Кириш Регистрация
22/12 00:45 Лечче 1-2 Лацио
22/12 01:00 Барселона 1-2 Атлетико
22/12 16:30 Рома 5-0 Парма
22/12 18:00 Валенсия 2-2 Алавес
22/12 19:00 Фулхэм 0-0 Саутгемптон
22/12 19:00 Лестер 0-3 Вулверхэмптон
22/12 19:00 Ман. Юнайтед 0-3 Борнмут
22/12 19:00 Эвертон 0-0 Челси
22/12 19:00 Венеция 2-1 Кальяри
22/12 20:15 Реал Мадрид 4-2 Севилья
22/12 21:30 Тоттенхэм 3-6 Ливерпуль
22/12 22:00 Аталанта 3-2 Эмполи
22/12 22:30 Леганес 2-5 Вильярреал
22/12 22:30 Лас-Пальмас 1-0 Эспаньол
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

"Насаф" рақиби: "Ал Айн”дан иродали ғалаба

Баҳо:
+ | -

Жамоамизнинг ОЧЛдаги гуруҳ босқичидаги рақиби “Ал Айн” жамоаси кеча БАА про лигаси доирасида ўз майдонида Абу Дабининг “Ал Ваҳда” жамоаси билан куч синашди.

 

Мазкур учрашувни кузатиш мақсадида Абу Даби шаҳридан Ал Айнга қараб йўл олдик. Бир ярим соатдан ошиқроқ йўл юргач белгиланган манзилга – Ал Айн шаҳридаги “Ҳазза бин Зайд” стадионига етиб келдик. Кўринишидан машҳур “Алянс Арена”ни эслатиб юборадиган мазкур стадион 2014 йилда фойдаланишга топширилган бўлиб, ўз бағрига 25174 нафар томошабинни сиғдира оларкан. “Ал Айн” ва “Ал Ваҳда” ўртасидаги баҳс принципиал аҳамаятига эга эканлиги билан эътиборли. Шу сабабдан бўлса керак жума кунги беллашувни кузатиш учун стадионга 20 мингдан ошиқ томошабин ташриф буюрди.

                                                                                                  

Стадион ҳудудига яқинлашишингиз билан ўйингоҳ  махсус ходимлари чиптангизга қараб? сиз ўйинни кузатишингиз мумкин бўлган сектор томон боришингизга кўмаклашишади. Автомашиналар жойлашуви ҳам айнан сизнинг қўлингиздаги чиптанинг тоифасига қараб белгиланган ҳудудда жойлаштирилади.

 

Тезликда ўзимиз учун белгиланган секторга яқинлашдик ва стадион қўриқлаш хизмати ходимлари дастлаб чиптанинг ҳақиқийлигини, сўнгра худди аэропортдаги сингари ҳар бир мухлисни махсус текширувдан ўтказиб, ичкарига кузатиб қўйишди. Буларнинг барчаси тахминан 30 сонияда амалга оширилди.

 

Стадионга кириб келишингиз билан у ердаги муҳит ҳар қандай кишига қувонч бахш этиши шубҳасиз. Жамоа ишқибозлари ҳар бир секторда махсус дўмбиралар ёрдамида бир овозда жўр бўлиб “Ал Айн” футболчиларини олқишлаб туришди. Стадион фақат футбол ўйнашга мўлжалланган. Югуриш йўлакчаси йўқ. Майдонда футболчилар, майдон четида видеоператорлар, фотомухбирлар, қўриқлаш хизмати ходимлари ўз ишларини адо этишмоқда.

 

Бевосита учрашувга тўхталадиган бўлсак, учрашувнинг биринчи бўлимида майдонда тенг кураш кечди. Айрим вазиятларда “Ал Ваҳда” футболчилари ташаббусни ўз қўлларига олишга ҳам эришишди. Шундай ҳужумларнинг бирида, биринчи бўлим якунланишига саноқли дақиқалар қолганда меҳмонлар ҳисобни очишди. Ўша вазиятда “Ал Ваҳда”нинг аргентиналик легионери мезбонларнинг марказий ҳимоячисини ажойиб тарзда ортда қолдириб, кучли ва аниқ зарбаси билан ҳисобни очди.

 

Иккинчи бўлим бошиданоқ мезбонлар ҳужумга зўр беришди. 56-дақиқада майдонга “Ал Айн” юлдузи Умар Абдулраҳмон тушгач, баҳсда ташаббус буткул Златко Далич шогирдлари томонида бўлди. Дастлаб яқиндагина Япония Жей лигасида “Ал Айн” сафига келиб қўшилган бразилиялик Дуглас мувозанатни тиклади. Ўша вазиятда у ҳақиқий ҳужумчиларга хос тарзда ҳаракат қилганини алоҳида таъқидлаш жоиз. Майдон марказидан рақиб жарима майдончаси сари узатилган тўпни Дуглас, гарчи дарвозага орқа ҳолатда турган бўлишига қарамай, дастлаб ўзига мос тарзда тўхтатиб олди. Иккинчи уринишда у тўпни ўзи учун янада қулай вазиятга тўғирлаб, тўпга  учинчи тегишда   дарвозага шу қадар кучли зарб бердики “Ал Ваҳда” дарвозабони Одил Ал Ҳусаний бу зарбани қайтаришга буткул ожиз эди. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Дуглас уч сафар ҳам тўп билан фақат чап оёқда муомала қилди. 75-дақиқага келиб мухлислар ёқимтойи, “Ал Айн” сардори Умар Абдулраҳмон ўйинга чиройли нуқта қўйди. Айнан унинг жаримадан йўллаган зарбаси дарвозабон учун мутлақо кутилмаган траекторияда тўрга йўл олди. Натижада якуний ҳисоб 2:1 “Ал Айн” БАА про лигасида энг яқин таъқибчиси “Ал Аҳли”дан икки очко ортда қолдирган ҳолда якка пешқадамлик қилмоқда.

 

 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, “Ал Айн” ҳақиқатан ҳам нафақат БААнинг, балки ОЧЛда иштирок этаётган жамоалар орасида энг кучлиларидан бири ҳисобланади. Жамоанинг ўйинини таркибда тўп сураётган легионерлар белгилаб бериши ҳам сир эмас. Майдон марказида бразилиялик Бастос ва жанубий кореялик Мёнг Жу Ли, ўнг қанот ярим ҳимоясида колумбиялик тезкор ярим ҳимоячи Данило Морено ва бразилиялик ҳужумчи Дугласнинг ҳатти ҳаракатлари ҳар қандай жамоага жиддий ташвиш туғдириши аниқ. Ва албатта, жамоанинг юраги Умар Абдулраҳмон. У майдонда ҳақиқий сардор ва етакчи эканлигини ҳар бир ўйинда исботлашга ҳаракат қилиб келмоқда. Умуман олганда “Ал Айн” жамоа сифатида яхши шаклланган. Аммо футболда мағлуб этиб бўлмайдиган жамоанинг ўзи йўқ. “Насаф” футболчилари тақвим бўйича ОЧЛнинг 5- ва 6-турида айнан ушбу жамоа билан куч синашади. Умид қиламизки, жамоамиз мураббийлари ушбу жамоага қарши керакли ўйин услубини танлаган ҳолда, мухлисларни хурсанд этадиган натижага эришишади.

Азиз НУРИЙ,
Ал Айн, БАА.

Манба: fcnasaf.uz
Киритилди: 10:58, 07.02.2016.
Ўқилди: 4365 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.