Шунингдек, Зиданнинг болаликдаги устози, бир йил аввал мураббийлар мактабида унга сабоқ берган Ги Лякомб ҳам яқинда «Реал» бошқарувини ўз қўлига олган шогирди ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди.
- 1980 йиллар охирида Зиданга устозлик қилган экансиз...
- Худди шундай. Унинг техникаси ажойиб эди, ҳақиқий иқтидор эгаси ҳисобланарди. Ва албатта, айрим масалаларда кўпроқ ишлашига тўғри келган. Айтиш жоиз, фаолиятини изга солиш осон кечмаган. Аммо муҳими - тўғри ўйнашни биларди. Эндигина мураббийликка ўқишни бошлади-ю, бир неча ой ичида юксалишга эришди. Илк бор Мадридга келиб, унинг машғулотларини кузатгач, шунга амин бўлдимки, кўп жабҳаларда мус-тақил фикр чиқаролмаётгани, ёрдамчилари, хусусан, Дэвид Беттонининг кўмагига эҳтиёж сезаётганини пайқадим. Вақт ўтгач, барчасини эплади.
- Алоҳида аҳамиятга эга сифатлари ҳам борми?
- Асосийси - тинглашни билади. Буни Канндаги машғулотлар жараёнидаёқ кўргандим: Язид - ҳар бир тавсияга астойдил қулоқ тутади. Бундай ҳолат ҳамма француз футболчиларида ҳам учрайвермайди.
- Мураббийлик курсларида қандай шогирдга айланди?
- Дастлаб ўйинни турли вазиятларга ажратиш, ҳаммасини қоғозга кўчириш ва нуқсонларни яшириши мумкин бўлган машғулотларни излаб топишда қийналди. Шу боис, дастлаб болаларни шуғуллантиришни тавсия қилдик, бу жуда фойдали.
- Камтарлиги унинг ишига халал бермасмикан?
- Бундан хавотир олмаса ҳам бўлаверади, ўйинчилар билан муносабати яхши. Мураббий машғулотларда футболчилардан нима хоҳлаётганини аниқ-равшан етказиб бериши шарт. Акс ҳолда, жамоа ривожланмайди. Ҳозир шогирдлари уни диққат билан тинглашмоқда, демак ҳаммаси жойида. Ахир, кимсан Зидан гапиряпти!
- «Реал» Зидан бошқарувида қандай ўйнайди?
- Албатта, у асосан ҳужумкорликка урғу бериш ниятида. Бироқ ҳимоядан туриб ўйнашнинг нечоғли муҳим экани, бунинг учун энг аввало, тўпни рақибдан олиб қўйиш лозимлигини жуда яхши билади.
- Дарҳол «Реал»да иш бошлаш орқали таваккал қилмаяптимикан?
- Ахир «Қироллик клуби» энг яхши биладиган жамоаси-ку. Ўйинчилар, тузилма, бошқарув тизими... ҳамма-ҳаммаси билан яхши таниш.
- Мабодо Зидан сиздан маслаҳат сўраса, нима дейсиз?
- «Қалбингга қулоқ тут - жавобни ўша ердан оласан».
Ҳозирда 60 ёшни қаршилаган Ги Лякомб «Реал» бош мураббийини Язид деб атарди. Бугунги кунда ушбу тажрибали мутахассис Франция футбол федерациясида янги мураббий кадрларни етиштиришга масъул. Зидан 2014|2015 йилларда айнан Лякомб қўл остида таълим олди. Бундан ўттиз йил аввал Ги «Канн» футбол академиясида шуғулланаётган кичкинтой Зайниддин билан машғулот ўтказганди