Айрим футболчиларга шунчаки, қойил қолиш керак: улар яшил майдонларда жавлон уриш баробарида олий ўқув юртларида таҳсил олишга ҳам улгурадилар. Ҳаттоки, спортга умуман дахли йўқ соҳалар бўйича олий маълумотга эга юлдузлар ҳам бор. Марҳамат, спортга дахлсиз мутахассисликка ўқиган 9 нафар серқирра футболчи билан танишинг.
1. Андрей АРШАВИН
Аршавин - ўз касбига дахли йўқ соҳа бўйича олий маълумотга эга россиялик энг таниқли футболчи. У Санкт-Петербург Технология ва дизайн давлат университетида таҳсил олган. Яъни 2007 йили «Либослар ишлаб чиқариш муҳандиси» мутахассислиги бўйича диплом ишини ҳимоя қилган. Лекин кўпчилик Аршавинни дизайнер сифатида тилга оладики, бу хато. Андрейнинг ўзи ҳам «Мен дизайнер эмас, балки либослар технологиман, шуниси тўғрироқ», - дея фикр билдирганди.
2. Шака ХИСЛОП
Эҳтимол, мухлислар Хислоп ҳақида кўп эшитишмагандир. Аммо факт шуки, у АПЛда ўша Аршавиндан ҳам кўпроқ ўйнаган. Аниқроқ айтсак, «Ньюкасл», «Вест Хэм» ва «Портсмут» клублари таркибида жами 221 марта майдонга тушган. Эътиборлиси, ушбу посбон АПЛдаги фаолияти давомида Вашингтонда, ўша машҳур Ховард университетида ўқишга вақт топган. Хуллас, Хислоп машинасозлик соҳасида муҳандис дипломига эга. У футболчилик фаолиятига MLS иштирокчиси - «Даллас»да нуқта қўйди ва Қўшма Штатларларда қолиб, иккинчи касби бўйича НАСА фазовий тадқиқот маркази (!)да амалиёт ўтади.
3. Хуан МАТА
Мата Мадрид Политехника университетининг журналистика факультетини тугатган. Испаниядан Англияга кўчиб ўтган ярим ҳимоячи яна маркетинг бўйича махсус курсларда таълим олди. Хуаннинг ушбу қизиқишлари бежиз эмас. Зеро, унинг амакиси бизнес билан шуғулланади. Умуман, айтишларича, Марта янги нарсаларни тез ўзлаштиради. Мисол учун, «Валенсия»дан «Челси»га ўтгач, инглиз тилида бемалол, эркин мулоқот қилиш даражасига етиш учун атиги бир йил сарфлаган экан, холос.
4. Александр КЕРЖАКОВ
Ушбу ҳужумчи 2006 йили қўлига илк дипломини олган. У Лесгафт номидаги университетда мураббийлик факультетини тугатган. Орадан 3 йил ўтиб, Кержаковга олий маълумот белгиси ҳисобланган яна бир ҳужжат берилди. Бу сафар ҳужумчи қайси соҳа бўйича ўқиш масаласида ҳаттоки, Санкт-Петербург Муҳандислик-иқтисодиёт давлат университети ректори билан махсус маслаҳатлашди. Якунда «Давлат ва муниципиал муассалари бошқаруви» мутахассислигини танлади. Саша бу қарорига шундай изоҳ берганди: «Мен фақат ўзим ёки дўстларим эмас, балки барча одамларга наф келтиришни истайман».
5. Том ХЕГЛИ
Одатда футболчи олдида битта танлов кўндаланг бўлади - ўқиш ёки спорт. Лекин Хегли ҳар иккисини баравар ушлаган футболчилардан биридир. Норвегия терма жамоаси ва «Копенгаген» клуби ҳимоячиси педогог ҳисобланади. Хуллас, унда мактаб ёки университетда дарс ўташ имконини берувчи махсус лицензияси бор.
6. ОЛЕГЕР
«Барселона»нинг собиқ ҳимоячиси иқтисодиёт йўналишида олий маълумотга эга. У хусусан, Каталониянинг Испаниядан ажралиб чиқишининг фойдали томонлари хусусида мақолалар ёзади. Айтишларича, Олегер иқтисодиёт ва сиёсатга шунчалик қизиққанки, вақтида ўқиши туфайли «Барселона» машғулотларига доимо уйқусираган ҳолда борарди. Тўғри, у бу борада ёлғиз эмасди. Яъни бразилиялик Роналдиньо ҳам машғулотларда уйқусираб қатнашарди. Фақат, сабаб бошқа - у тунги клубларда кўнгилхушликни ўрнига қўйиб, уйқудан қоларди.
7. СОКРАТЕС
ЖЧ-82да Бразилия терма жамоасига сардорлик қилган Сократес отасининг қистови билан тиббиёт соҳасида таҳсил олган. Тўғри, у бошида бунга қарши бориб, футболни маҳкам тутган. Умуман, Сократесга «Доктор» лақаби бежиз берилмаган. Асосийси, футболчи бутсаларини михга илгач, Рибейрау-Пертуда шахсий клиника очган. У айнан шу муниципалитетдаги медицина факультетида таҳсил олганди. Сократес 1992 йили ушбу клиникага умумий ҳисобда чамаси 300 минг доллар сармоя сарфлаган. Унда ҳам профессионал спортчилар, ҳам оддий фуқароларга бирдек хизмат кўрсатилади.
8. Славен БИЛИЧ
Амалдаги мураббий ҳам мажбурий ҳолда ўқиган. Фақат, тиббиёт эмас, юридик соҳа бўйича. Гап шундаки, Славеннинг отаси Иқтисодиёт ва юриспруденция университетида профессор эди. Билич агар хоҳласа, агентлар хизматидан фойдаланмайди ва шартномасини ўзи мустақил текшира олади. Умуман, на у ва на акасида ўқишдан бўйин товлаш учун йўл йўқ эди - улар мажбурий равишда ҳуқуқ соҳасида олий маълумотга эга бўлишган.
9. Оливер БИРХОФФ
Германия терма жамоаси собиқ ҳужумчиси Италияда ўйнаб юрган пайти иқтисодчи дипломини қўлга киритган. У ўқиш ва футболни тенг олиб боришда роса қийналгани ва доимо қўшимча дарс олишига тўғри келганини кўп айтарди. Муҳими, иккинчи мутахассислик Оливерга фаолиятидан сўнг ҳам футболда қолиш имконини берди. Ҳарқалай, Бирхофф 2004 йилдан буён Германия терма жамоаси менежери сифатида ишлаяпти. Йоахим Лёв жамоасининг барча ўртоқлик ўйинларию, машғулотларига айнан Оливер масъул. Немисларнинг натижаларига қарасак, у ўз вазифасини яхши бажаряпти.
Манба: Championat.com,
А. ҚодирОВ тайёрлади