Англиянинг «Манчестер Юнайтед» клуби бош мураббийи Луи ван Гал АПЛ 23-тур доирасида «Саутҳемптон»га қарши кечган учрашувдан (0:1) кейин жамоанинг трансфер кампанияси ва мухлислар кутган натижалар борасида гапириб ўтди.
«Мен мухлислар кутган ўйинни кўрсата олмаётганимиздан жуда ҳам хафаман. Улар менинг фаолиятимдан жуда кўп нарса кутишганди. Аммо мен улар кутган натижани қайд эта олмаяпман. Бунинг учун узр сўрайман».
Ундан ўйиндаги финал ҳуштагидан кейин мухлисларнинг норозилик билдириб ҳайқириши борасида сўрашганида қуйидагича жавоб берди.
«Мен мухлисларнинг фикрига тўлиқ қўшиламан. Шунинг учун ҳам бу ҳолат менга ортиқча таъсир кўрсатгани йўқ. Уларни футболдан завқ олишлари учун биз яхши ўйнашимиз керак. Бу сафар уларни хурсанд қилдик деб ўйламайман. Шу боисдан ҳам уларнинг жаҳли чиқиши табиий».
Жамоанинг мавсум аввалида трансферлар учун 250 миллион фунтдан кўпроқ маблағ ишлатгани борасида фикр билдираркан, жамоа ҳам кўплаб футболчиларни сотиб юборганига эътибор қаратди.
«Биз ҳам жуда кўп ўйинчи сотдик. Лекин бу ҳақда бирор жойда ўқимадим. Биласизми, гап «Манчестер Юнайтед» борасида кетганда биз бошқа жамоаларга қараганда кўпроқ сарфлашимиз керак бўлади. Бу таҳлил. Мен шунчаки сафсаталарни гапирмайман».