Бугун, 23 февраль куни Осиё чемпионлар лигаси-2016 гуруҳ босқичи старт олади. Бугун Ўзбекистоннинг икки клуби — “Локомотив” ҳамда “Бунёдкор” жамоалари ушбу босқичдаги илк ўйинларини ўтказади.
Осиё чемпионалр лигаси-2016.
А гуруҳи, 1-тур
«Локомотив» (Ўзбекистон) - «Ал-Иттиҳод» (Саудия Арабистони)
“Локомотив” стадиони, Тошкент.
Сешанба, 23 февраль 2016 йил, соат 15:00
“Локомотив” ҳамда “Ал-Иттиҳод” жамоалари Осиё чемпионлар лигаси доирасида илк бора тўқнаш келмоқда. Тошкент “темирйўлчилари” ушбу турнир гуруҳ босқичида иккинчи марта иштирок этяпти. “Ал-Иттиҳод” учун эса бу Осиё чемпионлар лигасидаги ўнинчи иштирокдир.
“Локомотив”
— “Локомотив” чемпионлар лигаси гуруҳ босқичидаги уй ўйинларида фақат бир бора, “Ал-Иттиҳод”нинг энг асосий рақиби — “Ал-Ҳилол”га мағлуб бўлган. Тошкент клубининг ОЧЛ гуруҳ босқичидаги аввалги иштироки муваффақиятсиз якунланган. Унда “темирйўлчилар” фақатгина бир ўйинда ғалаба қозониб, гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаганди.
— Ушбу мавсум олдидан клуб ўз сафига тўрт нафар янги футболчини қўшиб олди. Садриддин Абдуллаев, Шерзод Файзив, Сервер Жепаров ҳамда Кахи Махарадзе “Локомотив”га ўз тарихида илк бора ОЧЛ гуруҳ босқичидан чиқишга кўмаклашади.
— Шуни ҳам таъкидлаш кераки, “Локомотив” таркибида Ўзбекистон миллий терма жамоасига доимий равишда чақирув олиб келаётган Игнатий Нестеров, Ислом Тўхтахўжаев, Марат Бикмаев, Жасур Ҳасанов, Санжар Шоаҳмедов, Сервер Жепаров, шунингдек, узоқ йиллар терма жамоа сафида ҳаракат қилган ва мамлакат бош жамоаси сафида ўйинларда иштирок борасида рекорд натижага эга бўлган Темур Кападзе ўзларининг халқаро турнирлардаги тажрибаси билан жамоага ёрдам беришга тайёр.
— Жамоа сафида биргина Икром Алибоевда кичик жароҳат бор, қолган футболчилар эса ўйинга тайёр.
Маҳаллий чемпионат
— Ўзбекистон Пофессионал футбол лигасида мавсум ҳамли старт олганича йўқ. “Локомотив”нинг чемпионатдаги илк рақиби Наманганнинг “Навбаҳор” клуби бўлади. Ушбу ўйин 5 март куни ўтказилади.
“Ал-Иттиҳод”
— Саудия Арабистонининг “Ал-Иттиҳод” жамоаси шу кунга қадар ушбу турнир доирасида Тошкентга 5 бора ташриф буюриб, 3 бора ғалаба қозонган, бир дранг қайд этиб, икки марта мағлубият билан қайтган. Жамоанинг Тошкентга сўнгги сафари 2012 йили бўлган ва унда ОЧЛ гуруҳ босқичи доирасида улар “Пахтакор”ни 2:1 ҳисобида мағлуб этганди.
— Жамоа мураббийлар штаби Умар Ал-Ҳарби ва тажрибали Муҳаммад Нурни ОЧЛ “заявкаси”га киритмаган.
— “Ал-Иттиҳод”нинг 2005 йилда ОЧЛда ғалаба қозонган таркибидан фақатгина Ҳамад Ал-Мунташарий жамоанинг бу йилги “заявкаси”га киритилди.
— “Ал-Иттиҳод”да Чемпионлар Лигасида ғалаба қозониш тажрибасига эга футболчилар бор. Хусусан, ганалик легионер Салли Мунтари Миланнинг “Интер” клуби билан 2010 йилда Европа Чемпионлар Лигаси ғолиби бўлган.
Маҳаллий чемпионат
— “Ал-Иттиҳод”нинг Саудия Арабистони чемпионатидаги кетма-кет 5 ўйиндан иборат бўлган ғалабали сериясига 16 февраль куни якун ясалди. Шу куни улар “Ал-Қодисия” билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этди. Улар айни вақтда пешқадам “Ал-Ҳилол”дан 4 очко ортда қолган ҳолда чемпионатнинг 3-ўринида бормоқа.
Гуруҳдаги иккинчи учрашувда “Сепаҳон” ва “Ан-Наср” ўзаро тўқнаш келади.
В гуруҳи, 1-тур
“Ан-Наср” (Саудия Арабистони) – “Бунёдкор” (Ўзбекистон)
“Қирол Фаҳд” стадиони, Риёд.
Сешанба, 23 февраль 2016 йил, соат 22:15
Ушбу жамоалар бу мусобақа доирасида кетма-кет иккинчи мавсум ўзаро тўқнаш келмоқда. “Ан-Наср” учун бу ОЧЛдаги учинчи иштирок бўлса, “Бунёдкор” кетма-кет 9-маротаба ушбу турнирнинг гуруҳ босқичида иштирок этяпти.
“Ан-Наср”
— “Ан-Наср” ўз майдонида ўзбек клубларига қарши ўйинларда мағлубиятга учрамаган. 2011 йилда “Пахтакор”ни 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратган бўлса, ўтган йили “Бунёдкор” билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этган.
— Ўтган йили Чемпионлар Лигасини тарк этганидан кейин, жамоа ўз сафига Саудия Арабистони терма жамоаси футболчиси Наиф Ҳазазийни қўшиб олди. У “Ал-Иттиҳод” ҳамда “Аш-Шабоб” клублари таркибида Оси ё чемпионлар лигасида иштирок этиш тажрибасига эга. Ҳазазий 2012 йил “Ал-Иттиҳод” билан ОЧЛ ярим финалига қадар етиб борган ва мусобақа давомида 8 бора рақиблар дарвозасини нишонга аниқ олганди.
— Шунингдек, “Ан-Наср” Англиянинг “Вест Ҳэм Юнайтед” клубидан Модибо Майгани ҳарид қилиб, ижарадаги бразилиялик футболчиси Маркос Габриелни “Сантос”дан қайтариб олди.
Маҳаллий чемпионат
Саудия Арабистонининг амалдаги чемпионалари бу мавсумда кетма-кет учинчи бора чемпионликни нишонлаш орзусидан анча йироқлашиб кетди. Улар чемпионатдаги сўнгги 12 ўйинидан фақатгина 3тасини ғалаба билан якунлай олди холос ва айни вақтда чемпионатнинг 7-поғонасида бормоқда. Турнир жадвалидаги пешқадам — “Ал-Ҳилол”дан 17 очко ортда боряпти.
“Бунёдкор”
— Элдор Шомуродовнинг икки голи эвазига Бирлашган Араб Амирликларининг “Аш-Шабоб” жамоасини 2:0 ҳисобида мағлуб этиб, плей-оффдан гуруҳ босқичига ўтган “Бунёдкор” учун бу ушбу турнирнинг мана шу босқичидаги кетма-кет тўққизинчи марта иштирокдир.
— Саудия Арабистонига саккиз бора сафар қилган “Бунёдкор” ҳали бирор марта ғалаба билан қайтмаган. Қиролликга қилинган сафарлардан 4тасида дуранг қайд этилган бўлса тўрттасида “қалдирғочлар” мағлуб бўлган.
— Жамоанинг Саудия Арабистонига сўнгги ташрифи ўтган йили айнан бугунги рақибларига қарши бўлган бўлиб, унда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилган.
— Ўтган йили “Ан-Наср”га қарши ўйинда қайд этилган дуранг жамоага гуруҳ босқичидаги ягона очкони тақдим қилганди. Қолган барча ўйинларда мағлуб бўлган “Бунёдкор” ўз тарихида биринчи марта ОЧЛ гуруҳ босқичидан чиқа олмаганди.
Маҳаллий чемпионат
Олий лига ўйинлари ҳали старт олмади ва “Бунёдкор” ўйининг дастлабки ўйинини 5 март куни “Нефтчи”га қарши ўтказади.
Гуруҳдаги бошқа ўйинда Қатарнинг “Лаҳвия” жамоаси Эроннинг “Зоб Аҳан” клубини қабул қилади.