Профессионал бокснинг саккиз вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони филиппинлик 37 ёшли Мэнни Пакьяо 2015 йилнинг кузида профессионал фаолиятини мағлубиятсиз якунлаган америкалик 38 ёшли Флойд Мейвезер билан реванш жангини ўтказиш бўйича таклиф беришда давом этмоқда. Бу ҳақда Boxingscene.com хабар қилган.
Филиппинлик спортчининг сўзларига кўра, у Мейвезер билан жанг ўтказишдан олдин ҳам реванш ҳақида гапирганди.
“Мен Мейвезер билан реванш жанги юзасидан гаплашдим. Унинг жавоби оддий – мен 21 йиллик фаолиятимни якунладим. Менимча, бундай савиядаги боксчи фаолиятидаги сўнгги жангини оддий рақиб билан ўтказиб, якунламаслиги керак. Мен реванш жанги учун ҳам фаолиятимни тугатмай тураман”, — деди Мэнни Пакьяо.
Филиппинлик боксчи 9 апрель куни ўзининг навбатдаги жангини Тимоти Брэдлига қарши ўтказади. Ушбу жанг Пакьяо учун фаолиятидаги сўнгги жанг бўлади. Лекин Мейвезер фикрини ўзгартирса, бокс мухлислари яна бир бор “аср жанги”га гувоҳ бўлишади.
Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 2 май кунида Мэнни Пакьяо ва Флойд Мейвезер ўртасида жанг ўтказилган ва бу жанг "бокс тарихидаги энг ёрқин жанглардан бири" бўлганди. 12 раунд давом этган жанг сўнггида ҳакамлар очколар ҳисоби бўйича америкалик спортчи ғалабасини эълон қилишганди. Бу жанг орқали Пакьяо 120 млн, Мейвезер эса 180 млн доллар ишлаб олганди.