Машҳур инсонларнинг шахсий ҳаётларига қизиқмайдиган инсонлар камдан-кам учрайди. Айниқса футболчиларнинг шахсий ҳаётларига қизиқувчилар жуда кўп. Биз тўплаган маълумотларимиз орқали жаҳонга машҳур бўлган бир қатор футболчиларнинг никоҳ тўйлари қандай ўтганлиги ҳақида маълумот бериб ўтишни жоиз деб топдик. Агарда бу сизни қизиқтирса мақолани ўқишни тавсия қиламиз. Мабодо буни бачканалик ёки вақт кетказишга арзимайди деб ҳисобласангиз ўқимаганингиз маъқул.
Хоҳлаган услубда гол кирита оладиган Швеция терма жамоаси ва «ПСЖ» клуби ҳужумчиси Златан Ибрагимович 2005 йилда ўзидан 11 ёш катта бўлган Хелена билан турмуш қуради. Бир пайтлари Хелена Швециянинг энг таниқли моделларидан бири бўлган, аммо кейинчалик Златаннинг талаби билан ўзининг ёрқин фаолиятидан воз кечган. Ибрагимович ўз оиласини ниҳоятда қадрлайдиган футболчилар тоифасига киради.
Голландиялик собиқ форвард Рууд Ван Нистелрой 2004 йилнинг 10 июльида ўзи туғилиб ўсган Голландиянинг жанубидаги Геффен шаҳарчасида бўйдоқлик ҳаёти билан хайрлашди. Шу куни футболчи ўзининг суюклиси Леонтин Слаатс билан оила қурди. Рууд ва Леонтиннинг никоҳ маросими Геффендаги Мария Магдалена черковида расман ўтказилди. Ёш келин-куёвни шаҳар ратушаси ёнида тўпланган юзлаб фанатлар олқишлади. Ван Нистелрой бу ерда маҳаллий мухлисларнинг кумири эди. Никоҳ маросимига таклиф этилганлардан бири Ван Нистелрой ўша пайтларда тўп сурган «МЮ» бош мураббийи сер Алекс Фергюссон эди. Шунингдек, голландиялик голеадор миллий терма жамоадаги бир нечта ўртоқларини ҳам таклиф этди. Меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш учун футболчи бир неча қўриқчилардан иборат махсус гуруҳни ёллади. Маросим якунлангач, келин-куёв анъанага кўра, асал ойини ўтказиш учун бирор-бир экзотик орол ёки мамлакатга кетишмади, балки футболчи Хиш номли қўшни қишлоқдан 555 мимг фунт эвазига сотиб олган улкан уйга кўчиб ўтишди.
Камерунлик ҳужумчи Самуел Это’О жуда эрта 20 ёшида Жоржетт исмли мулат аёлига уйланди. Самуел тўйи билан боғлиқ бўлган тавфсилотларни анча пайт сир сақлаган.
«Ювентус» афсонаси Алессандро Дел Перьо 2005 йилнинг ёзида ўзидан 3 ёш кичик бўлган сотувчи қиз Соня Аморузо билан оила қурди. Никоҳ маросими «А» серияда мавсум якунлангач июнь ойида Туриндаги Сан-Крато черковида 12 киши иштирокида ўтказилди. Маросим якунлангач, улар асал ойини ўтказиш учун Полинезияга учиб кетишган.
Бир пайтлар келажаги порлоқ футболчи сифатида жавлон урган бразилиялик Алешандро Пато 2009 йилнинг 10 июль куни суюклиси Стефани Брито билан расмий никоҳдан ўтди. Никоҳ маросими Рио-де-Жанейродаги маҳаллий черковлардан бирида ўтказилди, Тўй шодиёналари эса шоҳона ясатилган Копакабана саройида бўлиб ўтди. Келин-куёвни қутлаш учун бу эрга 600 га яқин меҳмон ташриф буюришди. Нуфузли меҳмонлар орасида Бразилия президенти Игнасио Лула, Патонинг терма жамоадаги дўстлари Роналдиньо ва Кака ҳамда «Милан»да биргаликда қисқа муддат тўп сурган шериклари Кафу ҳамда Девид Бекхемларни учратиш мумкин эди. Шунингдек Милан шаҳридан «Россонери» президенти, Италия бош вазири Силвио Берлускони ва клуб техник директори Ариедо Брайдо ҳам футболчи билан рафиқасини табриклаш учун Риога ташриф буюришди. Пато маросимни ўтказиш учун 1 млн. евро сарфлади. Бу ҳодиса бутун мамлакатда катта қизиқиш уйғотди. Унга ташриф буюришни хоҳлаган кишилар ва маросимни ёритиш истагида бўлган ОАВ талайгина эди. Аммо матбуот вакиллари бу маросимга киришга рухсат этилмади. Маросимни фотосуратга тушириш ҳуқуқларини Dolce&Gabbana компанияси қўлга киритди. Бироқ бу оиланинг тақдири узоққа чЎзилмагани анча ачинарли холатдир.
Голландиялик ярим ҳимоячи Уэсли Снейдер 2005 йилнинг 18 июнь куни Рамона исмли аёл билан оила қурди. Афсуски 2009 йилнинг 21-январида улар ажрашишди.
Жаҳон чемпионатлари тарихидаги энг сермаҳсул футболчи германиялик Мирослав Клозе2004 йилда ўз тақдирини гўзал немис қизи Силвия билан боғлади. Миро ҳам тўйи ҳақидаги тавсилотларни сир тутган.
Италиялик «шерюрак» футболчи Женнаро Гаттузо 2004 йилнинг декабрь ойида Миланда Моника Романо билан оила қурди. Тўй кичик даврада, келин-куёвнинг фақатгина яқинлари иштирокида ўтказилди ва кенг жамоатчиликдан сир тутилди.
Аргентиналик форвард Эрнан Креспо 2005 йилнинг 16 майида севгилиси от спорти тури бўйича бир неча мусобақалар ғолиби Алессия Росси билан турмуш қурди. Креспонинг никоҳ тўйи кенг тарзда ўтказилди ва маросимга ташриф буюрган 250 га яқин меҳмонлар орасида футболчининг барча жамоадошлари, клуб вице-президенти Адриано Галлиани ва мураббий Карло Анчелоттилар бор эди. Ўша пайти у «Милан» жамоасида тЎп сурар эди.
Италиялик Антонио Кассано мундиалдан четда қолгач 2010 йилнинг июлида сув полоси бўйича Италия терма жамоаси аъзоси Каролина Марчиалис билан турмуш қурди. Никоҳ маросими Италиянинг энг романтик гўшаларидан бири Портофина кўрфазида келин-куёвнинг яқин инсонлари даврасида ўтказилди. Маросим ўтказилган маҳалла черковга кириш жойини футболчи томонидан тайёрланган 500 дона атиргул безаб турарди. Тўйини ўтказиб олгач, Кассано рафиқасини олиб асал ойини ўтказиш учун Таити оролларига йўл олди. Бу ерда футболчи бир хафта давомида ҳаёт ташвишларини унутиб, мириқиб дам олди ва янги мавсумга куч тўплаб қайтди.
Давоми бор….
Юсупов Фурқат