"Реал"нинг собиқ бош директори Хорхе Вальдано "Барселона" ҳужумчиси Неймарнинг ўйини ривожланишига баҳо берди. Унинг фикрича бу ёш бразилиялик футболчи келажакда "Олтин тўп"ни қўлга киритади.
"Неймар йилдан-йилга кучайиб бормоқда. У кейинги 3 йил ичида ўз "Олтин тўп"ини олади.
"Барселона"даги биринчи мавсумида у Мессининг хизматкори эди. Иккинчи мавсумда у Леонинг шеригига айланди. Ҳозир эса майдонда эркин ҳаракат қилиши мумкин, чунки у ўзини юлдуз деб ҳисоблаяпти.
Уч йилдан сўнг Неймар боши узра "Олтин тўп" совринини кўтаради.
У майдонда футболдан роҳат олаётган инсон кўринишида. Унинг ўйини барчани мафтун этмоқда. У ўзининг юксак техникаси билан ҳақиқий артистлар каби таассурот қолдирмоқда.
У оригинал, чиройли бўлиш билан биргаликда фойдали ўйин кўрсатади", дейди Вальдано.