Каталониянинг «Барселона» клуби ҳужумчиси Лионель Месси «Олтин тўп» соврини қўлга киритгач, Франциянинг «Франс Футбол» нашрига интервью берди. Футболчи интервью давомида ўзининг ва Криштиану Роналдунинг ўғли борасида саволларга ҳам жавоб қайтарди.
«Уч йил аввал ўғлим Тиаго дунёга келгач, ҳаётга бўлган муносабатим буткул ўзгарди. Илгари фақат футбол ҳақида ўйлардим. Ҳозир эса чарчаб қайтганимда, ёки мағлубиятга учраганимда уйга келганим заҳоти Тиагони кўриб, барчасини унутаман. Ўғлим туфайли мен улғайдим ва футболга бошқача кўз билан қарайдиган бўлдим».
«Ўғлим билан тез-тез ўйнаб турамиз. Аммо футбол эмас. У ҳозирча футболни унчалик хушламайди. У билан ўйинчоқларини олиб, ота ва бола сифатида ўйнаймиз ҳамда сайр қиламиз.
«Олтин тўп» мукофотини олиш учун саҳнага чиққанимда, унга қўл кўтариб, салом йўлладим. У кулиб қўйди. Ўйлашимча, у мени саҳнада кўриб хурсанд бўлди. Ҳали у ёш ва мени дунёнинг энг футболчи бўлганимни тушунмайди. Ўзим ҳам буни унга айтганим йўқ».
«Криштиану Роналдунинг ўғли менга мухлис эканидан хабарим бор. Бу жуда ёқимли. У жуда ёқимтой бола бўлиб улғаймоқда. Менимча, Криштиану уни шундай тарбияланишига хизмат қилмоқда. Криштианунинг ўғли футболни ва асосан футболчиларни ёқтиради».
«Агар ўғлим Криштиану Роналдуга мухлис бўлишни истаса, бунинг ҳеч қандай муаммоли тарафи бўлмайди. Унда кимни ҳурмат қилишни хоҳласа, ўшани ҳурмат қилиш ҳуқуқи бўлади. Бироқ у ҳали жуда ёш ва футболни унча хушлаётгани йўқ», дея таъкидлади Месси.