Айни пайтда “Қизилқум” жамоаси Фарғонада анъанавий “Ҳоким кубоги” турнирида иштирок этмоқда. Янги мавсум олдидан ўзига хос тайёргарлик вазифасини ўтаб берувчи мазкур мусобақада Ҳамиджон Актамов раҳбарлигидаги мураббийлар штаби учрашувларда жамоа ўйин услубини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратишяпти.
Мусобақанинг “В” гуруҳидан жой олган навоийликлар илк турда Қувасойнинг “Цементчи” футболчилари билан дуранг ўйнашганди — 0:0.
Иккинчи учрашувда кончилар мезбонларнинг “Нефтчи - 2” жамоаси билан куч синашди. Унда “Қизилқум” футболчилари катта устунлик ва ташаббусга эга бўлишди. Дастлаб ўйиннинг 14-дақиқасида Баҳриддин Ваҳобов ҳисобни очган бўлса, 32-дақиқада фарғоналиклар пенальтидан ҳисобни тенглаштирди — 1:1.
Орадан етти дақиқа ўтиб, навоийликлар ҳужумчиси Баҳриддин Ваҳобов тўп билан жарима майдончасига ёриб кирди. Аммо ҳимоячи унга нисбатан очиқчасига қўполлик қилди. Натижада белгиланган 11 метрлик жарима тўпини Илҳом Юнусов дарвоза тўрига бехато жойлаб қўйди — 2:1.
Танаффусдан сўнг ҳам кончилар ҳужумкорликни сусайтиришмади. Айниқса, майдонда украиналик легионер Вячеслав Шевченко ўз фаоллиги билан ажралиб турди. У уч бор юз фоизли голли вазиятдан унумли фойдалана олмагани билан кўпчиликнинг эсида қолди. Слава дастлабки турда ҳам бир қатор қулай вазиятлардан самарали фойдалана билмаганди.
Ўйиннинг иккинчи ярми шиддатли ва ҳужумкор руҳда кечган бўлса-да, дарвозалар бошқа ишғол этилмади.
Ҳакамлар ҳужжатидан кўчирма:
Ҳоким кубоги
“В” гуруҳи. 2-тур
2016 йил 30 январь
“Қизилқум” (Навоий) — “Нефтчи-2” (Фарғона) — 2:1 (2:1).
“ҚИЗИЛҚУМ”: Эркин Жабборов, Георгий Квесиешвили, Файзулла Қамбаров, Алишер Юсупов, Ғайрат Жумаев, Самандар Шодмонов, Шерали Жўраев, Отабек Нарзуллаев, Илҳом Юнусов, Вячеслав Шевченко, Баҳриддин Ваҳобов.
Захирадан майдонга тушганлар: Андрей Деркач, Бобуржон Искандаров, Бекзод Ғанижонов.
“ЦЕМЕНТЧИ”: Аброр Каримов, Отабек Муҳаммаджонов, Аъзам Холматов, Ҳусниддин Ғофуров, Ҳусан Ғаниев, Анвар Аминжонов, Миржамол Неъматов, Сарвар Абдуллаев, Эломон Каримов, Абдураҳмон Абдулҳақов, Бобур Фарҳодов.
Захирадан майдонга тушганлар: Хуршид Асқаралиев, Аброр Исмоилов, Ислом Тошпўлатов, Абдуқодир Ортиқов, Мўмин Маъмуржонов, Жамшид Ҳошимов.
Голлар: Баҳриддин Ваҳобов (14), Отабек Муҳаммаджонов (32-пен.), Илҳом Юнусов (39-пен.).
Эслатиб ўтамиз, “Қизилқум” жамоаси навбатдаги учрашувни 1 февраль куни ўтказади. Шу куни кончилар “ФарДУ-Футбол-инфо” (Фарғона) вакиллари билан куч синашади. Учрашув “Истиқлол” спорт мажмуаси сунъий майдонида соат 11.00 да бошланади.