Кириш Регистрация
01/06 19:30 Бунёдкор 0-3 Нефтчи
02/06 00:00 Боруссия Д 0-2 Реал Мадрид
02/06 19:00 Андижон - Пахтакор
02/06 19:30 Насаф - Локомотив
02/06 21:00 Аталанта - Фиорентина

Григорий Цейтлин:«Сергеев масаласи ҳамон очиқ турибди»

Баҳо:
+ | -

Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси янги мавсумга тайёргарликнинг қолган қисмини Қибрайдаги клуб базаси ва пойтахтда ўтказади. Февраль ойининг биринчи ярмида БААда ташкил этилиши режалаштирилган иккинчи хориж йиғини бекор қилинган. Унинг ўрнига мавсумга тадорик ўзимизда давом эттирилади. Балки бу молиявий масалалар билан боғлиқдир, эҳтимол ўзига яраша бошқа сабаблари бордир, буниси бизга қоронғу. Ҳар қандай ҳолатда ҳам жамоа чемпионлик ҳимоясига айланадиган мавсумга тайёргарликни кучайтирилган тарзда олиб боради. Биз Ўзбекистон кубоги ва 1-лигага қуръа ташлаш маросимидан сўнг «Пахтакор» клуби спорт директори Григорий Цейтлиндан шу мавзуда интервью олдик.

- Григорий Семёнович, суҳбатимиз аввалида Шаржада ўтказилган хориж йиғини якунлари ҳақида маълумот берсангиз. Клуб раҳбарияти ва мураббийлар штабининг ушбу йиғиндан кўнгли тўлдими?

- Албатта, режалаштирган ишларимизни амалга оширдик. Белгиланган ўртоқлик учрашувлари ўтказилди. Тўғри, натижалар биз учун ижобий бўлмади. Лекин биз ушбу ўйинларда буни биринчи ўринга қўймагандик. Машғулотлар кунига икки маҳалдан ташкил этилди. Айниқса, ўтказилган 4та ўртоқлик учрашувидан энг сўнггиси бизга ҳар томонлама маъқул келди. Россия премьер-лигаси вакили «Амкар» жамоасига қарши кечган баҳс биз ўйлагандан ҳам яхши ўтди. Пермь жамоаси мураббийлари ўйинга асосий таркибни қўйишди. Гарчи 1:2 ҳисобида ютқазган бўлсакда, футболчиларимиз ўзларидан жуда яхши таассурот қолдиришди. Жисмоний тайёргарлик ва техник-тактик ҳаракатлари маромига етиб бораётгани кўзга ташланиб қолди. Умуман олганда, январь ойи учун бу жуда яхши ҳолат. Кечадан Тошкентда тайёргарликни бошладик. Энди асосий эътибор «Насаф» жамоасига қарши ўтказиладиган Ўзбекистон суперкубоги ўйинига қаратилади. Бу учрашув ҳам биз учун муҳим. Ўтган йилги суперкубокдаги хатолардан хулоса чиқарган ҳолда ижобий натижа қайд этишга ҳаракат қиламиз.

- Шаржадаги йиғинда янги футболчилар қандай таассурот қолдиришди? Жамоа ўйинига мослашиб кетишдими?

- Аслида, сафимизга қўшилган бу икки футболчини биз анчадан бери кузатиб келаётгандик. Уларнинг имкониятини олдиндан билардик. Шу боис, улардан мўъжиза ҳам кутмагандик. Суҳроб Бердиев ва Азим Аҳмедов ўзларини ижобий томондан кўрсата олишди. Аҳмедовни ҳимоя чизиғида синаб кўрдик. Азим ўзи учун нисбатан янги позицияда жуда яхши таассурот қолдирди. «Бухоро» жамоасидан таклиф қилинган ёш ҳужумчи Акобир Тўраев эса асосан захирадан майдонга тушди.

- Азим Аҳмедов ҳимояда ўйнайдими ёки уни шунчаки синаб кўрдингларми?

- Бу ҳақида гапиришга ҳали эрта. У ҳужум чизиғидан ташқари қолган позицияларда ўйнаб кўрган. Ҳимоя ҳам у учун янгилик эмас. Лекин такрор айтаман, ҳаммаси чемпионат бошланиши арафасида ҳал бўлади.

- Кахи Махарадзе жамоа учун катта йўқотиш. Унинг ўрнини ким билан тўлдирмоқчисизлар?

- Ярим ҳимояда ўйнаши мумкин бўлган 3-4 нафар футболчига эгамиз. Масалан, Жамшид Искандеров ҳам бемалол бу жойда ўйнай олади. Ундан кўнглимиз тўқ. Бошқа томондан, алмаштириб бўлмайдиган футболчининг ўзи йўқ. Қолган ярим ҳимоячиларимиз Кахининг ўрнини билдирмасликка ҳаракат қилишади.

- Суҳроб Бердиевни қайси хислатлари учун таклиф қилдинглар?

- У тезкор ўйинчи. Ҳам ҳужум, ҳам ярим ҳимоя чизиғида бирдек тўп суради. Ўртоқлик баҳсларида ҳам ёмон таассурот қолдирмади.

- Игорь Сергеевнинг «Пахтакор»да қолиши ҳақида маълумотлар пайдо бўлди. Бу хабар қанчалик асосга эга?

- Сергеев - «Пахтакор» футболчиси. Бу масала ҳамон очиқлигича қоляпти. Бир кунда вазият ўзгариб кетиши мумкин. Айни пайтда «Пахтакор» сафида тўлиқ куч билан янги мавсумга тайёргарлик кўряпти. Мана. Лобанов ҳеч ким кутмаганда легионер футболчига айланди. Бундай ҳолат нафақат Сергеев, балки бошқа футболчиларимизда ҳам содир бўлиши мумкин.

- Унга Япониянинг «Санфречче Хиросима» клуби қизиқиш билдираётган эди. Бу таклиф ҳамон ўз кучида қоляптими?

- Терма жамоанинг биринчи рақамли ҳужумчисига ҳамиша қизиқиш юқори бўлган. Бу жамоамизнинг ички сиёсати. Сергеевнинг трансферини кўриб чиқамиз.

- Лобановнинг ўрнини ким билан тўлдирмоқчисизлар?

- Никита Рибкин асосий таркибда ўйнашга лойиқ ва муносиб эканлигини исботлаяпти. Қолаверса, Темур Жўраевни ҳам жамоага қайтардик. У ҳам тажрибали дарвозабон, бир неча йил давомида «Пахтакор» шарафини ҳимоя қилиб келган. Темурнинг бой тажрибасига умид боғлаяпмиз. Шунингдек, ёшлар ва олимпия терма жамоамизнинг биринчи рақамли дарвозабонларини ҳам эсдан чиқармаслик керак. Улар бизнинг умидли тарбияланувчиларимиз ҳисобланишади.

- Таркибда яна янги футболчилар пайдо бўлиши мумкинми?

- Ҳамма нарса рўй бериши мумкин. Кузатувимизда кўплаб футболчилар бор. Лекин улар орасида легионерлар бўлмайди.

- Иккинчи хориж йиғини Шаржада ташкил этилиши ҳақида айтилганди...

- Бу йиғин ўтказилмайди. Янги мавсум стартига қадар Тошкентда машғулот ўтказамиз. Шу ерда ўртоқлик учрашувлари ташкил этилади.

- Жамоа анъанавий ПФЛ кубогида иштирок этадими?

- Ҳа, бу мусобақада қатнашамиз. Асосан ёшлар таркиби ва 1-лигадаги жамоамиз футболчилари ПФЛ кубогида иштирок этадилар. Асосий таркиб эса ОЧЛ ўйинига тайёргарлик кўради.

- Ўзбекистон кубогининг қуръаси ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ўтган йилдан фарқли равишда бу сафар ярим финалда «Насаф» билан тўқнаш келамиз. Бу бир томондан яхши. Хилма-хиллик бўлиши керак.

- Мураббийлар штабида ўзгариш рўй бермайдими?

- Асосий жамоамизда деярли катта ўзгаришлар бўлмайди. Биринчи лигадаги жамоамизда Жасур Абдураимов ишлаяпти. Унга Артём Петросян ёрдам беряпти. Жамоа бошлиғи Шуҳрат Раҳмонқулов. Шунингдек, ёшлар лигаси ва 1-лигадаги жамоамизга ўтган мавсум якунида футболчилик фаолиятини тамомлаган Анвар Солиев ёрдам беради.

К.АЛИМОВ суҳбатлашди, "ИнтерФутбол" газетаси

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 13:25, 31.01.2016.
Ўқилди: 6958 марта.
Фикрлар: 15 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.