10 февраль куни старт оладиган Осиё чемпионати иштирокчиларининг Ўзбекистон пойтахти — Тошкент шаҳрига ташрифи 28 январь кунидан бошланади.
Мусобақанинг меҳмон иштирокчиларидан биринчи бўлиб Тошкентга футзал бўйича Вьетнам терма жамоаси етиб келади. Ушбу терма жамоа мусобақа ўтказилаётган давлат иқлимига мослашиш, турнир олдидан бир ўртоқлик учрашуви ўтказиш мақсадида Тошкентга барчадан аввал келишга қарор қилган.
Таъкидлаш керакки, Вьетнам терма жамоаси 1 февраль санасида футзал бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси Вьетнам билан ўйиндан сўнг, 6 февраль куни Иорданияга қарши яна бир назорат учрашуви ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 2016 йилнинг 10 — 21 февраль кунлари бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига тайёргарлик жараёнини олиб бормоқда. Қитъа биринчилиги финал босқичи учун ташланган қуръа натижасига кўра Ўзбекистон терма жамоаси "А" гуруҳидан ўрин олган. Гуруҳда Хосе Мария Мендез жамоасига Саудия Арабистони, Қирғизистон ҳамда Ливан жамоалари рақиб бўлади.
Таъкидлаш керакки, Тошкентда бўлиб ўтадиган ушбу мусобақада энг юқори 5 ўринини эгаллаган жамоалар 2016 йилнинг 10 сентябридан 1 октябригача Колумбияда бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатига йўлланмани қўлга киритади.