Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити - Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Роналдиньо:«Фаолиятим - болалик орзуларим рўёби»

Баҳо:
+ | -

Футбол афсоналаридан бири Роналдиньо яқинда Sport360 порталига эксклюзив интервью берди. Ҳам терма жамоалар, ҳам клублар футболида бирдек ёрқин из қолдирган «афсунгар» суҳбат давомида биринчи рақамли спорт турига умумий муносабати ва келажак умидларига тўхталиб, яна Ривалдо ҳамда Роналдо ижросидаги ўйинларни ёдга олди.

Асосийси, Роналдиньо ўз фаолиятидан тўла қониқиш ҳосил қилган. У бу борада шундай дейди: «Футболчилик фаолиятим - болалик орзуларимнинг рўёби. Чунончи, доимо таниқли футболчи бўлишни хоҳлаганман ва бу амалга ошди. Ёшларга қайси тарафдандир ибрат бўлганимдан бағоят хурсандман. Зеро, улар энди футбол юлдузига айланиш имконсиз иш эмаслигини билишади. Аслида майдонда кимгадир ўхшашга умуман интилган эмасман. Одамлар мени шундайлигимча севишади - бу жуда муҳим. Фаолиятимга боғлиқ бахтли лаҳзалар шу қадар кўпки, улардан энг яхшисини ажратиб ҳам кўрсатолмайман. Умуман, футбол - бу ҳаётим. Бугун ҳам ҳеч нарса ўзгармади - футбол ва ҳаёт мен учун ҳамон яхлит нарса»

Роналдиньонинг етук футболчига айланиши ёшлигидаёқ ойдинлашганди. Дейлик, битта футзал ўйини кўпчиликнинг ёдида муҳрланиб қолган. Зеро, ўша учрашувда 13 ёшли Роналдиньо ўз жамоасининг барча голларига муаллифлик қилганди. 3-4та ёки 5-6та эмас, нақ 23та (!) голга. У жонажон клуби - «Гремио»да тезда кўзга ташланган. Дейлик, вазиятларнинг бирида ЖЧ-94 ғолиби Дунгани ажойиб тарзда ожиз қолдирганди - тўпни усталик билан унинг боши орқали дарвозага йўллаган. Умуман, Ронни мислсиз техтик қобилияти билан барча-барчани ҳайратга соларди. У «ПСЖ» ва «Барселона»да ҳам, «Милан» ва «Фламенго»да ҳам ақл бовар қилмас хатти-ҳаракатларни амалга ошириб, нафақат рақиблари, балки мухлисларни-да гангитиб қўярди. Бразилиялик етук ижрочи умумий ҳисобда клуб миқёсида 13та, терма жамоалар даражасида эса 4та соврин ютган. Шунингдек, кетма-кет 2 йил (2004, 2005) ФИФА талқини бўйича жаҳоннинг энг яхши футболчиси, деб топилган. Қизиқ, унга нима муҳимроқ саналган - мукофотларми ёки мухлисларга хурсандчилик улашиш? Роналдиньо бунга жавобан шундай дейди: «Униси ҳам, буниси ҳам. Ўзим ёқтирган машғулот билан шуғулланганимдан бахтиёрман. Лекин табиатан мағлубиятни асло жиним суймайди. Севимли ўйинингда ғалаба қозониш имконияти борлигини билиб ҳаракатланишинг нақадар яхши. Бу шунчаки, мўъжиза».

Роналдиньо фаолиятини «Барселона»сиз тасаввур қилиш мумкин эмас. У Каталонияда голландиялик Франк Райкаард қўл остида тўп суриб, 2003-2008 йиллар оралиғида 207 марта майдонга тушган, 94та гол уриб, 69тасига ассистентлик қилган. Хуллас, бўлажак юлдуз Лионель Месси, испаниялик «метроном» Хави Эрнандес, португалиялик плеймейкер Деку, камерунлик «ваҳший» Самуэль Это~О кабилар билан елкама-елка ўйнаган бразилиялик узунсоч 2 марта Ла-лига ғолибига айланган, 2005-2006 йиллар мавсумида эса ЧЛ кубогини боши узра баланд кўтарган. Кўпчилик Роннининг «Челси»га қарши баҳсда рақибнинг бутун ҳимоясини бетакрор «финт»лар серияси ёрдамида қандай «жинни» қилганини эслаб қолган. 2005 йилги «Эль-класико»да эса «дубль» қайд этиб, ҳаттоки, «Реал» мухлислари олқишига сазовор бўлган. «Барселона»даги биринчи ва охирги голим ўртасидаги вақт тўлалигича сеҳрли, ақл бовар қилмас давр ҳисобланади. Ўша дамларни эсласам, барчасини қайта бошдан ўтказгандек бўламан, гўё. Франк Райкаард - ажойиб мураббий, зўр стратег, футбол профессори ва шунчаки, яхши дўст. Унинг оқиллиги туфайли ўз ишимдан чинакамига роҳатланганман.

2002 йилги ЖЧда Бразилия терма жамоаси ҳужум чизиғида 3та «Р» юзага келганди - Роналдиньо, Роналдо, Ривалдо. Ронни миллий жамоа сафида 97 марта майдонга тушган. Табиийки, у айниқса, Япония ва Ж.Корея майдонларида ўтган мундиални хандон отиб кулганча эслайди: «Бу мўъжизанинг ўзгинаси эди. Ахир мен ўз кумирларим билан бирга ўйнаш имкониятига эга бўлгандим. Кейин улар қадрдон дўстларимга айланишди. Жаҳон чемпионатидаги ғалабамиз алоҳида ўрин тутади. Бундай лаҳзалар ҳеч қачон унутилмайди».

Роналдиньони ҳали яна бирор клубда кўрсак, ажабмас. Унинг собиқ клубдоши Хави ўтган йили «Ал-Садд» сафига қўшилганини яхши биласиз. Ронни шунга ўхшаш тақдирга қандай қарайди? «Хави қиёси йўқ футболчи. У билан яна бирга тўп суришдан бош тортмасдим. Умуман, Ўрта Шарқда қизиқишим баланд. Лекин ҳозир кейинги тақдирим қандай бўлишини аниқ айтолмайман».

Бразилияликни яқин келажакда нима кутаётганидан қатъий назар, унинг футбол тарихидан абадий жой олгани тайин. Роннининг ўзи ҳам шундай фикрда: «Ўз фаолиятимни хотирлар эканман, барча соврин ва шахсий мукофотларим кўз ўнгимга келади. Қайтараман, уларнинг орасидан биттасини ажратиб кўрсатолмайман. Энг ёқимлиси, мен кўплаб тенги йўқ футболчилар билан ўйнадим ва улар энди дўстим ҳисобланишади. Агар барчаларини санаб чиқишимни сўрасангиз, бунинг учун бир кун етмаслиги аниқ...».

Football.ua, И. РАҲИМОВ тайёрлади

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 12:04, 16.02.2016.
Ўқилди: 3490 марта.
Фикрлар: 3 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.