Кириш Регистрация
28/04 00:00 Астон Вилла 2-2 Челси
28/04 00:00 ПСЖ 3-3 Гавр
28/04 00:00 Атлетико 3-1 Атлетик Бильбао
28/04 13:00 Тожикистон 5-5 Ўзбекистон
28/04 15:30 Интер 2-0 Торино
28/04 16:00 Метц 1-2 Лилль
28/04 16:00 Таиланд 1-4 Эрон
28/04 17:00 Кадис 1-1 Мальорка
28/04 18:00 Тоттенхэм 2-3 Арсенал
28/04 18:00 Борнмут 3-0 Брайтон
28/04 18:00 Лорьян 1-2 Тулуза
28/04 18:00 Клермон 4-1 Реймс
28/04 18:00 Страсбур 1-3 Ницца
28/04 18:00 Болонья 1-1 Удинезе
28/04 19:00 Индонезия - Ўзбекистон
28/04 19:15 Гранада 3-0 Осасуна
28/04 20:05 Ренн 4-5 Брест
28/04 20:30 Ноттингем Форест 0-2 Манчестер Сити
28/04 21:00 Наполи 2-2 Рома
28/04 21:00 Аталанта 2-0 Эмполи
28/04 21:30 Вильярреал 3-0 Райо Вальекано
28/04 22:00 Лион 3-2 Монако
28/04 22:30 Япония - Ироқ
28/04 23:45 Фиорентина 5-1 Сассуоло
29/04 00:00 Марсель 2-1 Ланс
29/04 00:00 Бетис 1-1 Севилья
29/04 23:45 Женоа - Кальяри
30/04 00:00 Барселона - Валенсия
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
30/04 05:00 Боруссия Д - ПСЖ
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид
01/05 00:00 Бавария - Реал Мадрид

Жеррард, Лэмпард ва бошқа жабрдийдалар

Баҳо:
+ | -

Айримларда осонгина бойлик орттириш истаги шу қадар кучли бўладики, улар қайсидир бечоранинг уйига ўғирликка туша туриб, бу одам ўз ватани шаъни учун нималар қилганини ҳатто эслаб ҳам ўтиришмайди. Жумладан, бир қатор футболчилар ҳам ўз меҳнатлари орқали довруқ таратиб, юртлари учун жонларини жабборга бериб пул топишадида, бир кечада бор-йўқларидан айрилиб қолишади. Бу борада айниқса, Англия терма жамоасининг аъзолари жуда «илғор». Қуйидаги мақола орқали бунга ўзингиз ҳам амин бўласиз.

Питер Крауч

Англия премьер-лигасида тўп сураётган футболчилар шу қадар йирик маош олишадики, улар тез-тез босқинчилик туфайли жабр кўриб туришлари баъзида табиийдек туюлади. Ана шундай «бечора»лардан бири, «Сток Сити» ҳужумчиси Питер Крауч 2011 йили талончилар билан тўқнаш келган. Аниқроғи, у ажойиб кунларнинг бирида севгилиси Эбби Клэнси билан узоқ сайр қилиб, уйга қайтади. Учрашувдан тўлқинланиб қайтган бахтиёр жуфтлик не кўз билан кўришсинки, улар йўқ вақтда ўғрилар уйни ағдар-тўнтар қилиб, «супуриб» кетишибди. Воқеа жойига етиб келган полиция нақд пуллар қатори, футболчи ва унинг рафиқасига тегишли барча майда-чуйдалар, шу жумладан, ҳатто никоҳ учун олиб қўйилган узуклар ҳам йўқолганини қайд этишди, холос. Муҳими, нархи 4,5 млн. фунт турадиган кошонага ҳеч қандай зарар етмаганди.

Эшли Коул

«Челси» клуби ва Англия термасининг собиқ ҳимоячиси учун 2010 йил жуда оғир келди. Аввалига у рафиқаси Шерилга боғлиқ машмашалар туфайли тушкунликка тушди. Аксига олиб, айни шу вақтда унинг уйига талончилар ҳам бостириб киришади. Коул бу вақтда Суррей графлигидаги 3,5 млн. фунтлик уйда яшарди ва энг қизиғи, ўғрилар уйга киришган пайтда (эрталаб) Эшли ётоқхонасида бўлган. Шовқиндан уйғониб кетган футболчи ўрнидан қўзғалмай, полицияга қўнғироқ қилади. Бироқ полициячилар ёрдамга етиб келишганда, талончилар аллақачон оладиганларини олиб, жуфтакни ростлаб бўлишганди. Бу воқеадан бироз вақт ўтиб, Эшли янги хонадонга кўчиб ўтади, аммо бу ерда ҳам уни тунаб кетишади.

Карлос Сальсидо

Жуда эсда қоларли ўтган ЖЧ-2010дан сўнг Мексика терма жамоаси ҳимоячиси Карлос Сальсидо Голландиянинг «ПСВ» клубидан Англиянинг «Фулхэм» жамоасига кўчиб ўтади. Бироқ ачинарлиси шундаки, Карлос Лондонда ўзини сира хотиржам ҳис қила олмайди. Аниқроғи, футболчининг уйи дарҳол маҳаллий талончиларнинг «нишони»га айланади. Мазкур хонадонда босқинчилик юз берганидан сўнг эса Сальсидо ва унинг оиласи дарров чамадонларни йиғишга киришишади. Бошқача айтсак, уйида юз берган илк ўғирликдан кейиноқ «нозик таъбли» футболчининг АПЛдан кўнгли қолиб, ватанига қайтиб кетади.

Эмил Хески

Хески - ўзи истамаган ҳолатда газеталарнинг криминал хабарлар саҳифасидан жой олган Англия термаси аъзоларидан бири. Қизиғи шундаки, у ҳам айнан Краучга зиён етказган жиноий гуруҳдан жабр кўрган. Бу воқеа 2008 йили юз берган бўлиб, Эмил ўша вақтлари «Уиган» шарафини ҳимоя қиларди. У клуб машғулотларига кетган вақтда ўғрилар Эмилнинг 1,65 млн. фунт турадиган уйига осонгина кириб, бемалол талончилик қилишади. Ваҳоланки, бу пайтда соат эндигина эрталабки 10:45 бўлганди. Хуллас, ўғрилар футболчининг қўлга илинадиган барча буюмларини ўмариб кетишади.

Анхель Ди Мария

Аргентиналик ҳужумкор ярим ҳимоячи 2014 йили «Манчестер Юнайтед»га кўчиб ўтганида маҳаллий мухлислар роса хурсанд бўлишганди. Зеро, 60 млн. фунтга харид қилинган ўйинчи майдонда ўзини кўрсатмаса ҳам бўлмасди-да! Аммо Ди Мариянинг майдондаги ва унинг ташқарисидаги орзулари бутунлай яксон бўлди. Аниқроғи, Анхель ҳали жамоага тўлиқ мослашиб улгурмай, унинг уйига номаълум кимсалар бостириб кирмоқчи бўлишади. Ҳолбуки, футболчи ва унинг оиласи бу пайтда кошоналарида мириқиб дам олишаётганди. Агар сигнализация тизими босқинчиларни тўхтатиб қолмаганида... Мазкур кўнгилсиз ҳодисадан сўнг «МЮ»нинг янги аъзоси Чешир графлигидаги шинам уйини сотувга қўяди. Орадан кўп ўтмай, ўзи ҳам «ПСЖ»га кўчиб ўтади.

Иан Райт

Лондоннинг «Арсенал» клубидаги ўйинлари орқали донг таратган шундай афсонавий футболчи ҳам талончилардан зиён кўрган экан. Тўғри, бу пайтда Иан катта футбол билан хайрлашган эди, аммо унинг даромади чакки эмасди -  ITV телеканалида шарҳловчилик қиларди. Хуллас, 2014 йилги ЖЧ вақтида Райтнинг Брази­лияда экани ва ўйинларни берилиб шарҳлаётганидан фойдаланган талончилар афсонанинг Лондондаги уйига бостириб киришади ҳамда унинг рафиқасига пичоқ билан таҳдид қилишади. Аниқроғи, ёвузлар бечора аёлга агар уйдаги бор пулларни олиб бермаса, унинг бармоғини кесишларини айтиб, қўрқитишади. Хайриятки, бу мудҳиш воқеа оқибатида ҳеч ким жиддий зарарланмайди. Райт эса мундиалдан кечиб, зудлик билан Бразилияни тарк этади ва уйига қайтади.

Даррен Флетчер

«Манчестер Юнайтед» клуби ҳамда Шотландия термасининг собиқ ярим ҳимоя­чиси 2009 йили «қизил иблислар» сафида ЕЧЛ ўйинида иштирок этиш учун Миланга жўнаб кетади. Бундан хабар топган уч нафар босқинчи Флетчернинг уйига кириб бориб, футболчининг турмуш ўртоғи Хелен Грайсга пичоқ ўқталишади. Камига унинг сочларидан тортиб, полда судрашади. Бундан кўзланган мақсад эса битта эди - оилага тегишли пуллар қаерда эканини аниқлаш. Шу тариқа, талончилар бойликлар қаерда эканини билиб олиб, уйни шип-шийдон қилиб кетишади.

Фил Жагелка

Дабдабали кошоналар ҳар доим ўғриларни худди айиқ асалга интилгандек, ўзига тортиб келган. Жумладан, 2009 йили «Эвертон» клуби ва Англия термаси аъзоси Фил Жагелка 2,5 млн. фунтга уй сотиб олгач, яқин-атрофдаги талончилар безовта бўлиб қолишади ва тезда пинҳоний режа тузишади. Бунда уларга футболчининг жароҳатлангани жуда қўл келади. Яъни, босқинчилар оёғи гипсланган ҳолда телевизор кўриб ётган Филнинг ёнига тап тортмай яқинлашишади ва унинг бўғзига пичоқ тираб, каттагина пул талаб қилишади. Камига, пулга қўшиб футболчининг машинасини ҳам ҳайдаб кетишади. Албатта, улар уйдан кетишгач, Жагелка дарҳол полицияга хабар қилади. Лекин афсуски, тартиб-интизом посбонлари уйдан узоқ бўлмаган жойдан кимсасиз машинани топишади, холос. Миқдори аниқ айтилмаган пуллар эса футболчини абадий ташлаб кетишади.

Фрэнк Лэмпард

«Челси» ва инглизлар термасининг чинакам юлдузи бўлган Фрэнк Лэмпард 2005 йили пулга боғлиқ муаммолардан халос бўлгани учун нақд 4 млн. фунтга янги уй сотиб олади. Лекин бу хонадон хариди Лэмпард учун яхшилик билан тугамайди - янги кўчиб ўтганига атиги саккиз кун бўлганида, хонадонга ўғри оралайди. Бу вақтда футболчи собиқ рафиқаси Элен Ривас билан ухлаб ётганди. Босқинчилар шу қадар эҳтиёткорлик билан ҳаракат қилишадики, уй эгалари қимматбаҳо буюмлар йўқолганини, ҳатто гараждаги икки қимматбаҳо автомобиль - «Астон Мартин» ва «Мерседес» ҳам ғойиб бўлганини сезмай қолишади. Тўғри, орадан кўп ўтмай, маҳаллий полиция томонидан машиналар ва баъзи буюмларни топиб, футболчига қайтарилади. Лекин қизиғи шундаки, босқинчилар негадир жуфтакни ростлаш пайтида Фрэнк­нинг уйи деворига «Фулхэм» рамзи туширилган сурат чизиб кетишади.

Стивен Жеррард

Англия термасининг яна бир собиқ аъзоси, «Ливерпуль» афсонаси Стивен Жеррард ҳам 2007 йили босқинчилик қурбонига айланади. Ҳодиса рўй берган вақтда Стиви Жи «қизиллар» сафида ЕЧЛ ўйинида қатнашиш учун Марселга йўл олганди. Бундан фойдаланган ниқобли тўрт киши футболчининг Формби шаҳридаги 3 млн. фунтлик уйига тунда бостириб киришади. Жеррарднинг рафиқаси Алекс Каррэн эса қўлидан ҳеч нарса келмаслигини билиб, улар уйни қандай «тозалаш»ганини жимгина томоша қилади. Шу орқали у нафақат ўзининг, балки тинчгина ухлаб ётган фарзандларининг ҳам ҳаётини сақлаб қолади. Орадан маълум вақт ўтгач, босқинчилардан бири полиция томонидан қўлга олинади.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:13, 13.02.2016.
Ўқилди: 4372 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.