Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

“Қизилқум” Янги йил байрамини тантана қилди

Баҳо:
+ | -

Куни кеча Навоийдаги “Қизилқумцемент” ҳиссадорлик жамияти сиҳатгоҳида “Қизилқум” футбол клуби аъзолари Янги йил байрами муносабати билан жам бўлдилар. Унда нафақат “Қизилқум” жамоаси аъзолари, балки “Гули” футболчи қизлари, вилоят раҳбарлари, хомийлар ва бошқа кўплаб меҳмонлар қатнашдилар.

Тантана аввалида Навоий вилоят ҳокими, вилоят футбол федерацияси президенти Эркинжон ТУРДИМОВсўзга чиқди ва йиғилганларни байрам билан табриклади.

—                 “Қизилқум” жамоаси икки йил олдин миллий чемпионатимизни ўн биринчи поғонада якунлаган эди, — деди Эркинжон Оқбўтаевич. — Бу йил эса футболчиларимиз мавсумни ўнинчи поғонада ниҳоясига етказди. Агар шу тарзда ўсишга эришиладиган бўлса, “Қизилқум”нинг чемпионлигини яна тўққиз йил кутишга тўғри келаркан. Мамлакатимида шахсан Юртбошимиз ташаббуслари билан миллионлар ўйини жадал оммавийлашиб, ривожланиб бормоқда. Навоийда миллий чемпионатимизда совринли ўринлар учун курашадиган жамоани шакллантириш учун барча шарт-шароитлар етарли. Ўтган мавсумнинг иккинчи ярмида Навоийда “Ёшлар” спорт мажмуасида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. Айниқса, мазкур спорт иншооти яшил майдонининг юқори сифатли майса билан қопланганлиги нафақат футболчиларни, балки мухлислар кайфиятини ҳам кўтариб юбориши табиий. Бундай стадионда кучли ва ҳар жиҳатдан шаклланган жамоалар футбол ўйнаши лозим. Шундай экан, биз футболчиларимиздан чиройли футбол ва юқори натижалар кутадиган пайт келди, деб ўйлайман.

—                  Бундан бир неча йил олдин “Қизилқум” жамоаси олий лигадан тушиб кетмаса бўлди, деган ҳадик билан мавсум охирини кутардик, — дейди Навоий кон-металлургия комбинати касаба уюшмаси раиси Исроил Раҳматов. — Мана аста-секин жамоа аъзолари чемпионатда ўз ўйинларини топиб боришмоқда. Энди футболчиларимизнинг совринли ўринлар учун курашадиган фурсати етди. Барчангизни кириб келаётган Янги — 2016 йил билан табриклар эканман, сизларга бир хушхабарни етказиб қўймоқчиман. “Қизилқум” жамоаси аъзоларига келаси мавсум олдидан хорижий русумдаги янги ва  замонавий автобус тақдим қиламиз.

—                 “Қизилқум” жамоасини молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда кўмаклашаётганимиздан хурсандмиз, — дейди “Қизилқумцемент” ҲЖ раиси Рустам Айходжаев. — Футболчиларимиз чемпионат кучлилари сафига қўшилса бундан бошимиз осмонга етарди. Жамоамизнинг кўпсонли мухлисларимизни қувонтирадиган ўйинлар намойиш этиши учун зарур шарт-шароитларни яратиб бериш учун бор имкониятимизни ишга соламиз.

Тадбирда вилоятнинг бир гуруҳ хонандалари ўзларининг дилтортар куй-қўшиқлари билан йиғилганлар кўнглини шод этди. Айниқса, “Қаҳ-қаҳа” қизиқчилар гуруҳи чиқишлари байрам файзига янада файз қўшди.

Манба: fcqizilqum.uz
Киритилди: 17:35, 30.12.2015.
Ўқилди: 5576 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.