Гарчи туркиялик ярим ҳимоячи Арда Турон жорий йилнинг июль ойи бошларида расман «Барселона» аъзосига айланган бўлсада, УЕФА жорий этган санкциялар туфайли каталонияликлар сафида майдонга тушолмади. Унга ижара асосида «Галатасарой»да ўйнаш имконияти тақдим этилди, лекин футболчи Испанияда қолишни маъқул кўрди. Тинмай шуғулланиб, шу тариқа шериклари билан ўзаро тил топишиб олишни мақсад қилди. Хўш, иқтидорли ўйинчи футболсиз ўтган ярим йил давомида нималар билан шуғулланди? Қуйидаги мақола орқали ушбу саволга жавоб топишга уринамиз.
УЕФАдан марҳамат кутди
«Барселона» турли йўллар билан УЕФА тақиқидан қочишга уринди. Алькантаранинг оғир жароҳатидан сўнг каталонияликлар Туронни «заявка»га киритиш учун рухсат сўрашди. Бу ишга Туркия футбол федерациясини аралаштиришга интилишди, аммо бу уринишлар бесамар якунланди: Арданинг илтимоси рад этилди.
«10»дан воз кечди
«Туркия термасида 14-рақамда ўйнайман, чунки отам Кройфнинг ашаддий мухлиси эди. «Атлетико»да эса «10»ни беришди. «Барселона» билан шартнома имзолаганимдан сўнг, Месси агар хоҳласам, ушбу рақамни менга бериши мумкинлигини айтди», - деди Турон. Аргентиналик юлдузнинг ҳамон 10-рақам остида майдонга тушаётганидан мазкур масала қандай ҳал этилганини англаш қийин эмас.
Суперкубокни ушлаб кўрди
«Барселона» Туронсиз Европа суперкубогини қўлга киритди. «Севилья»ни 5:4 ҳисобида таслим этилган баҳсда Арда ўйнаш ҳуқуқига эга эмасди. Шунга қарамай, кубок ва медаль билан суратга тушишга улгурди.
Юртида йил кишисига айланди
Ўйин амалиётисиз қолиши Туроннинг Туркияда 2015 йилнинг энг эътиборга лойиқ кишиси номига сазовор бўлишига тўсқинлик қилмади. Унга мукофотни туркиялик машҳур баскетболчи Ҳидоят Туркоглу топширди.
GQ муқовасида пайдо бўлди
Йил кишисининг номи айнан шу номдаги журнал ўтказган сўровдан сўнг аниқланди. Демак, муқовадан «Барселона» хавбекининг сурати ўрин олганини тўғри тушуниш мумкин. 2014 йилда Турон ушбу нашрнинг биринчи саҳифасини энг яхши спортчи сифатида безаганди.
Аҳил жамоага қўшилди
Турон «Барселона» футболчилари билан тезда чиқишиб кетди. Хусусан, Неймар ва Дани Алвес туркиялик футболчи ҳамроҳлигида тез-тез суратга тушишади.
Махсус турнирда иштирок этди
Сир эмаски, Play Station спорт симуляторлари аксарият футболчиларнинг ҳаётида алоҳида аҳамият касб этади. Хусусан, «Барселона»да бу борада махсус турнир ўтказилиб, унда Турон, Алвес ҳамда Браво учлиги Неймар, Тер Штеген ва Альба триосига қарши баҳс ўтказишди. Унда Арданинг жамоаси 0:4 ҳисобида ютқазди.
БАТЭнинг устидан кулди
Туронга ўйнаш мумкин эмас, аммо стадионга киришига ҳеч ким қаршилик қилолмайди. «Камп Ноу»да туркиялик футболчининг рафиқаси ва дўстларини тез-тез учратишди. БАТЭ билан ўйинни эса у Месси ҳамроҳлигида кузатди.
Бир талай интервью берди
Журналистлар Ардадан тез-тез фикр сўрашади. Турон майдонга чиқмади, аммо эксперт сифатида кўплаб интервьюларни берди.
Реклама ролигида қатнашди
Шина ишлаб чиқарувчи Lassa Tyres компанияси «Барселона»нинг расмий ҳамкорларидан бири саналади. Ушбу фирма Турон иштирокида бир нечта реклама роликларини ишлади.
Кучли юзликка кирди
Fourfourtwo.com ўтказган сўровда Турон 62-ўринни эгаллади. Жамоадошлари орасида ундан юқори ўринлардан Альба (57), Пике (35), Бускетс (21), Иньеста (15), Ракитич (12), Суарес (5) ҳамда Неймар (3) жой олишди. Албатта, биринчи ўрин Мессига насиб қилди.
Евро-2016 чиптасини қўлга киритди
Туркия термаси қитъа чемпионати саралашининг сўнгги ўйинларини юқори кайфиятда ўтказиб, бешта ўйиннинг тўрттасида ғалаба қозонди. Турклар Турон бошчилигида Голландияни мусобақадаги иштирокдан мосуво этишди. Арда саралаш баҳсларида 2та гол уриб, шерикларини 5та самарали «пас» билан таъминлади.
Маош олди
Туроннинг йилига 11,7 млн. евро олиши кўзда тутилган. Арда шуғулланяпти, вақтини чоғ ўтказяпти, рекламаларда кўриниш беряпти ва буларнинг бари учун маош ҳам оляпти. Футболсиз ўтган 5 ой мобайнида туркиялик ярим ҳимоячининг ҳамёни 4,8 млн. еврога бойиди.
Sports.ru - А. ҚОДИРОВ тайёрлади