Кириш Регистрация
18/06 00:00 Австрия 0-1 Франция
18/06 21:00 Туркия 3-1 Грузия
19/06 00:00 Португалия 0-0 Чехия
19/06 18:00 Хорватия - Албания
19/06 21:00 Германия - Венгрия
20/06 00:00 Шотландия - Швейцария
20/06 18:00 Словения - Сербия
20/06 21:00 Дания - Англия
21/06 00:00 Испания - Италия

Ромарио дахлдор 50та факт ёки 50 ёшга кирган "юлдуз" ҳақида

Баҳо:
+ | -

Бразилиялик номдор ҳужумчи 29 январ куни 50 ёшга тўлди. Championat.com сайти шу моносабат билан уни алоҳида эътироф этди. Яъни Ромарио ҳақидаги маълум ва номаълум 50та фактни келтирди.

1. Ромарионинг отаси -  Эдеваир де Соуза Фариа болалар жамоасини тузган. Унда айнан ўғли сардор сифатида тўп сурган. Жамоа ўйинлари Жакарезиньодаги харобазорда бўлиб ўтарди.

2. Ромарио «Васко да Гама» академиясига «Олариа» жамоасидан ўтган. Бунга унинг ўйинлардан бирида «Васко» дарвозасига 4та гол ургани сабаб бўлганди.

3. Олимпиада-88 финалида собиқ иттифоқ термасидан учралган мағлубиятга қарамай, Ромарио турнирнинг энг яхши тўпурарига айланган - 7та гол.

4. 1993 йили Ромариони Бразилия терма жамоасидан четлатишган. Зеро, у ўртоқлик ўйинида қатнашишдан бош тортганди. Аммо жамоанинг ишлари ортга кетиб, АҚШ мундиали йўлланмаси хавф остида қолгач, Карлос Альберто Паррейра ҳужумчини сафга қайтарган. Эътиборлиси, Ромарио қайтишини «дубль» билан нишонлаб (Уругвай термасига қарши баҳсда), жамоасининг ЖЧга боришини кафолатлаганди.

5. Ромарио «Барселона»да 1та мавсумдаги «хет-трик»лар сони бўйича рекорд ўрнатган. У чемпионат-1993|1994 давомида нақ 5та ўйинда 3тадан гол урганди.

6. Ромарио 1994 йили «Олтин тўп» эгасига айланмаслиги ҳам мумкин эди. Уни тартиб-интизом сабабларига кўра, сўров жараёнидан четлатишни ўйлашган. Чунки «Миттивой» мавсум давомида Диего Симеоне чағига классик зарба бериб, узоқ муддатли дисквалификацияга учраганди. Лекин бу ҳолат якуний қарорга таъсир қилган эмас.

7. ЖЧ-94 - бу бразилияликка бахтиёр хотиралар туҳфа этган ягона мундиал. Чунончи, у 1990 йили турнир арафасида жароҳатга йўлиққан ва ЖЧда атиги бир марта майдонга тушган. 1998 йили эса мундиал олдидан томошабинга айланган - яна жароҳат сабаб. Тўғри, ўшанда Ромарионинг ўзи ўйнай олишини таъкидлаганди. Мураббий матбуот анжуманида якуний таркибни эълон қилгач эса, Ромарио камералар олдида ҳўнг-раб йиғлаб юборган.

8. Ромарио аламига чидолмай, Рио-де-Жанейродаги машҳур ресторанни сотиб олиб, унинг ҳожатхонасига ўзини ЖЧ-98 «заявка»сига киритмаган мураббий Марио Загало карикатураларини ёпиштириб чиққан.

9. 2002 йили Ромарио «Васко да Гама»да ўйнарди ва яхши спорт формасида эди. Табиийки, у Осиёдаги ЖЧда иштирок этишни режалаштирган. Бироқ жароҳатини баҳона қилиб, терма жамоа ўйинларидан бирида ўйнашдан бош тортади. Аммо шу куни клубининг ўртоқлик учрашувида майдонга тушади. Натижада Луиз Фелипе Сколари ҳужумчини жамоадан четлатган. Кейинчалик Бразилия президентининг шахсан ўзи Ромариони таркибга қайтаришни сўраган, аммо мураббий ўз аҳдини бузмаган.

10. Baixinho. Ромариода лақаблари  жуда кўп. Улар орасида энг оммавийси - «Миттивой».

11. «Барселона»нинг «Реал» устидан қозонган классик ғалабаларидан бири (5:0) бразилияликнинг 3та голи туфайли юзага келган.

12. Ромарио - Йохан Кройфф яратган «дрим-тим» қаҳрамони. Микаэль Лаудруп, Хосеп Гвардиола ва Христо Стоичковни ўз таркибига жамлаган ўша енгилмас «Барса»да айнан бразилиялик «Миттивой» бош юлдуз эди.

13. Аслида «дрим-тим» футболчилари енгилмас бўлишмаган. «Милан»га қарши ЧЛ финали олдидан Кройфф кийиниш хонасида уларга шундай деган: «Биз ғалаба қозонамиз, негаки, сизлар кучли». Якунда «Барселона» 0:4 ҳисобида ютқазган.

14. 1994 йили Ромарионинг отасини ўғирлаб кетишади. Жиноятчилар уни озод қилиш учун 7 млн. доллар миқдорида товон пули талаб этишади. Тўғри, телевизор келтириб, Соуза Фариага ўғлининг «Реал»га қарши ўйинини томоша қилиш имконини беришади. Айтганча, у кейинчалик полиция томонидан озод этилган.

15. Ромарио ўзини «Танланган», деб ҳисоблайди. Сўз: «Туғилганимда тепадаги йигит мени бармоғи билан кўрсатиб, шундай деди: «Бу ўша». Ҳа, мен «Танланганман». Футболчининг биографияси ҳам шундай номланган.

16. Эҳтимолки, Ромарио ўзини Мессидан ҳам кучли футболчи, деб билар. Ҳарқалай, у бир сафар шундай деганди: «Неймар келажакда Мессидан ўзиб кетиши мумкиндир, лекин ҳеч ким Ромарио билан тенглашолмайди».

17. Бир сафар Ромариони аэропортда ҳибсга олишган. Сабаб - биринчи хотинига алимент тўлашни хоҳламагани. Барселонада футболчининг мухлисаларидан бири ундан фарзанд кутаётганини айтганидан сўнг жуфтлик ўртасига совуқлик тушганди.

18. Ромарио фаолияти давомида Европа, Лотин Америкаси, АҚШ, Австралия ва Арабистон яриморолидаги жами 11та клуб шарафини ҳимоя қилган.

19. Ромарио - «1000та гол» фахрий клуби аъзоси. У юбилей голини 2007 йили «Васко да Гама» либосида нишонлаган. Ўшанда 41 ёшда эди. Адолат юзасидан айтиш керак, ҳужумчининг ўзи бу рўйхатга нафақат ўртоқлик ўйинлари, балки ёшлар жамоаларида урган голларини ҳам қўшган.

20. Ромарио гап-сўз тарақатишга ҳам уста. Дейлик, бир гал ижтимоий тармоқда ғалати саволни ўртага ташлаган: «Месси аспергер синдромига чалинганини биласизларми?» Тўғри, кейинчалик бу сўзидан тонганди.

21. Ромарио узоқ йиллар ҳозирги Месси ва Роналду каби ўта сермаҳсул ўйнаган. Хусусан, ПСВдаги 3 йил ичида барча турнирлар доирасида 167 марта майдонга тушиб, 165та гол урган. «Барселона»да эса 82та ўйинда 53та гол ҳосил қилган.

22. Янги асрда футболчи «Васко да Гама»да ўйнаган ва баъзида клуб машғулотларига вертолётда учиб келарди. Аниқроқ айтсак, вертолёт шундоқ майдонга қўнарди ва у жамоадошларига қўшиларди.

23. Йохан Кройфф бразилияликка тартиб-интизомни ўргатиш мақсадида уни маълум миқдордаги жаримага тортган. Шунда Ромарио ўзига хос тарзда жавоб берган: «Жарималар мени хавотирга солмайди. Зеро, жаҳон чемпиони бўламан ва етарлича пул топаманки, жарима тўлаш муаммо туғдирмайди».

24. Ромарио 2005 йили Бразилия терма жамоаси аъзоси сифатида пляж футболи бўйича ЖЧда бронза медалини ютган.

25. Ромарио  2010 йилдан Рио- де-Жанейро штати депутати, 2014 йилдан эса сенатор. Сенат (парламентнинг юқори палатаси)га сайловлар жараёнида 60 фоиздан кўпроқ киши айнан собиқ футболчига овоз берганди.

26. Reymario. Навбатдаги рекорди муносабати билан ҳужумчига фамилияси нотўғри «ёзилган» футболга совға қилишган. Reu ибораси «қирол» маъносига эга.

27. Ромарио футбол қироли - Пелени ёқтирмайди. Мисол: «Пеле бўлмағур нарсаларни ҳаддан зиёд кўп гапиради. Аслида энди оғзини бутунлай ёпиб юрса ҳам бўлаверади».

28. У яна Зикони ҳам ёқтирмайди. Ўрталаридаги можаролардан бирида унга (Зико терма жамоа мураббийлар штабида ишларди) шундай деган: «Айримларнинг омадсиз бўлиб туғилишида мен айбдор эмасман».

29. Ромарио ФИФА, Йозеф Блаттер ва Жером Валькега ҳам душман. Очиқ «таъриф»: «ФИФА - картель» (монополистик ташкилот). Блаттер - ўғри ва жиноятчи. Узр сўрайман, лекин бу ҳақиқат. Валькега келсак, у товламачи ҳамда босқинчи».

30. Ромарио бечора Зепп Блаттернинг қамалишини сўраб, ибодат қилади - ҳар куни. Буни ўзи тан олган.

31. Ромарио Бразилиянинг ЖЧ-2014га мезбонлик қилишини хоҳламаганди. У бунга шунчалик қарши чиқдики, аввалига турнирни бошқа мамлакатга кўчириш ғоясини илгари сурди, кейин эса бразилияликларни мундиалга нисбатан «бойкот» эълон қилишга чақирди. ЖЧ пайти эса ўз нуқтаи назарини ўзгартирди, аммо суст ташкилотчиликни танқид қилишдан чарчамади.

32. Кройфф - жаҳоннинг энг яхши мураббийи. Бу Ромарионинг эътирофи.

33. Ромарио узоқ вақт «Васко да Гама»да Эдмундо (лақаби - «Ҳайвон») билан бирга ўйнаган. Улар ўзларини «Риолик ёмон йигитлар», дейишарди. Бироқ бир сафар ўзаро жанжаллашиб қолишгач, Ромарио клубда Эдмундо бор экан, майдонга тушмаслигини айтган.

34. Ромарио - Бразилия терма жамоаси тарихидаги учинчи тўпурар. У 70та ўйинда 55та гол урган ва бу борада фақат Роналдо ҳамда Пеледан орқада, холос.

35. Ромарио - Бразилия «А» серияси тарихидаги иккинчи голеадор. У миллий биринчиликда жами 154та гол урган. Пешқадам - Роберто Динамит ҳисобида эса 180та гол бор.

36. Хайрлашув учрашувида мухлислар ажойиб баннер кўтаришган: «Ромарио - футболдаги Рим Папаси».

37. Ромарионинг фикрича, оилавий муносабатлар унинг кўп гол уришига туртки берган.

38. Ромарио - 6 нафар фарзанднинг отаси.

39. Кенжатойи, яъни қизи Ива ёқимсиз синдром билан туғилган. Собиқ футболчининг айтишича, у муаммо катталигини билгач, бу билан профессионал даражада шуғулланишга аҳд қилган. Айнан шу туфайли ҳам ўзини сиёсатга урган.

40. Ромариньо (Ромарионинг ўғли) айни пайт Япония 3-дивизионида «Цвайган Каназава» клуби учун ўйнамоқда.

41. Даниэли (Ромарионинг қизи) атиги бир неча ой ичида ижтимоий тармоқлар юлдузига айланди. Бунга «Инстаграм»га жойлаштираётган суратлари сабабдир.

42. Ромарио 3 марта уйланган. Ҳозирги турмуш ўртоғи - Изабелла Виттенкурт. Эътиборлиси, у америкалик 19 ёшли Дикси Пратт билан муносабатларини ҳеч қачон сир тутмаган. Аммо шу қиш бошида қизи тенги маҳбубасидан воз кечди.

43. Ромариони унутиш керак. Унинг ўзи шундай деган: «Ромариони унутинг. Эндиликда Бразилия термасида бундай ҳужумчи йўқ. Ҳаттоки, шунчаки, 9-рақамли футболкада ўйнайдигани ҳам».

44. Ромарио 2005-2007 йиллар оралиғида бир неча марта футболдан кетишини эълон қилди. Лекин фақатгина 2007 йили 41 ёшида бутсаларини михга илди.

45. Эдеваир Фариа «Америка» клубига мухлислик қилган. Хуллас, Ромарио отасининг хотираси учун шу жамоада президент лавозимини эгаллади.

46. 2009 йили 43 ёшли Ромарио «Америка» (Рио-де-Жанейро) таркибида майдонга тушди - рамзий маънода. Зеро, аввалроқ отасига шу жамоада ўйнашга ваъда берган экан.

47. Ромарионинг «Инстаграм»даги саҳифасига 500 мингдан кўп обуначи ёзилган. Қисқаси, у ҳали ҳам машҳур.

48. Ромарио - футволей (пляж футболи ва футбол элементларини бирлаштирган ўйин) ихлосманди. Дейлик, фаолияти ҳали давом этаётган пайт ҳам дўстлари билан ўйнаб, ҳаттоки, машғулотларни ўтказиб юборарди. Умуман, у футволей бўйича Бразилия терма жамоасида ҳам ўйнаган.

49. Риодаги «Сан-Жануарио» стадионига Ромарионинг ҳайкали ўрнатилган.

50. Риода Ромарио номидаги стадион ҳам бор.

Манба: interfutbol.uz
Киритилди: 08:35, 11.02.2016.
Ўқилди: 4774 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.