23 ёшгача бўлган футболчилар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичи дастлабки тур ўйинлари доирасидаги Жанубий Корея ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги ўйиндан сўнг, матбуот анжумани ташкил этилди.
Унда иштирок этган Жанубий Корея олимпия терма жамоаси бош мураббийи Шин Тэ Йонг ўйин натижасидан кўнгли тўлганини таъкидлади.
“Турнирнинг дастлабки ўйини бўлгани учун ҳам, бу учрашув қийин кечди. Умуман олганда, яхши ўйин гувоҳига айландик. Натижадан кўнглим тўлди. Футболчиларимни бу ғалаба билан табрикламоқчиман. Уларнинг ўйинга бўлган муносабатлари ушбу ғалабани тақдим этди ва мен буни жуда қадрлайман.
Мун Чанг Жин бугун жуда яхши ўйин намойиш этди. У урган икки гол бизга ғалаба келтирибгина қолмай, унинг ўзига бўлган ишончини оширгани аниқ. Бу эса кейинги ўйинларда бизга қўл келиши мумкин”, - дейди Жанубий Корея терма жамоаси бош мураббийи.