Аввал хабар берганимиздек 25-29 январ кунлари Тошкентда аёллар ўртасидаги футзал бўйича XII Ўзбекистон чемпионатининг 1-тур учрашувлари бўлиб ўтди.
Ушбу чемпионат бўлиб ўтаётган кунлари мамлакатимиз ОАВларининг вакиллари жамоамиз бош мураббийи Владислав Хандан чемпионат ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашишни сўрашди. Қуйида ана шу қисқача интервьюни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
– Чемпионат тўғрисидаги фикрларингиз билан ўртоқлашсангиз.
– Бу йилги аёллар ўртасидаги футзал бўйича XII Ўзбекистон чемпионатида аслида 12та жамоа иштирок этиши кутилаётган эди, аммо натижада 11 жамоа иштирок этадиган бўлди. Чемпионат савиясига келадиган бўлсак, шахсан ўзим ўнчалик ўзгаришни сезмаяпман. Ҳаттоки ҳар йили жамоамизга муносиб қаршилик кўрсата оладиган Андижоннинг “Андижанка” жамоасининг ҳам бу йилги иштироки олдингилардагидек эмас. Чемпионат энди бошланди, низомга кўра олти жамоа юқори кўрсаткичларига қараб саралаб олинади ва бош соврин учун курашни давом эттиришади. Балки чемпионатнинг кейинги турларида жамоалар ўзларининг энг яхши ўйинларини кўрсатишар. Ҳар ҳолда мусобақа энди бошланди. Бошида ҳаммага қийин бўлади.
– Сизнингча жамоангизга кучли қаршилик кўрсатадиган жамоа кўринмаяптими?
– Ҳозирча йўқ, юқорида айтиб ўтганимдек ҳар йили жамоамизга “Андижанка” жамоаси асосий рақиб ҳисобланар эди, жамоа таркибида катта ўзгаришлар бўлмаган бўлса ҳам, уларнинг чемпионатдаги старти кўнгилдагидек бўлмади, балки улар кейинги турга яхшироқ тайёрланиб келишар, қани кўрамиз. “Севинч” жамоамиз эса, ҳар йилдагидек чемпионатда бош соврин учун курашади, биз бунга тайёрмиз ва кейинги турга ҳам пухта тайёрланиб келамиз. Биз учун қанчалик чемпионатда кучли жамоалар кўпайса, шунчалик яхши. Ўйлайманки, шунга монанд равишда мамлакатимизда аёллар ўртасидаги мини футболнинг ҳам савияси ошади.
– Мана Тошкентда мини футбол бўйича Осиё чемпионатининг бошланиш арафасида турибмиз, сизнингча мамлакатимиз терма жамоаси қандай иштирок этади?
– Жуда ҳоҳлардимки, жамоамиз бу имкониятдан тўлиқ фойдаланса ва шу орқали мусобақа бош совринини қўлга киритишса. Албатта терма жамоамизга мухлислик қиламиз ва улардан энг яхши натижани кутиб қоламиз. Барча юртимиз футбол ишқибозлари каби биз ҳам уларни қўллаб-қувватлаб турамиз.
“СЕВИНЧ” ПФК матбуот хизмати