Кириш Регистрация
09/10 14:10 Австралия - Хитой
09/10 19:00 Ўзбекистон - Эрон
09/10 19:00 Иордания - Жанубий Корея
09/10 21:00 Баҳрайн - Индонезия
09/10 21:00 Қатар - Қирғизистон
09/10 21:00 Уммон - Кувайт
09/10 21:00 БАА - КХДР
09/10 23:00 Ироқ - Фаластин
09/10 23:00 Саудия Арабистони - Япония
10/10 05:00 Перу - Уругвай

АПЛ. Марказий ўйинда ҳисоб очилмади

Баҳо:
+ | -

Англия Премьер-лигасининг 19-тури доирасида марказий ўйин якунланди. "Манчестер Юнайтед" ва "Челси" ўртасидаги учрашувда ҳисоб очилмади. Аммо бу ўйиннинг зерикарли бўлганини эслатмайди. Асло.

Олдинга ўтиб шуни айтиш мумкинки, кўпчилик бу ўйиннинг зерикарли ўтишини кутганди. Боиси, Луи ван Гал шогирдларининг сўнгги бир нечта ўйинлари жуда суст кўринишда бўлган бўлса, Хиддинк ҳали "Челси" ўз услубини жорий қилишга улгурмаганди.

Баҳснинг 2-дақиқасидаёқ мухлислар тўп дарвоза тўсинини қай тариқа ларзага келтирганига гувоҳ бўлишди. Руни томонидан етказилган узатмани Мата жарима майдончаси ичида қабул қилди ва 15 метрлардан зарба йўллади. Куртуа тўпга ета олмаганди, фақатгина дарвоза тўсини "Челси"ни голдан қутқариб қолди.

Орадан 3 дақиқа ўтиб лондонликлар хавфлилик даражаси бундан кам бўлмаган вазият билан жавоб қайтаришди. Бурчакдан етказилган узатмани Терри бош билан дарвоза томон йўллади. Тўсин остига кираётган тўпни Давид де Хеа дарвоза устига кўтариб юборишга муваффақ бўлди.

Орадан бир неча дақиқа ўтиб "Олд Траффорд" яна бир марта тўп ва устун тўқнашувига гувоҳ бўлди. Бугунги ўйинни жуда фаол ўтказган Марсиал чап қанотдан Ивановичдан ўтиб кетиб жарима майдончасига кирди ва зарба берди. Тўп яқин устунга тегди, нариги устун ёнидан ўтиб, майдонни тарк этди...

Иккинчи бўлимни "Челси" фаол бошлади. Азар жарима майдончаси ташқарисида футболчиларни чалғитиб, Педрога узатма берди. Педро жарима майдончасига кирди ва зарба берди. Де Хеа тўпни ён томонга қайтарди. Виллиан етиб келиб, ўткир бурчак остида зарба берди. Давид бу сафар оёғи билан қайтаришга муваффақ бўлди.

Орадан бир неча дақиқа ўтиб Луи ван Гал шогирдлари дарвозани ишғол қилишга жуда яқин келишди. Марсиал чап қанотдан дарвозабон майдончасига узатма берди. Эррера 3 метрдан берган зарбани Куртуа қайтарди!

Матич эса мезбонлар ва Луи ван Галга раҳми келди шекилли, жуда қулай вазиятни кўкка совурди. Бурчак тўпи ўйинга киритилган вазиятда меҳмонлар қарши ҳужумга ўтишди ва Педронинг узатмасидан кейин Матич бирга бир вазиятга чиқди. Аммо кучли зарба билан тўпни юқорига тепиб юборди.

Хавфли вазиятлар бўйича жамоалар бир хил кўрсаткич қайд этишаётган эди. Ўйин сўнгида "МЮ" ғалабани илиб кетиши мумкин эди. Бортвик-Жексон чап қанотдан етказган узатмасини Руни дарвозабон майдончси ичида дарвозага бура олмади. Тўп юқорига кўтарилиб кетди.

Хавфли вазиятларга бой бўлган ўйинда ҳисоб очилмади. Табиийки, бу натижа ҳар иккала жамоани қаноатлантирмади. Бугунги ўйин ва натижа Луи ван Галнинг тақдирига қандай таъсир кўрсатади, ҳозирча бу ҳақда аниқ фикр айтиш қийин.

АПЛ, 19-тур
Манчестер Юнайтед – Челси 0:0 (0:0, 0:0)
Манчестер Юнайтед – Де Хеа, Блинд (Джонс, 81), Смоллинг, Дармиан (Бортуик-Джексон, 70), Мата (Депай, 77), Янг, Шнайдерлин, Швайнштайгер, Эррера, Марсьяль, Руни.
Челси – Куртуа, Зума, Аспиликуэта, Иванович, Терри, Азар, Педро, Оскар (Лофтус-Чик, 90), Матич, Виллиан (Рамирес, 70), Оби Микел.
Огоҳлантиришлар: Оби Микел (27), Шнайдерлин (30), Смоллинг (39), Азар (72), Швайнштайгер (81), Руни (90).

Манба: stadion.uz
Киритилди: 00:24, 29.12.2015.
Ўқилди: 4408 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.