Рио-2016 Олимпиадасининг ғоят қадрли 3та йўлланмаси учун қизғин баҳс кечган Осиё чемпионати ниҳоят, якунланди. Вакилларимиз гарчи гуруҳ босқичидаёқ курашдан чиққан бўлишсада, ўзбекистонлик мухлислар турнирни сўнгги ўйинга қадар диққат билан кузатишди. Бунинг боиси шуки, Самвел Бабаян шогирдларини мусобақадан чиқариб юборган Жанубий Корея ва Ироқ олимпиячилари эришадиган натижа кўпчиликни қизиқтирарди. Алоҳида эътибор бежиз эмаслиги якунда маълум бўлди. Яъни 3та йўлланмадан 2таси олимпиячиларимизнинг гуруҳдаги рақибларига насиб этди. Демак, футболчиларимиз ҳақиқатдан ҳам, кучли рақибларга рўбарў келишибди. Мағлубиятлар ҳар қанча алам уйғотмасин, таъкидлаш жоизки, вакилларимиз икки футбол минтақасидан аччиқ ва зарур хулоса олишди.
Тўғри, кимдир «Мабодо ўша сабоқлар сони кўпайиб кетмадими?» - дея иддао қилиши мумкин. Ўша сабоқлар наинки, кўпайди, балки меъёрдан ҳам ортиб кетди. Мухлисларнинг назарида шундай... Аммо аввалги сабоқлар футболимиз мутасаддилари учун етарли бўлмагани бугун барчага маълум. Айни хулоса савол устига савол туғдириши табиий: «Демак, футболимиз мутасаддилари Рио-2016 йўлланмаси учун жиддий қайғуришмаганми?» Йўқ бундай савол мутлақо ноўрин. Аксинча, Рио-2016 чиптасини қўлга киритиш иштиёқи ҳаддан зиёд кучайиб, умумий ишга халақит берди, холос. Натижада аввалги сабоқлар унутилиб, четга суриб қўйилди ва янги-янги режалар тузилаверилди, мураббийлар алмаштираверилди. Кўринадики, футболимиз келажаги хусусида фидойиларча бош қотириш билан мағлубиятлардан оқилона сабоқ чиқаришни ўзаро аралаштирмаслик лозим. Бу икки ҳолат бир-биридан фарқланувчи жараёндир. Фидойилик ўз-ўзича ҳар бир мутасадди, мураббий, футболчи қалбида яшайверади. Оқилона сабоқ эса бутунлай янги ва бошқа мавзу. Қатардаги Осиё чемпионати яна бир бор исботладики, истеъдодларни тарбиялаш борасида футболимиз бошқалардан устун бўлса устунки, асло кам эмас. Араб шайхлари учун тўтиё бўлаётган Сардор Рашидов фаолиятининг ўзиёқ фикримизнинг далилидир. Афсуски, терма жамоаларни шакллантириш, мураббийлар тайинлаш, турнирларга тайёгарликни режалаштириш ва уларни муваффақиятли ўтказишда асосий рақиблардан ортда қолаётганимиз ҳам ҳақиқат. Шу аччиқ сабоқни очиқ-ойдин эътироф этсак ва ундан оқилона хулосалар чиқарсак, бўлажак олимпиячиларимиз Токио-2020га албатта, боришади. Ярим финал, финал ва 3-ўрин учун кечган баҳслар шуни кўрсатдики, юқорида кўрсатилган камчиликларга йўл қўйилмаганида, ҳозирги ёшларимиз ҳам Олимпиада йўлланмасига эга бўлишарди. Осиё чемпионати якунлангач, бир гуруҳ мухлислар билан қуйидаги мазмунда мулоқот ўтказдик:
- Вакилларимиз Ироқ олимпиячилари ўрнида ярим финалга чиқишганида нима бўларди?
- Япониялик тенгдошларига ютқазишарди...
- Кейинчи, кейин...? 3-ўрин учун баҳсда қатарлик тенгдошларини енгишармиди?
- Енгишлари аниқ эди. Ҳозирги ҳолатда ҳам бу ишни уддалашарди. Турнирдан аввал улар ўзаро назорат учрашувида буни исботлашганди.
- Абдулкарим Ҳассандек футболчиси бор жамоани мағлуб эта олишармиди?
- Албатта. Айнан ўша иқтидорли футболчи жамоасининг якуний мағлубиятига сабабчи бўлди-ку!?
- Нега?
- Мураббий унинг имкониятларидан унумли фойдаланишни билмади. Бошқача айтганда, Самвел Бабаян савия бобида ўша мураббийдан устун.
- Жанубий Корея ва Ироқ олимпия термалари мураббийларидан-чи?
- Бу ортиқча ва ноўрин савол. Яъни йўлланма қўлга киритилганида шундай савол берилмасди. Биз учун 3-ўринни олиш етарли эди.
- Олимпиячиларимизни умумий муваффақиятсизлигига қайси сабаб жиддий таъсир кўрсатди?
- Бизнингча, «Ҳар бир ўйинда ғалаба» шиори.
- Нима учун?
- Назаримизда, турнир учун маъқул стратегия танланмади. Яъни камчилик тайёргарликда эмас, стратегия танлаш билан боғлиқ. Дейлик, Ж. Корея ёшларига қарши кучсизроқ таркибни майдонга тушириб, бор эътибор иккинчи ўйинга қаратилганида, вазият ўзгача тус олармиди?! Эҳтимолки, вакилларимиз дастлабки учрашувда рақибга йирик ҳисобда имкониятни бой беришарди. Бу эса сараланган таркибни иккинчи учрашувда шижоат кўрсатиши учун туртки вазифасини ўтарди. Ёдингиздами, ўсмирлар ўртасида Мексикада ўтказилган ЖЧда шундай туртки боис, Алексей Евстафеев шогирдлари чорак финалгача боришганди. Ўшанда ўсмирларимиз Янги зеландиялик тенгдошларига 4та тўп фарқи билан ютқазишганди. Якуний натижа эса барчамизни қаноатлантирди. Самвел Бабаян ҳам шунга ўхшаш стратегияни танласа бўларди. Бироқ у таваккал қилолмади. Мураббийга ҳар доим қийин. Лекин шу қийинчиликка ҳамиша унинг ўзи замин ҳозирлайди.
- Қандай қилиб?
- Реал олиб қараганда, Самвел Вячеславович Ж.Корея ёшларининг анчайин кучли рақиб эканликларини жуда яхши биларди. Кучли рақибни енгишга ортиқча ва зўриқиб урингани - унинг камчилиги. Ортиқча уринишлар, зўриқишлар - «плей-офф» босқичининг иши. Гуруҳ босқичида пухта стратегияга амал қилган мураббий ютади. Таъбир жоиз бўлса, гуруҳ босқичидаги вақтинчалик мағлубият бўлажак жиддий ғалабаларнинг пойдеворидир...
Хуллас, мулоқотимиз узоққа чўзилди ва унинг борки тафсилотини қоғозга тушириш шарт эмас, деб ўйлаймиз. Фақат, мулоқот чоғи ўртага ташланган айрим мулоҳазаларни таъкидлаш ўринлидир:
1. Кетма-кет танқидлар ва таклифлардан сўнг ПФЛ биринчи лига форматини ўзгартириб, тараққиёт сари дастлабки қадамни ташлади. Бўлажак мавсум учун лига жамоалари сонининг 16тага туширилиши ва уларга нисбатан талабларни кучайтирилиши яна янги ўзгаришлардан даракдир. Майли, ўзгаришларни секин-аста кўраверайлик. Фақат, бу борада Осиё футболининг умумий тараққиётидан ортда қолмасак, бас.
Умуман олганда, дастлабки ўзгариш ўз ортидан янги-янги режаларни етаклаб келишига ишончимиз комил. Негаки, ҳаракатнинг табиий моҳияти шундаки, у мудом тўхташдан кўра, тезлашиш жараёнига кўпроқ интилади.
2. Мавсумолди йиғинларида «Бунёдкор»нинг «Локомотив»(Москва)дан йирик ҳисобда енгилиши - Бахтиёр Бобоев учун жиддий ва аммо керакли огоҳлантириш. Шу ўйин ва ҳисоб «қалдирғочлар» савиясининг ҳозирги кўзгусидир. Гоҳо ўртоқлик ва назорат учрашувлари ҳам жамоадаги ҳақиқий аҳволни кўрсатиб беради. Аслида Самвел Бабаян шогирдлари назорат учрашувида суриялик тенгдошларига ютқазишганидаёқ аксарият мухлисларнинг юраклари шувиллаганди. «Олимпиада йўлланмасини орзу қилган жамоа суриялик ёшлардан енгиладими?!» қабилида иштибоҳ уйғонганди уларнинг кўнгилларида.
Демоқчимизки, мавсумолди йиғинларида кучлироқ рақиблар билан назорат учрашувлари ўтказилиши мақсадга мувофиқ. Унутмаслик керакки, келажак учун аламли мағлубиятлар енгил-елпи ғалабалардан кўра, фойдалидир. Шу маънода Москва «Локо»сини огоҳлантириши Бахтиёр Бобоевга ўзига хос тақдир туҳфасидир. Ўша баҳснинг жиддий таҳлили «Ал-Шабаб» устидан қозонилажак, мухлислар интизор кутаётган ғалаба учун асос бўлса, неажаб...
Хўш, пойтахтликларда Азиз Ҳайдаров ва унинг жамоадошларини енгиш учун қандай руҳий омиллар мавжуд? Фикримизча, «Бунёдкор»га Достонбек Ҳамдамов, Элдор Шомуродов, Акромжон Комилов каби ёш футболчиларнинг Осиё чемпионатида орттирган изтироблари ва сабоқлари қўл келади. Бу 3 нафар истеъдод наинки, жамоа шарафи, балки ўз шахсига аталган янги ишончлар учун ҳам мардонавор курашади.
3. «Барселона»-«Атлетико» учрашуви (2:1)ни мухлислар катта қизиқиш билан кузатишди. Ўйиндан сўнг улар «Пахтакор»нинг янги мавсумга ҳозирлиги ва тақдири борасида ўйга толишди. Нега? Чунки миллий чемпионатимизнинг юксак савияси учун «Барса», «Реал» ва «Атлетико» каби анъанавий ва кучли ҳисобланган «Пахтакор»дек жамоа зарур. Ҳар қандай чемпионат донгдор, тарихи шонли ва албатта, халқаро миқёсда курашишга қодир клублар иштироки билан гўзалдир. Жамоадаги «келди-кетди» ва «олди-сотди»лардан эса ишқибозлар анчагина хавотирдалар. «Шерлар»нинг молиявий ҳолатини яхшилашга қаратилган, олиб борилаётган ҳаракатларда меъёр бузилаётгандек, гўё...
Хулоса шуки, футболимизни яқин кунларда жиддий синовлар кутмоқда. Очиғи, шундай синовларнинг бўлгани яхши. Зеро, синовлар келажакда сизу бизни келажакда кутаётган СУРУРлар учун дебочадир.
Муҳаммад ВАЛИ, "ИнтерФУТБОЛ" газетаси