Баҳрайн футбол федерациясининг собиқ раҳбари, ҳозирда ФИФА президенти лавозимига номзодлардан бири шайх Салмон ибн Иброҳим Ал-Халифа келишилган ўйинларни ташкиллаштиришга алоқадорликда гумон қилинмоқда.
2010 йилда сингапурлик Уилсон Раж Перумал Салмон ва Баҳрайн футбол федерацияси номидан Того терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ташкил этган. Учрашув Баҳрайннинг 3:0 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланган, бу ўйинда 5 та гол офсайд сабабли бекор қилинган.
Учрашувдан кейин Того жамоаси учун ўйнаган ўйинчилар ҳақиқий футболчилар эмас, балки қаллоблар эканлиги маълум бўлган. Тогонинг ҳақиқий ўйинчилари эса бу орада Ботсвана билан ўтказилган учрашувдан сўнг автобусда уйларига қайтаётган бўлганлар.
Перумал 1995 йил Сингапурда ва 2011 йилда Финляндияда келишилган учрашувларни ташкиллаштиргани учун икки марта қамоқда ўтирган. Перумалнинг ўзи эса 2014 йил CNN телеканали эфирида "фаолияти" давомида 100га яқин келишилган ўйинларни ташкиллаштиргани, улар орасида жаҳон чемпионатларининг саралаш ўйинлари даражасидаги кабилар ҳам бўлганини айтган.
Шайх Салмон Перумал билан алоқаси борлиги ҳақидаги хабарни инкор этган.
"Биз ҳеч нарсадан бехабар эдик. Кимдир сизнинг юртингизга Того каби термани олиб келса, сиз бу жамоани танимайсиз. Мен бу ўйинчиларни қандай билишим мумкин? Бу маълум бўлгандан кейин биз ФИФА вакиллари билан бу қандай юз берганини билиш учун ҳамкорлик қилишни бошладик. ФИФА агентга қарши чоралар қабул қилган", деб айтмоқда Салмон.
Эслатиб ўтамиз, ФИФА президенти лавозимига сайловлар Цюрихда 26 февралда бўлиб ўтади.