"Барселона" жамоаси ҳужумчиси Лионель Месси Испания чемпионати 17-тури доирасида "Бетис"га қарши бўлиб ўтадиган ўйинда майдонга тушса, ўзига хос натижани қайд этади.
Гап шундаки, 28 ёшли аргентиналик ҳужумчи "каталонияликлар" таркибидаги 500-учрашувини ўтказади. Лионель Месси "Барселона" сафида 500 ва ундан ортиқ учрашувларни ўтказган афсоналар - Андрес Иньеста, Хави, Виктор Вальдес, Карлес Пуйоль ва Мигели қаторига қўшилади.
Маълумот ўрнида, Лионель Месси "каталонияликлар" либосида ҳозиргача ўтказилган 499 ўйинда 424 та гол киритишга муваффақ бўлган. 2004 йилдан буён "Барселона"да тўп суриб кетаётган аргентиналик футболчи барча турнирларда 26 маротаба ғолиб бўлган. Шунингдек, Месси 4 карра "Олтин тўп" соҳибига айланган. Тез кунларда Месси яна бир бор ушбу мукофотга эга чиқиши таҳмин қилинмоқда.
Таъкидлаш жоиз, "Барселона" - "Бетис" учрашуви 30 декабрдан 31 декабрга ўтар кечаси, 00:30 да бўлиб ўтиши режалаштирилган.