ФИФА президентлиги учун номзод бўлган Жанни Инфантинонинг бу курашдаги рақиблари шайх Салмон бин Иброҳим Ал-Халифа ва Жером Шампань УЕФА Бош котибининг жаҳон чемпионати иштирокчилари сонини 32тадан 40тагача ошириш бўйича таклифини танқид қилиб чиқишди.
Шайх Салмон ўзининг сайловолди дастурини КОНКАКАФ минтақасида намойиш этаётганида, гап жаҳон чемпионати ҳақида кетганда тақдимот узатилаётган экранда «Сайловолди кампания жараёнида ЖЧ иштирокчилари сонини оширишга ваъда бериш – бу нопрофессионаллик» ёзуви пайдо бўлган.
«Менинг дастурим ташқи эффектларга боғланмаган. У фактлар асосида тузиб чиқилган. Унда масалан ЖЧ иштирокчилари сонини 40тагача ошириш бўйича таклифни киритиб, эътиборни ўзига қаратадиган қуруқ гап-сўзлар йўқ. Биз ҳаммамиз ФИФАнинг энг долзарб муаммоси бу эмаслигини яхши биламиз.
Барчага маълумки, 32 терма жамоа иштирокида жаҳон чемпионати ташкил этишнинг ўзи осон эмас. Шунингдек, халқаро тақвим ҳам ўта зич тузилган», – дея таъкидлаган Шампань.
ФИФА президентлиги учун ўтказиладиган сайлов ОФК раҳбари Шайх Салмон, УЕФА Бош котиби Жанни Инфантино, ФИФАнинг собиқ Бош котиби ўринбосари Жером Шампань ҳамда Иордания шаҳзодаси Али бин Ал-Хусайн иштирок этади. Сайлов 26 февраль куни Швейцариянинг Цюрих шаҳрида бўлиб ўтади.