Мельбурн шаҳрида давом этаётган теннис бўйича “Катта Дубулға” туркумига кирувчи Австралия Очиқ чемпионатининг эркаклар ўртасидаги баҳсларида иккинчи ярим финал ўтказилди.
Дунёнинг иккинчи ракеткаси бўлган британиялик Энди Маррей турнирга 13-рақам остида таснифланган Канада вакили Милош Раоничга қарши чиқди.
Учрашув қизиқарли кечди ва 5 сет давом этди. Канадалик ракетка устаси жаҳоннинг иккинчи рақамли теннисчиси қарши жуда яхши ўйин олиб бораётган эди. Бироқ сўнгги сетда унинг оёғидаги жароҳати безовта қилиб қолди. Натажада Маррей ҳал қилувчи партияда осонлик билан ғалабани қўлга киритди.
Энди Маррей ярим финалга испаниялик Давид Феррерни 6:3, 6:7(5), 6:2, 6:3 ҳисобида таслим этган ҳолда чиққанди. Милош Раонич эса чорак финалда Франция вакили Гаэль Монфисдан 6:3, 3:6, 6:3, 6:4 ҳисобида устун келганди.
Теннис. Australian Open. Эркаклар. Ярим финал. Мельбурн (Австралия)
Энди Маррэй (Буюк Британия, 2) - Милош Раонич (Канада, 13) - 4:6, 7:5, 6:7 (4:7), 6:4, 6:2
Энди Маррей финалда сербиялик теннисчи Новак Жоковичга қарши баҳс олиб боради. Британлиялик теннисчи учун бу "Катта Шлем" турнирларидаги тўққизинчи, Австралия Очиқ чемпионатидаги бешинчи финал бўлади. Ўзи чиққан финаллардан 3тасини айнан Жоковичга бой берган (2011, 2013 ва 2015).
Australian Open «Катта дубулға» туркумига кирувчи йилнинг дастлабки мусобақа бўлиб, 18-31 январь кунлари Австралиянинг Мельбурн шаҳрида бўлиб ўтади. Турнирнинг умумий соврин жамғармаси 44 миллион Австралия долларини ташкил қилади.