йилнинг энг яхши ярим ҳимоячиси” соврини Эркин Бойдуллаевга, “Йилнинг ихтироси” соврини Одилбек Ҳамробековга, “Йилнинг энг яхши ёш ўйинчиси” соврини Азиз Ғаниевга топширилди.

Танатанали кечада қўлга киритилган ютуқларга ўзларининг меҳнатлари орқали ҳисса қўшган кўпдан-кўп кишиларга совғалар ва ташаккурномалар ҳам топширилди. Ана шундай ташаккурномалар Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ёшлар мураббийи, ўзбек футбол журналистларининг устози, отахон футбол шарҳловчиси Ахбор Имомхўжаевга ва Тошкент шаҳридан ташриф буюрган бир гуруҳ журналистларга, Қашқадарё Телерадиокомпанияси журналисти Жаҳонгир Тўйчиевга, championat.asia футбол портали раҳбари – Нодир Юлдашевга, “Футбол шарҳи” телекўрсатуви муаллифи ва бошловчиси ҳамда футбол шарҳловчиси Зафар Имомхўжаевга, voha.uz Қашқадарё футбол мухлислари веб сайти бош маъмури Ренат Эрназаровга ва бошқаларга топширилди.

Тақдирлаш маросимида “Насаф” футбол клубининг бир гуруҳ фаол мухлислари ҳам махсус совғаларга эга бўлишди. Кечада мухлислар клуби етакчиси Ўктам Узоқовга ҳам сўз берилди. Ў.Узоқов жамоанинг қўлга киритган ютуқлари билан қизғин табриклаб, ўзлари тайёрлаб келишган совғаларни номинантларга топширишди.

“Насаф” ПФК мухлислар клубининг махсус совғалари миннатдорчилик рамзи сифатида клуб бош ҳомийси – “Шўртангазкимё” мажмуаси бош директори Одил Темировга, клуб бош менеджери Шамил Ярулинга, жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиевга, футбол шарҳловчиси, журналист Зафар Имомхўжаевга, voha.uz сайти бош маъмури Ренат Эрназаровларга топширилди.

“Насаф” мухлислар клуби бу йилги мавсумда бир овоздан “Йилнинг энг яхши ўйинчиси” сифатида жамоа ҳимоячиси Шерзод Аъзамовни танлашди, тантанали кечада “Насаф” мухлислар клуби етакчиси Ўктам Узоқов Шерзод Аъзамовга шу муносабат билан махсус совғани тантанали равишда топширди (Ш.Аъзамов билан қисқача интервьюни сайтимизнинг кейинги саҳифаларида ўқийсиз – муаллиф шарҳи).

Тантанали кечанинг энг ҳаяжонли дақиқаси сифатида, “Насаф” футбол клуби раҳбарияти томонидан маҳрум Нуриддин ака Зайниевни хотирлаш бўлди. Тақдирлаш маросими қатнашчиларига у кишининг клуб билан боғлиқ ҳаёти тўғрисида махсус видеоролик кенг экранда намойиш этилди. Ушбу видеороликни ҳамма ўринларидан турган ҳолда томоша қилишди ва намойишдан сўнг залда давомли гулдурос қарсаклар янгради.

Кутилмаган бу ҳолат кўпчиликни ларзага солди десак, муболаға бўлмайди. Буни кўриб, марҳум Нуриддин ака Зайниевнинг порлоқ хотираси барча воҳа аҳли қалбида ҳали узоқ вақтлар яшашлигини беихтиёр фикр қилдик.

Намойишдан сўнг “Насаф” клуби бош менеджери қуйидаги фикрларни билдирди “Марҳум Нуриддин аканинг порлоқ хотираси қалбимизда мангу ўрин эгаллаган бўлсада, у кишини мана шундай қувончли кунларимизда ҳам эсламасак менимча ўринсиз бўлади. Нуриддин Зайниевичдек футболга фидойи инсонни менимча нафақат биз, балки бутун мамлакатимиз футбол ишқибозлари ҳам ҳурмат қилишади. У кишининг айниқса “Насаф” футбол клубининг шаклланишида қилган меҳнатлари беқиёсдир. Нуриддин аканинг порлоқ хотираси ҳамиша қалбимиздадир. Биз ҳамиша у кишининг ёнимиздагидек ҳис қиламиз, ўйлайманки ютуқларимиз у кишининг ҳам руҳларини шод қилади”.

Шундан сўнг жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев ҳам сўз сўради, “Бизнинг бугунги ютуғимизда “Нуриддин аканинг жуда катта ҳиссалари бор, у киши “Насаф” футбол клубининг профессионал даражага чиқишида пойдевор қўйган инсондирлар, Нуриддин аканинг бевосита ғамхўрлиги ва берган кўрсатмалари эвазига “Насаф” жамоаси  мана шундай жанговор руҳга эга бўлди. Бу руҳ “Насаф”да ҳеч қачон йўқолмайди”.

Кечада клуб раҳбарияти томонидан  миннатдорчилик рамзи сифатида тайёрланган махсус совға марҳум Нуриддин ака Зайниевнинг оиласи вакили (укаси) Илҳом Зайниевга топширилди. Шундан сўнг Илҳом Зайниев сўз олиб, жумладан шундай деди: “Аввалам бор оила-аъзоларимиз номидан клуб раҳбариятига катта ташаккуримизни изҳор қиламан, Нуриддин акам барчамизга “Насаф”га қандай мухлислик қилишимизни ўргатиб кетдилар, у киши то жон таслим қилгунларича фақат “Насаф” дедилар, у кишининг ёнига, касалхонада даволанаётган пайтлари борганимда салом аликдан сўнг бирдан сўраган нарсалари “Насаф” ҳақида бўлар эди, шундан сўнг бошқалар ҳақида сўрар эдилар, афсуски у киши “Насаф”нинг мана шундай катта ютуқни қўлга киритганини кўрмай кетдилар, кўрганларида қандай қувонишларини тасаввур қиламан. Келинг ҳаммамиз у кишидек “Насаф”га содиқ мухлис бўлайлик, севикли жамоамизнинг бундан катта ютуқларни қўлга киритишида елкадош бўлайлик”.

Тантанали маросимда бир гуруҳ санаткорлар кеча қатнашчилари хизматида бўлишди.

Cуратлар муаллифи Сардор Нуров.

Манба: fcnasaf.uz
Киритилди: 11:53, 28.12.2015.
Ўқилди: 4191 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.