Кеча кунига икки маҳал машғулот ўтказган жамоамиз аъзолари бугун бир маҳаллик машғулот билан чекланишди.
Дастлабки кунлардаги машғулотларда асосий эътибор футболчиларнинг жисмоний ҳолатини яхшилашга эътибор қаратилган машқларга берилганди. Бу сафар эса футболчилар майдонда кўпроқ тўп билан ишлашди. Жамоада рўй бераётган ўзгаришлар хусусида гап кетганида, мураббийлар штабига Шуҳрат Мирхолдиршоевни қўшилганлигини қўшимча қилиш жоиз. Жароҳат туфайли футболчилик фаолиятини якунлашга мажбур бўлган маҳоратли ҳужумчи эндиликда Рашид Ғофуровга ёрдам бермоқда.
Таркибдаги ўзгаришлар хусусида гап кетганида, жамоамиз сафига бугунги машғулот чоғида ўтган мавсумни Қаршининг “Насаф” клубида ўтказган наманганлик ярим ҳимоячи Акрам Баҳриддинов, Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасидан Зокир Нурматов ва олдинги мавсумларда жамоамиз шарафини ҳимоя қилган футболчи Абдуазиз Султанов ҳам қўшилди. Бундан ташқари, йиғин бошланган куни жамоамиз машғулотини кузатган ҳужумчи Мўйдин Мамазулумов ҳам бугундан машғулотларда қатнашишни бошлади. Шунингдек, яна бир ҳужумчи Даврон Исоқов ҳам таркибдан жой олди. Бугун ўтказилган машғулотда ҳаммаси бўлиб 31 нафар футболчи иштирок этганлигини айтиб ўтиш жоиз.