Британиянинг FourFourTwo журнали дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири Криштиану Роналдунинг руҳий саломатлигини шубҳа остига қўядиган ҳикояни чоп этди, деб ёзади «Sports.ru». У Роналдунинг хаёлий дўсти ҳақида бўлиб, таъсирли, баъзи жойлари эса кулгили эди.
«Жоау мени жамоадаги бошқа ҳақиқий шерикларим ёки мураббийларимдан кўра яхшироқ тушунади. У менинг мода бўйича истакларим устидан кулмайди ва менга Лионель Мессидек яхши ўйинчи эмаслигимни пеш қилмайди. Айнан шунинг учун у менинг энг яхши дўстим. Бундан ташқари, у ўзини худди мен каби истеъдодли, келишган ёки бадавлат қилиб кўрсатмайди. Жоау Бензема каби моҳир ва Бэйл каби ёқимтой деб айта оламан. Мен билан қиёслаганда у унчалик моҳир ёки келишган эмас… Агар реал одамлар Жоауга ўхшаганида, дунё анча яхшироқ бўларди», — деди Роналду.
Ҳикоя сўнгидагина нашр изоҳ келтирди: «Илтимос, эътибор беринг, ушбу ҳажвий сюжет ҳақиқий эмас».