Испания чемпионатининг 23-тури доирасида "Барселона" сафарда "Леванте" меҳмони бўлди.
Каталонияликлар учрашувни жуда фаол бошлашди. Илк дақиқадаёқ Месси аниқ узатма орқали Суаресни бирга бир вазиятга чиқарди, аммо Луис тўпни дарвозага тескари турган ҳолда қабул қилгани учун вазиятдан фойдалана олмади. Кейинги дақиқада эса Месси ҳисобни очди, аммо қанот ҳаками офсайдни қайд этишда хатога йўл қўйди ва гол инобатга олинмади.
Ҳисоб эса 21-дақиқада очилди. Иньеста жарима майдончасининг чап томонида тўпни эгаллаб, Альбанинг қанотдан ичкарига киришини кутди ва унга узатма берди. Хордининг дарвозабон майдончасига берган узатмаси ҳимоячи Давид Наваррога тегиб, дарвозага кириб кетди.
Орадан 4 дақиқа ўтиб Суарес ўта қулай имкониятдан фойдалана олмади. Мессининг узатмасини ҳимоячи бош билан майдон ташқарисига чиқаришга уринди, бироқ Неймарни тўпни эгаллаб, дарвозабон майдончасига келаётган Суаресга етказди. Луис 3 метрдан дарвозани ишғол қила олмади.
Ўйиннинг 38-дақиқасида "Леванте" ҳисобни тенглаштиришга жуда яқин келди. Қарши ҳужумда Хосе Моралес чап томондан жарима майдончасига кирди ва яккама-якка вазиятда олис бурчак томон зарба берди. Тўп устунга тегиб қайтди!
"Барселона" иккинчи бўлимни жуда суст ўтказди. Футболчилар майдонда деярли пиёда юришди. Фақатгина ўйинга қўшиб берилган дақиқаларда каталонияликлар иккинчи голни уришга муваффақ бўлишди. Қарши ҳужумда Месси Суаресни бирга бир вазиятга чиқарди ва уругвайлик футболчи имкониятни кўкка совурмади.
Шу тариқа, "Барселона" ўз ҳисобига навбатдаги 3 очкони қўшиб қўйди ва жадвални бошқаришда давом этмоқда.
Испания Ла лигаси, 23-тур
"ЛЕВАНТЕ" - "БАРСЕЛОНА" 0:2 (0:1, 0:1)
Голлар: 0:1 – 21, автогол Наварро, 0:2 – 90 Суарес.
Леванте – Мариньо, Тоньо, Лопес, Феддаль, Наварро (Гилас, 69), Лерма, Верса (Куэро, 77), Симау, Моралес, Росси, Дейверсон (Камараса, 69).
Барселона – Браво, Пике, Дани Алвес (Алеиш Видаль, 74), Альба, Маскерано, Сержи Роберто, Иньеста, Ракитич (Бускетс, 68), Месси, Неймар, Суарес.
Огоҳлантиришлар: Феддаль (23), Пике (28), Наварро (57), Дани Алвес (63), Лерма (66), Лопес (83), Бускетс (89).