Алишер Саматов, Ўткир Юсупов, Сардор Эминов, Илхом Бойдедаев, Дамир Назинов, Абдураҳмон Абдулҳақов, Хусниддин Ғофуров каби қишки йиғин чоғида таркибга қўшилган янги футболчилар 27 февраль куни оммага расман таништирилди. Қиргулидаги “Нефтчи” Маданият саройида бўлиб ўтган маросимда ФНҚИЗдан Жўравой Ходжақулов, Фарғона футбол федерацияси биринчи вице-президенти Тоҳир Кападзе, “Нефтчи” ПФК раиси Салимжон Зокиров, жамоа бош мураббий Андрей Фёдоров, “Нефтчи” футболчилари, ОАВ вакиллари ҳамда бир қатор мухлислар иштирок этишди. Маросимни клуб матбуот котиби Ҳожиакбар Жабборов олиб борди.
Унда биринчилардан бўлиб сўзга чиққан Жўравой Ходжақулов ҳамда Тоҳир Кападзелар янги мавсум олдидан “Нефтчи” жамоасига чин юракдан омад тилашди. Шундан сўнг сўзга клуб раиси Салимжон Зокиров чиқди.
- Ассалому алайкум, хурматли меҳмонлар. Хуш келибсизлар! “Нефтчи” жамоаси Олий лига-2016га жиддий тарзда тайёрланди, - деб гап бошлади Салимжон Зокиров – Мана шу ерда ўтирган мураббийлар штаби ва футболчилар номидан сизга маълум қилмоқчиман-ки, янги мавсумда “Нефтчи” жамоаси хар бир ўйин бор кучи билан ҳаракат қилиб, хар қандай ўйинда фақат ва фақат ғалаба учун майдонга чиқади. “Нефтчи” мухлислари – бу бизнинг 12-ўйинчи аъзомиз ҳисобланади. Янги мавсумда уларга биринчи галда соғлик-саломат тилаш билан биргаликда, жамоамизни ҳамиша қўллаб-қувватлашларини чин юракдан хохлардим. “Нефтчи”ни нафақат Осиё балки бутун дунё таниган тарихий жамоа. Биз қўлдан келганча, жамоанинг шонли тарихида қайд этилган натижаларни яна такрорлашга ҳаракат қиламиз ва бу борада тинимсиз меҳнат қиляпмиз, - деди клуб раиси.
Шундан сўнг сўз навбати жамоа устози Андрей Фёдоровга берилди.
- Хайрли кун хурматли мухлислар ! Футбол жамоавий ўйин. Унда кучли хамжиҳатликка эга бўлганларгина натижага эришади. Мухлислар эса бизнинг 12-вакилимиз. Шунинг учун мухлислар билан биргаликда бирлашимиз лозим деб ўйлайман, - деб гап бошлади Андрей Витальевич. – Мен “Нефтчи”да футболчи сифатида шаклландим ва бугунги кунга келиб мазкур клубда мураббий бўлиб ишлаш бахтига ҳам сазовор бўляпман. 2-йилдан буён Фарғонадаман. Фаолиятим давомида кўплаб жамоалар ва уларнинг мухлисларини кўрдим. Бироқ “Нефтчи” мухлисларидек жонкуяр ишқибозларга хеч қайерда дуч келмаганман. Биз уларни ҳамиша қадрлаймиз. Олий лига-2016 бошланмоқда. Янги мавсум арафасида жароҳатлар муаммосидан имкон қадар четланишига ҳаракат қилдик. Харид қилинган футболчиларга келсак, биз аввалдан кузатиб келган яъни кўз остимизга олиб қўйган йигитларни таркибга қўшдик. Мен уларга ишонаман. Қўл остимдаги шогирдларим хамиша “Нефтчи” учун борини бериб ўйнашган. Ўтган йили жамоа сафида ҳаракат қилган асосий таркиб футболчиларини жамоада сақлаб қолдик. Чунки улар менинг ишончимни оқлашди ва бу йилги мавсумда ҳам юқори савияда ўйнашларига кафолат бераман.
- “Нефтчи”нинг олдига қандай мақсад қўйилди?
- 2014-йили 8-ўринни эгаладик. Ўтган йили эса 5-ўрин билан чекладик. Эътибор берган бўлсангиз, натижалар яхшиланмоқда. Биз яна шу йўлдан кетамиз. Яъни йилдан-йилга натижаларни кўтариб боришни режа қилганмиз. Ўтган йили 5-ўринни қўлга киритган бўлсак, Олий лига-2016да ундан-да яхшироқ натижалар учун ўйнаймиз. Яширмайман, янги мавсумдан умидим катта, - деб фикрларини якунлади “Нефтчи” жамоаси бош мураббийи Андрей Фёдоров.
Мураббий фикрларини якунлангач, янги футболчиларнинг расмий таништирув маросими бошланди.
Шунингдек тадбир доирасида, Фарғона шаҳри 1-сонли футболга ихтисослаштирилган футбол интернатининг 2000-2002-йиллардан туғилган футболчилардан ташкил топган жамоаси саҳнага таклиф этилди. Улар яқинда “Бухоро Очиқ чемпионати”да иштирок этиб фахрли биринчи ўринни қўлга киритганилари муносабити билан тақдирланашиди.
Шу тариқи бир ярим соат давом этган маросим ниҳояланди.
"Нефтчи" ПФК матбуот хизмати.