23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати старти олдидан Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳужумчиси Игорь Сергеев билан интервью уюштирди.
Сергеев суҳбат давомида жамоа олдидаги вазифалар, рақиблар ва жамоанинг тайёргарлиги борасида тўхталиб ўтди.
“Осиё чемпионатидага энг асосий мақсадимиз — Олимпия ўйинларига йўлланмани қўлга киритиш. Шу билан биргаликда, албатта, биринчи ўрин учун ҳам курашамиз. Рақибларимиз жуда кучли. Яман терма жамоаси Осиё чемпионатларининг доимий иштирокчиси эмаслигига қарамай, мен бу жамоага қарши ўйнаганман ва уларнинг қандай кучга эга эканини яхши биламан. Умуман олганда, чемпионатда кучсиз жамоанинг ўзи йўқ”.
“Мусобақадаги илк рақибимиз — Жанубий Корея турнирдаги энг кучли жамоалардан бири. Аммо ҳар қандай кучли рақибнинг ҳам ожиз томонлари бўлади. Ўйлайманки, биз уларнинг мавжуд камчиликларидан унумли фойдалана оламиз. Умид қиламанки, ғалаба биз томонда бўлади. Ироқликларга келадиган бўлсак, бу жамоанинг кучли жиҳати — улар узоқ йиллардан бери бирга ўйнаб келишади. Ўсмирлар, ёшлар ўртасидаги чемпионатларда ҳам бу жамоанинг таркиби деярли ҳозир олимпия терма жамоасига аъзо бўган футболчилардан иборат эди. Аммо биз уларнинг ҳам ўйинларини жуда яхши ўрганиб чиққанмиз. Кучли ва кучсиз жиҳатларини биламиз. Энг асосийси — ҳар бир ўйинда яккакурашларда устунлик қилиш, бор кучимизни ишга солиш ва мураббий кўрсатмаларини бажариш, деб ҳисоблайман”.
“Катта мусобақаларда қатнашиш тажрибаси, албатта, ёрдам беради. Лекин бу ҳал қилувчи аҳамиятга эга эмас, барибир. Жамоада бу тажрибага эга бўлмаган йигитлар ҳам бор ва мен бу нарса уларга халал беради, деб ўйламайман. Тажриба ўйиндаги айрим эпизодларда, тезда қарор қабул қилиш лозим бўлган вазиятларда қўл келади. Энг муҳим паллада вазиятларни совуққонлик билан ҳал қилишда тажриба намоён бўлади. Бошқа томондан, олимпия терма жамоаси сафида Осиё чемпионатида қатнашиш ҳам мен учун янги бир тажриба. Бу ерда ҳам нимадир ўрганишим ва кейин бу миллий терма жамоа сафидаги ўйинларда ҳам қўл келиши мумкин”.
“Жамоага тўлиқ ишонаман. Бу йигитлар ушбу ёшдаги футболчилар орасида Ўзбекистонда энг кучлиларидир. Агар йигитлар бор имкониятларини ишга солса, чемпионлик — орзу эмас, эришса бўладиган мақсад биз учун”.