Кириш Регистрация
25/06 00:00 Албания 0-1 Испания
25/06 00:00 Хорватия 1-1 Италия
25/06 03:00 Колумбия 2-1 Парагвай
25/06 06:00 Бразилия 0-0 Коста-Рика
25/06 20:00 Олимпик 2-0 Сурхон
25/06 21:00 Франция 1-1 Польша
25/06 21:00 Нидерландия 2-3 Австрия
26/06 00:00 Англия 0-0 Словения
26/06 00:00 Дания 0-0 Сербия
26/06 03:00 Перу 0-1 Канада
26/06 06:00 Чили 0-1 Аргентина
26/06 20:00 Андижон - Навбаҳор
26/06 20:00 Металлург - Насаф
26/06 21:00 Словакия - Руминия
26/06 21:00 Украина - Бельгия
27/06 00:00 Чехия - Туркия
27/06 00:00 Грузия - Португалия
27/06 03:00 Эквадор - Ямайка
27/06 06:00 Венесуэла - Мексика
27/06 20:00 Нефтчи - Локомотив
27/06 20:00 Пахтакор - Бунёдкор

Хайрулла Ҳамидов мақоласи: « Синмайдиган юлдуз!»

Баҳо:
+ | -

Мен бу йигитни ойга ўхшатаман. Ойнинг бир тарафини кўрамиз, иккинчи томонини кўрмаймиз. Лекин ой ҳақида гапирилганида, фақат кўринадиган томони ҳақида гап боради. Бу йигитнинг қоронғу томони ҳам муҳокама қилинади. Шунақа.

У ҳақда ҳамма хар хил гапиради. Ҳар кунги газеталарда унинг расми бор. Интернет сайтларининг асосий манбаи шу йигит. Уни тинмай “чайнайдилар”. У ҳақдаги муносабатларни, мақолалар остидаги изоҳларни ўқисангиз, икки хиллиликдан ёқангизни ушлайсиз.

Кимдир уни кибрли деса, кимдир ҳаддан ташқари ўзбинлик эгаси дейди. Баъзилар наздида у фақат ўзини ўйлайдиган қизғанчиқ, айёр ва муғомбир юлдуз. Ҳакамлардан пенальти тиланадиган, ёлғондан йиқилиш бўйича “гиннес рекордчиси”, бўш қолган дарвозага йўллаган голлари билан сохта рекордчи бўлиб олган, заиф жамоаларгагина гол ура оладиган, клубининг эркатойи ва ҳоказолар билан айблар тиркалади бу йигитга.

Унинг майдондан ташқаридаги “ҳунарлари” ҳам бу тоифанинг асабини ўйнайди. У аёллар билан муносабатда ўзбинлигини икки юз фоизга оширади, дейди бу тоифа. Шу боис, ҳатто ўғли ҳам онасининг кимлигини билмайди, деб ҳисоблайдилар. Кибрий феъли майдондан ташқарида ҳам яққол сезилиб туришини иддао қиладиган бу тоифа уни “ғалатироқ” сифатлар билан ҳам айблайдилар. Бунга у етарлича асос қолдиргани ҳам баъзан асабни ўйнаб юборади.

Бу тоифанинг гап-сўзларини эшитсангиз, дунёдаги энг жирканч одам шу бўлса керак, деб ўйлайсиз. Лекин худди шу пайтда иккинчи томонда бошқа оломон ҳам пайдо бўладики, уларнинг таърифи фикрингизни 180 градусга буриб юборади.

Унинг ўйинларидан маст бўладиган тоифа бу. У улар учун даҳо. Тўп билан муомала қилиши санъати, ҳаракатлари беқиёс. Жисмоний етуклигидан пайдо бўлган сифатлари бу тоифанинг оғзида болдек эриб кетади. Унинг меҳнатлари, заҳматлари, фаолияти давомидаги курашга тўймаслиги ва голга харислигидан ҳайратга тушади бу тоифа. Унинг голгача босиб ўтадиган масофасидан тортиб, голни нишонлаши ҳам бу тоифанинг завқини ўйнайди. Улар учун бу даҳодан бошқа футболчи йўқ. У ягона…

Хуллас, бу йигит ҳақида бутун дунё гапиради. Бугун у 31 ёшини нишонлайди. Футбол ёшидан аста-секин узоқлашиб кетаётган бу йигит португалиялик юлдуз, Мадриднинг “Реал” аъзоси Криштиану Роналдудир.

Ҳамма танийдиган, ҳатто футболдан хабари йўқлар ҳам кимлигини биладиган инсон ҳақида мақола ёзиш чиндан ҳам мушкул. Мушкуллиги шундаки, у ҳақда айтилмаган гапнинг ўзи қолмаганидадир. 2003 йили “МЮ” либосини кийиб майдонга тушибдики, унинг парвози тинмаган. Шу пайтгача дунё шу йигит атрофида айланмоқда. Унинг ўйинларини муҳокама қилмоқда. Унга мухлислик қилмайдиганларга ҳеч бўлмаса у – душман, камида душман! Хуллас, усиз футбол мухлислари яшай олмайдилар.

Келинг, мен мақола муаллифи сифатида ўз муносабатимни ҳам билдириб кетай. Зеро, Роналду фаолияти бироз бўлса-да, менга руҳан танишдек.

Мен журналистик фаолиятим давомида 3-4 маротаба турли жойларда ишлаганман. Борган ҳар жойимда ишни бошидан, нолдан бошлашимга тўғри келган. Бу нечоғлиқ оғир ва заҳматли иш эканлигини биламан ҳар ҳолда. Бир жойда кўкариш бахти четлаб ўтган, начора. Аммо борган жойда кўкариш ҳам ўзига яраша матонат экан. Ўша борган янги жойида ҳам ўз сўзи борлигини билдириб қўйиш ўта мушкул юмуш бўлса-да, эришилган муваффақиятдан сўнг инсонга ўзгача бир завқ улашаркан. Роналдуни мен ана шу тоифа ичидаги энг зўрлардан бири деб биламан. Энг зўри демадим, сабаби – бу масалада Златандек “борган ерида гуллайдиган даҳо” ҳам турибди. Хуллас, мен қайсидир маънода Роналдунинг фаолиятига тегишли жиҳатларни кичикроқ кўринишда бўлса ҳам ҳис қилгандекман.

Ҳаёти қийинчиликда ўтган юлдузнинг аввал Португалияда ўзини кўрсатишини бир матонат ҳисобласак, кейинги юриш футбол ватанига, ўша пайтлардаги энг кучли мураббий – САФнинг жамоасига йўл олиши, у клубда кимсан – Бекҳэмнинг либосида ўйнашга розилик билдириш – иккинчи матонат эди. Манчестер эркатойига айлангач, орзулар юрти – “қироллик клуби”га келишини навбатдаги матонат деб ҳисоблайверасиз. Зеро, у Мадридга келган пайтлар эл класико юқори даражасига етиб улгурган, рақиб томон ўз тарихидаги энг қўрқинчли таркиб ҳосил қилган даврга тўғри келди.

“Шаолинь”даги зинама-зина босқичдан чиқиб бораётган матонат эгаси сингари, Криштианунинг Мадрид сафари ҳам ўз фаолиятига жиддий таъсир ўтказди. Унинг ва ватандоши Моуриньонинг ҳаракатлари эвазига “Реал” аста секинлик билан бўлса-да, “самовий Барселона”га қаршилик кўрсатадиган даражага чиқа олди. Мамлакат чемпионатида ғолиб бўла олди. Бу ўша давр мезони бўйича катта ғалаба эди.

Роналдунинг курашга тўймаслиги бўлажак футболчи укаларимизга дастурул амалдир. Дунёнинг энг зўр ўйинчиси бўлиб, кейин қаторасига тўрт йил “Олтин тўп” олаётган рақибининг олдида ИККИНЧИ бўлиб туриш азобини билса, бир шу Роналду билади. Бошқалар буни ҳис қила олмайдилар. Бу ҳолат кўпгина юлдузларни синдириб, парчалаб ташлайди. Қайта туролмайдиган қилиб ташлайди. Лекин португалиялик юлдуз бутун дунё кўз ўнгида шу хўрликларга жимгина чидаб тура олди ва 2013 йили ахийри “Олтин тўп”ни яна бир бора боши узра кўтарди. Кейинги йил ҳам бу натижаларини учтага чиқариб қўйди. Айтмоқчиманки, енгилган курашга тўймас, деган мақол курашчилар учун эмас, айнан шу йигит учун чиқарилгандек. Ҳозиргача уни тўхтатиб бўлмаяпти. Голлари сони Пеленинг ярмига келиб қолди. “Отамнинг давридан қолган” юлдуз ҳалиям спорт формасини юқори даражада ушлаб ўйнамоқда.

2004 йилги Европа чемпионати ўйинларини ТВ орқали шарҳлаганман. Айнан Португалия иштирокидаги ўйинлар менга тушганди. Ўшанда ҳам бор эди бу йигит. Тўғри, у таркиб Фигу ва Руи Коштанинг елкасида турган бўлса-да, Роналду ҳам ўз ўйин услубига эга бўлиб улгурган, рақибларини алдашда янги йўналиш билан чиқаётган, келажаги энг умидли футболчи эди. Ўша умидларни у оқлади. Керагидан ортиқча оқлаб юборди. Қаранг, неча йил бўлди шу гапларга! 12 йил…

12 йилдан буён стабил ўйин кўрсатаётган даҳо таслим бўлиш нималигини билмай келаётир. Кўз ўнгимда мана-ман деган янги юлдузчалар бир-икки йилда йўқолиб, изи ҳам қолмаётган бир даврда бу йигитнинг шунча йил ўзгармасдан, бир хил тура олиши ҳақиқий мўжизадир.

Майли, одамлар нима деса десинлар, унинг шахсий ҳаётидан, майдондаги муғомбирликларидан турли “ривоятлар” тўқишса тўқийверсинлар. Менга бунинг мутлақо фарқи йўқ. Чунки мен бир нарсани биламанки, келажакда шу 10 йиллик давр ҳақида гап кетганида, Роналдунинг номи порлаб тураверади.

Бундан буён унинг ўйин сурати пастлаб кетса ҳам ажабланмайман. Бироқ, бу нарса барибир тарих саҳнасида Роналду деган сиймонинг даҳолигига заррача бўлсин таъсир ўтказа олмайди. У ўз даврининг энг ажойиб вакилларидан бири бўлиб қолаверади. Бугун у ҳақда энг ёмон сўзларни гапираётганлар ҳам ўн йиллардан кейин фарзандларига “Роналдунинг ўйинларидан баҳра олганликлари”ни пичирлаб бўлса ҳам сўзлаб берадилар. Бошқа чоралари йўқ.

PS:Дарвоқе, бу тоифа ҳозир мақолани ўқиб бўлиши билан, ўзининг азалий “изоҳи”ни ёзишга тайёргарлик кўраётган бўлса ҳам ажаб эмас(

Хайрулла Ҳамидов..

Манба: gol.uz
Киритилди: 12:02, 05.02.2016.
Ўқилди: 8722 марта.
Фикрлар: 16 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.