"Интер" жамоаси бош мураббийи Роберто Манчини Италия А сериясининг 21 турида "Карпи"га қарши кечган учрашувидан (1:1) кейин ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
"Мен натижадан жуда хафаман. Учинчи ўйиндирки, биз рақибга гол уриш учун ўзимиз имконият яратиб бермоқдамиз.
Яна бир жиддий муаммо шундаки, ҳужум чизиғи вакиллари гол ура олмай қолишди. Ҳужумчиларимиз битта жойда туриб, тўп келишини кутиб қолишмоқда. Ахир футбол фақат мускулларга таянган ҳолда эмас, ақл ҳам ишлатиладиган ўйин-ку!
Бугун бизда камида 7та голли вазият бўлди. Лекин ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда ҳимоячиларимиз гўёки ухлаб қолишди ва гол қўйиб юбордик. Рақибга бундай имкон бериш ақлга тўғри келмайди.
Икардининг голга айлантира олмаган вазиятлари ҳақида сўрайсизми? Мен 50 ёшдаман, лекин шу ҳолимда ҳам бу вазиятда гол ура олган бўлардим. Бундай нуқтадан гол ура олмасликнинг ўзи қийин.
Ҳужумчилар шуни тушуниши керакки, 92 дақиқага қадар ўйнашда давом этишлари керак. Тўпга интилиб, уни эгаллаб, керак бўлса уни жамоада сақлаб туриш учун рақиб жарима майдони яқинидаги бурчакка бориб олиш керак. Футболчи калласини ишлатиши керак. Менимча, қишки трансферлар якунланмасидан янги ҳужумчи оламиз.
Шунингдек, "Интер" футболчилари шуни билиб олиши керакки, 1:0 ҳисоби жуда қалтис ҳисоб, рақиб исталган вазиятда ҳисобни тенглаштириб қўйиши мумкин. Бугунги ўйин уларга сабоқ бўлиши лозим.
Биз мавсумнинг биринчи даврасида қўлга киритилган ғалабаларни ҳавога совургандекмиз", дея сўзини якунлаган Манчини.