Кириш Регистрация
19/11 17:00 Хитой - Япония
19/11 17:00 Индонезия - Саудия Арабистони
19/11 17:00 КХДР - Ўзбекистон
19/11 19:00 Фаластин - Жанубий Корея
19/11 19:00 Қирғизистон - Эрон
19/11 21:00 Уммон - Ироқ
19/11 21:00 БАА - Қатар
19/11 23:15 Баҳрайн - Австралия
19/11 23:15 Кувайт - Иордания
20/11 01:00 Боливия - Парагвай
20/11 04:00 Колумбия - Эквадор
20/11 05:00 Аргентина - Перу
20/11 05:00 Чили - Венесуэла
20/11 05:45 Бразилия - Уругвай

Воҳид Шодиев:«Зиммамга катта масъулият юкяланяпти»

Баҳо:
+ | -

«Бунёдкор» ҳужумчиси Воҳид Шодиев Малайзия суперлигаси вакили  «Перак» клуби билан эркин футболчи сифатида шартнома имзолаганди. Унинг янги жамоаси билан келишуви икки йилга мўлжалланган ҳамда 2017 йилнинг охиригача амал қилади. Шодиевнинг янги клубидаги дебюти омадли чиқди. «Фелчра» клубига қарши кечган ўртоқлик учрашувида «Перак» 2:1 ҳисобида зафар қучди, голларнинг бири айнан ҳамюртимиз ҳисобига ёзилди. Шу ўринда «Перак» ҳақида қисқа маълумот. 2015 йилги чемпионатда ушбу клуб 12 жамоа орасида 8-ўринни эгаллаган. Ассоциация кубогида чорак финалда тўхтатилган. Малайзия кубоги баҳсларида эса гуруҳда қолиб кетган. Клуб раҳбарияти бу муваффақиятсизликлардан сўнг хорватиялик мутахассис Виеран Шимунични истеъфога чиқарди. Унинг ўрнига футболчилик даврида «Перак»да узоқ йиллар тўп сурган Шамсул Саадни тайинлади. Малайзияда янги мавсум 13 февраль куни бошланади. Айни пайтда мавсумга тайёргарлик давом этяпти. Биз навбатдаги кунги машғулотлардан сўнг Воҳид Шодиевдан интервью олдик. 

- Суҳбатимиз аввалида ўтган мавсум якунлари ҳақида фикрингизни билмоқчи эдим. «Бунёдкор» жамоаси ва шахсан ўзингиз учун мавсум қандай келди?

- Очиғи, мавсум «Бунёдкор» учун ҳам, ўзим учун ҳам омадсиз келди. Жароҳат сабаб икки ой футболдан йироқда бўлдим. Бу катта муддат. Қийин вазиятда жамоадошларингизга ёрдам бера олмайсиз. Афсуски, «Бунёдкор» учун ҳам яхши келмади. Чемпионат ва кубок баҳсларида олдимизга қўйилган вазифани бажара олмадик.

- Ҳар бир футболчи мавсум аввалида ўз олдига мақсад қўяди. Масалан, ҳужумчилар бу йил мана шунча гол урсам яхши бўларди, дейди. Сизда қандай режа бор эди?

- Бу йил шунча гол ураман, деган режа йўқ эди. Асосий мақсадим «Бунёдкор» билан кубок ва чемпионатда зафар қучиш эди. Ҳеч бўлмаса битта совринни қўлга киритмоқчи эдик. Афсуски, бу ниятимиз амалга ошмади.

- «Бунёдкор» жамоасининг нотекис ўйин намойиш этганига қандай омиллар сабаб бўлди, деб ўйлайсиз?

- Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Менимча, клуб раҳбарлари тегишли хулосаларни чиқаришган.

- «Бунёдкор» раҳбарияти кетишингизга қаршилик қилмадими?

- Йўқ. Жамоа билан шартномам ниҳоясига етган эди. Клублар билан музокара олиб боришимга розилик беришганди. Фурсатдан фойдаланиб, мураббийлар штаби ва жамоадошларимга биргаликдаги фаолият учун миннатдорчилик билдираман.

- Малайзия варианти қаердан пайдо бўлди? Трансфер қандай амалга ошди?

- Агентлар орқали трансфер амалга ошди. Менга Малайзия клубидан жиддий таклиф бўлаётганини айтишди. Ўзим бориб кўрдим. Шароитлари ҳар томонлама маъқул келди ва якунда икки йиллик шартномага имзо чекдим. Икки йиллик шартноманинг ўзи клуб раҳбариятининг менга билдирган ишончидан дарак бериб турибди.

- «Перак» жамоаси нимаси билан сизни ўзига жалб қилди?

- Биринчи галда менинг хизматимга бош мураббийнинг ўзи қизиққанлиги қарор қабул қилишимда муҳим омил бўлди. Қолаверса, бош мураббий ёш, истеъдодли экан. Эндигина 40 ёшга тўлган мутахассис футболчилик фаолиятининг катта қисмини айнан «Перак»да ўтказган. Бу ердаги муҳит, паст-баландликларни жуда яхши билади. Бундан ташқари, «Перак» ОФК кубоги баҳсларида икки маротаба чорак финалга қадар етиб борган. Аммо жамоа 7-8 йилдан бери Малайзия чемпиони бўлмаган экан. Бош мураббий Шамсул Сааднинг мақсади ҳам ушбу нохуш анъанага чек қўйиш.

- Қаерда яшаяпсиз?

- Ҳозирча меҳмонхонада. Лекин шу ҳафтанинг ўзида алоҳида уй, хизмат машинаси беришади. Виза масаласи ҳал бўлиши ҳамоно оиламни ҳам бу ерга олиб келаман.

- Бошқа клублардан ҳам таклифлар бўлдими, масалан, ўзимизнинг жамоалардан?

- Таклифлар бор эди. Лекин Малайзия клуби томонидан бўлган таклиф ҳаммасидан устун чиқди. Ортиқча ўйлаб ўтирмасдан унга розилик бердим.

- Клуб билан яқиндан танишишга улгурдингизми? Стадиони, базаси, машғулот майдонлари, мухлислари қандай экан?

- Малайзия халқи бизга ўхшаб меҳмондўст, олижаноб, хушчақчақ экан. Клубда мени жуда илиқ тарзда кутиб олишди. Машғулотларимиз асосий ўйин ўтказилувчи стадионда бўлиб ўтмоқда. Келганимдан икки кун ўтиб, ўртоқлик учрашувида майдонга тушдик. Адашмасам, рақиб 1-лига клуби эди. Ўйинда гол уришга муваффақ бўлдим. Ушбу учрашувимизни томоша қилиш учун 3 мингдан зиёд томошабинлар стадионга келишди. Бундан келиб чиқиб айтиш мумкинки, «Перак» клубининг расмий ўйинларига анча мухлис келади.

- Сиздан ташқари яна легионерлар борми? 

- Ҳозирча мен ва бразилиялик Тьяго Жуниор бор. Шу кунларда яна икки нафар легионер футболчининг келиши кутиляпти. Катта эҳтимол билан уларнинг иккаласи ҳам бразилияликлар бўлади.

- Тил масаласида қийналмаяпсизми?

- Инглиз тилидан озроқ тушунчам бор, шу боис унчалик ҳам мушкулотга дуч келмаяпман.

- Нечанчи рақамни танладингиз? 

- 9.

- Малайзияда ўзбекистонлик футболчилар ўйнашган, уларнинг сафи яна кенгайяпти. Улар билан гаплашдингизми?

- Ҳозирча йўқ. Байрамни ўтказиш учун Тошкентга қайтишган экан. Тез кунда учрашсак керак. Куни кеча «Фельда Юнайтед» билан шартнома имзолаган Лутфулла Тўраев ҳам Малайзияга етиб келди.

- Машғулотларда фарқ сездингизми?

- Фарқ бор экан, лекин унчалик ҳам катта эмас. Малайзия клублари асосан, легионерлар хизматига таяниб иш юритар экан. Ўйинларда асосий куч айнан хорижлик футболчилар зиммасига тушади. Легионерларнинг аксарияти Бразилиядан. Шуни инобатга олиб айтиш мумкинки, мени Малайзияда катта синов кутиб турибди. Ўйлайманки, ўзимга билдирилган ишончни оқлайман. Бу жуда катта масъулият. Муваффақиятли ўйнасангиз, айнан сиз орқали ўзбекистонлик бошқа футболчиларга ҳам йўл очилади. Акси бўлса, ўша ишонч йўқолиши мумкин.

- «Перак» олдига қандай вазифа қўйиляпти?

- Клуб президенти барча шароитлар яратиб берилиши, жамоага савияли легионерлар олиб келинишини айтяпти. «Перак» чемпионлик учун кураш олиб боради. Асосий мақсадимиз - ОФК кубоги йўлланмасини қўлга киритиш.

- Иқлим шароитига кўникиб қолдингизми?

- Ҳа, аста-секин мослашяпман.

- Футболчилар ҳамиша маошлари миқдорини яшириб келишган. Малайзияда ҳам шундай одат бор эканми?

- Келинг, шу мавзуда гаплашмай қўя қолайлик.

 

Санъат Шарипов (агенти):

- Биринчи навбатда, Шодиев ҳаммадан ҳам бош мураббий Шамсул Саадга манзур тушди. Бу жуда ҳам муҳим омил. Мураббийнинг катта ишончини ҳис этса, футболчида ўзининг барча салоҳиятини юзага чиқариш енгил кечади. Унинг ўйинлари очилиб, ранг-баранг футбол кўрсата бошлайди. Клуб ҳам шунда янги харидидан қониқиш ҳосил қилади. «Перак»нинг Воҳиддан умидлари катта. Ипох жамоаси янги бош мураббий ва янги футболчилар билан 2016 йилги мавсумда анчагина жиддий марраларни кўзлаяпти. Мен футболчимизга омад тилайман ундан ҳаммамиз юқори даражадаги ўйинларни кутиб қоламиз.

 

МАЪЛУМОТ УЧУН: ШОДИЕВ Воҳид Муҳитдинович

Туғилган санаси ва манзили: 1986 йил 9 ноябрь куни Навоий вилоятининг Хатирчи туманида таваллуд топган.

Ўйнаган жамоалари: «Зарафшон» Навоий (2005-2007, биринчи лига), «Ўз-Донг Жу» Андижон (2008), «Қизил-қум» Зарафшон (2009), «Нефт-чи» Фарғона (2010-2011), «Бухоро» (2012-2013), «Бунёдкор» Тошкент (2014-2015).

Ўзбекистон суперкубоги соҳиби - 2014.

Ўзбекистон кубоги финалчиси -  2014 ва 2015

Осиё Чемпионлар Лигасидаги кўрсаткичлари: 2014-  7та учрашув, 2та гол; 2015- 6та учрашув 1та гол.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерФУТБОЛ" нашри

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 16:28, 09.01.2016.
Ўқилди: 3563 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.