Кириш Регистрация
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед

Қатарда «йўқолмаган» футболчиларимиз

Баҳо:
+1 | -

Мана, узоқ кутилган Осиё кубоги ҳам БИЗ УЧУН ўз ниҳоясига етди. Тўрт йил давомида тайёргарликни кўриб, турли ёш тоифадаги футболчиларимиз билан мунтазам равишда жаҳон чемпионатига қатнашдик. Лекин, энг муҳим паллада «қовун» туширишимиз тобора қонимизга сингиб қолган шекилли, Олимпиадага чиқиш вазифаси уддаланмади... Ҳаттоки, Вадим Абрамов пайтида ҳам у пайтдаги терма жамоамиз бугунгидан анча кучсиз бўлганига қарамай, бунчалик осон имкониятни бой бермаган эдик. Курашганмиз. Охиригача.

Бу сафар «ўлим гуруҳига» тушганимиз маълум бўлгач ҳам терма жамоамиз бир ой тайёргарлик кўриш шарти билан Самвел Бабаянга ишониб топширилиши, юмшоқроқ қилиб айтганда, кишини ҳайратлантирмай қолмади. Аҳир, бу каби жиддий мусобақаларга олдиндан, бир неча ой аввал тайёргарлик кўришимиз керак эмасмиди?!

Мағлубиятга учраганимизнинг асосий сабаби, Самвел Бабаян таъкидлаганидек, ҳимоячиларимизнинг бўш ўйин кўрсатгани бўлди! Аммо, бундан ташқари ўйин сифати ҳам жуда паст бўлгани Самвел Вячеславович яширмаса керак. Биз ўз имкониятимиз борича ўйнадик. Ваҳоланки, терма жамоамиз сафида чиндан ҳам жуда иқтидорли ёшлар мавжуд эди. Шунга қарамай, бугунги мураббийларимиз штабидан келиб чиқиб, ёшларимиз қўлидан келганини қилишди. Ҳа, мураббийларимиз штабининг бори шу эди!

Биринчи ўйинда жамоамизнинг ҳимоя чизиғи жуда заиф эканлигидан Жанубий Корея ёшлари янада кўпроқ гол урмаганига хурсанд бўлганимиз бор гап. Албатта, биринчи беллашувимиздан қатъи назар, Ироққа қарши ўтказган ўйинимиз давомида ушбу муаммони бартараф этгандек бўлдик. Бироқ, «бузоқнинг югургани сомонхонагача» деганларидек, ушбу муаммоларимиз ҳали-ҳамон мавжуд эканлиги намоён бўлди. Биринчи голни қарши ҳужумдан ўтказиб юборганимиздан сўнг барча режаларимиз расво бўлди, орзуларимиз чипакка чиқди... Очиғи, ғалаба қозонаётган жамоа қарши ҳужумдан гол ўтказиб юбориши мумкинлигини биринчи бор кўришим. Футбол тарихида ҳали бу каби ҳодисалар рўй бермаган бўлса керак. Афсуски, шундан сўнг ўйинимиз тубдан ўзгариб кетди.

Ёдингизда бўлса, Осиё ўйинларида Миржалол Қосимов бошчилик қилган терма жамоамиз ҳам ҳимоячиларимизнинг сифатсиз ўйинлари туфайли Саудия Арабистони терма жамоасига 2-3 ҳисобида имкониятни бой берган эди. Ўшанда ҳам йўқ жойдан рақиб жамоага пенальти ишлаб берганмиз, сўнгги дақиқаларда керак бўлмаган жойда фол ишлатганмиз ҳамда жуда кулгули тарзда ўз дарвозамизни ишғол қилганмиз. Хуллас калом, ҳимоя чизиғимиз билан яхшилаб ишлашимиз керак эканлиги билиниб қолмоқда, акс ҳолда футболимиз келажаги...

Ҳақиқий футбол ишқибози зим-зиё қоронғуликдан ҳам ёруғликни қидиришга тушар экан. Ишонаверинг, ўз бошимдан кечганини ёзяпман. Зеро, футболчиларимизнинг ярми мағлубиятларимизга айбдор бўлишса, қолган ярми ҳақиқий фидокорона ўйин кўрсатиб, ҳаттоки асосий терма жамоамизга лойиқ ўйин кўрсатишди. Мағлубиятларга қарамай, бир нечта футболчиларни асосий терма жамоамизга номзод сифатида кўрсак бўлар экан. Менинг рўйхатим қўйидагича кўриниш олган бўларди:

Отабек Шукуров. Марказни жуда яхши ушлаган ҳақиқий жангчи. Бундан ташқари хужумларга ҳам қўшилиб, гоҳ стандард вазиятлардан тўп тепиб, гоҳида узоқдан дарвоза томон кучли зарбалар йўллаб турган марказий ярим ҳимоячи. Ушбу футболчини Азиз Ҳайдаровнинг ўрнига майдонга туширишса бўлади.

Акромжон Комилов. Терма жамоамиз иштирокидаги учрашувларни томоша қилган футбол ишқибози бу фикримга албатта қўшилади. Шахсий фикрим бўйича, терма жамоада энг ёрқин ўйин кўрсатган футболчи. Жанубий Кореяга ҳам, Ироқ терма жамоаси футболчиларига ҳам ўз қанотида умуман ўйнашга имкон бермаган ҳақиқий жангчи! Ўртоқлик учрашувларда ҳамда кучли бўлмаган терма жамоаларга қарши кечадиган ўйинларда ушбу футболчини Виталий Денсовнинг ўрнида синаб кўришса бўлар экан.

Сардор Раҳмонов. Бугунги кунда терма жамоамизда марказий ҳимоя чизиғи кўнгилдагидек ўйин кўрсатаётганига қарамай, баъзи ўйинларда марказий ҳимоямиз қўрғонининг хатолари кўзга ташланиб турибди. Айнан ушбу ҳимоячи ҳам жуда ишончли тарзда ўйнай олди. Бўй-басти ҳам марказий ҳимоячиларга мос бўлган ушбу ҳимоячини ўртоқлик ўйинлар давомида асосий таркибга тушуриш лозим.

Достон Ҳамдамов. Албатта, барчамиз ушбу футболчимиздан жуда кўп нарса кутяпмиз. Иқтидорли ёш ҳужумчи. Аммо, бир гапни таъкидлаб ўтишни лозим кўрдим. Яъни, ушбу футболчини қанотга қўйиш ярамас экан... Қанотда ўйини қовушмади. Бундан ташқари, терма жамоада унинг ўрнида ўйнай оладиган Санжар Турсунов билан Сардор Рашидовдек маҳоратли футболчиларимиз бор. Эътибор берган бўлсангиз, Достон иккала голларини ҳам айнан марказда туриб урган. Демак, уни марказда ҳужум ортида синаб кўришса, балки, аста-секинлик билан терма жамоамизнинг асосий фигураларидан бирига айланиб қолар.

Жалолиддин Машарипов. Ҳар бир ўйинда иккинчи бўлимда майдонга тушиб, ўйинни ҳар томонлама кучайтира олди. Ноостандард тарзда фикрлайдиган, бир ёки иккита футболчиларни алдаб ўта оладиган, ўнг ва чап оёқда бирдек тўп тепа оладиган техгикаси кучли бўлган футболчи. Бугунги кунда терма жамоамизнинг чап қанотида чинакам муаммолар мавжуд, десак муболаға қилмаган бўламиз. Станислав Андреев, Шоҳрух Гадоев ва Жасур Ҳасановнинг ўйинларидан кўнгил бир тўлса, бир тўлмаяпти. Айнан мана шу пайтда Машариповдек техникасига суянадиган қанот футболчисининг бор экани қувонарли ҳол.

Бори шу. Яна ким билади, дейсиз. Балки, қолган футболчилар йиллар ўтиб, ўз устида ишлашда давом этишса, миллий терма жамоамизнинг юраги бўлишар. Биз санаб ўтган футболчиларимиз эса аксинча «юлдузлик касаллигига» чалиниб, изсиз йўқолиб қолишар. Нима бўлган тақдирда ҳам АСОСИЙ миллий терма жамоамиз бундан жабр кўрмасин. Бир пайтлар Вадим Абрамов олимпия терма жамоамиз билан Лондон-2012 йўлланмасини бой бергач, бу ҳолат миллий терма жамоамизга ҳам ўз таъсирини кўрсатгач, якунда Абрамов истеъфога чиқарилган эди. Бу билан мен бирор гап таъкидламоқчи эмасман, шунчаки, айтдим қўйдим-да...

Темурмалик Тожиддинзода

Манба: stadion.uz
Киритилди: 14:54, 17.01.2016.
Ўқилди: 5751 марта.
Фикрлар: 6 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.