- Неймарни энг яхши футболчилар билан таққослаш жуда қийин. Ахир унда камчиликлари ғоят кўп. Бразилия футболининг айни пайтдаги ишонган юлдузига қаратилган бу «мақтов» унинг юртдоши Пелега тегишли. Ҳа, жаҳон футболи афсонаси бўлажак афсонага қарата оғриқли зарбалар йўллашдан чарчамаяпти. Ваҳоланки, Неймар ҳозирга келиб, «Барселона»да ўз ўрнини топиб улгурди. У бежиз еврофутболдаги асосий юлдузлардан бири сифатида тилга олинмаяпти. Иккинчи томондан, Пелени ҳам тушуниш мумкин. Зеро, Неймар Европа майдонларида кўзларни қамаштирадиган даражада ҳаракатланаётган бўлсада, Бразилия терма жамоасида ҳали ўз сўзини баралла айтганича йўқ. Футбол афсунгарлари юрти миллий жамоасининг йирик турнирлардаги натижалари бунга асос. Қизиқ, футбол қироли ўз ҳамюртини пастга уриш билан нимани кўзлаяпти? У шу йўл орқали Неймарни янада фаолликка чорламоқчими ёки чиндан ҳам, ёрқин истеъдодни тан олмаяпти? Эҳтимол, Пеле Бразилия футболида ўзига тегишли «Биринчи раҚам» мақомидан айрилишни истамаётгандир (тўғри, Неймарнинг Пеле даражасига чиқишига ҳали анча бор). Бир нима дейиш қийин. Келинг, яхшиси, футбол қиролининг турли вақтларда Неймар ҳақида айтган гапларига назар солайлик.
- Барча ўйлайдики, Неймар терма жамоадаги муаммоларни ҳал этишга қодир. Аммо у ҳали бундай вазифага тайёр эмас. Айни пайт унинг асосий муаммолари - мода ва соч турмаги.
2013 йил февраль
- Неймарнинг «Сантос» тарихидаги иккинчи яхши футболчи эканлиги хусусида берилган тасдиқ озгина аҳмоқликдир. У кучли учликда ҳам эмас. Дейлик, Васконселос ва Коутиньо ҳам Неймардан яхшироқ бўлишган.
2013 йил август
- Терма жамоада етакчилик мақомини Неймарга ишониб топшириш ярамайди. Бу ролга яхшиси, Фред ёки Тьяго Сильвани танлаш керак. Зеро, уларда жонкуярлик хислати бор.
2014 йил май
- Неймар мени ортда қолдиради, деб ўйламайман. Умуман, фикримча, янги Пеле бўлиш - бу бажарилмас вазифа. Ахир ота-онам дунёга бошқа фарзанд келтиришмайди.
2015 йил март
- Неймар яхши футболчи. Бироқ у ҳаёти давомида боши билан нечта гол урди? Уни қойилмақом футболчи сифатида таърифлаш мумкинми? Шубҳасиз, аммо Васконселос (Пеленинг «Сантос»даги собиқ жамоадоши) Неймардан 100 карра яхши ўйнарди. Бунга ҳеч қандай шак-шубҳа йўқ. Дейлик, Неймар майдонда соф ҳужумчи ролини бажаради, лекин орқада умуман ишламайди, ўзи вазиятлар яратмайди, тўпни олдинга олиб ўтолмайди. Қисқаси, камчиликлари шу қадар кўпки, уни энг яхши футболчилар билан таққослаш қийин.
2015 йил декабрь