Осиё чемпионлар лигасининг 2-турида "Бунёдкор" ўз майдонида Саудия Арабистонининг "Ан-Насср" клубига имкониятни бой берди.
Рауль Канеда бошчилигидаги саудияликлар 1-турдаги ўйиндан фарқли равишда Тошкентдаги учрашувда бутунлай бошқача ўйин намойиш қилишди. "Насср" ўйин бошиданоқ тўпни назорат қилиб, "Бунёдкор"ни тўпсиз қолдиришга муваффақ бўлди. Натижада ҳужумкор ўйин қилмоқчи бўлган Лушчан шогирдларининг режасини бутунлай чиппакка чиқди. Маҳоратли футболчилардан иборат жиддаликлар ўзининг ҳужумкор ўйинини намойиш қила бошлади. Зуагисиз қолган "қалдирғочлар" эса ҳужумдаги Шаҳзод Нурматов жуда ожиз кўринишди.
Бундай ҳолатда ҳимояда бехато ўйнаб, танаффусга қадар дурангни сақлаб қолиш талаб этиларди. Аммо вакилларимиз буни уддалай олишмади. Ўйин давомида жуда кўп маротаба "Бунёдкор"ни голдан қутқарган Мурод Зуҳуров "Ан-Насср"нинг легионер ҳужумчиси Модибо Маиганинг унча кучли бўлмаган зарбаси қаршисида ожиз қолди. Маига 3 нафар ҳимоячимиздан муаммосиз алдаб ўтиб кетди.
Иккинчи бўлимда Лушчан шогирдлари ўйинни кучайтиришга ҳаракат қилишди. Лекин бугун майдон эгалари "марказсиз" ўйнашди ҳисоб. Сато Минори ва Шукуров ҳимоя ва ҳужумни боғлаш вазифасини бажара олишмади. Олис масофадан етказилган узатмани Абдуллоҳ ал-Эназий бартараф этаверди. Ўз навбатида меҳмонлар бир неча имкониятдан фойдалана олишмади.
Учрашув сўнгида "Бунёдкор" ҳеч бўлмаса 1 очкони қўлга киритиши мумкин эди. Қўшиб берилган дақиқаларда меҳмонлар дарвозаси олдида бурчак тўпи белгиланди ва Зуҳуров рақиб жарима майдончасига борди. Бурчакдан етказилган узатмага айнан Муроджон бош билан зарба берди ва тўп тўсинга тегиб қайтди. Ашурматовнинг зарбасини дарвозабон қайтарди, Насимовнинг зарбаси эса ноаниқ бўлди!
"Ан-Насср" биринчи ўйиндан тўғри хулоса чиқариб, иштиёқ билан ўйнаган бўлса, "қалдирғочлар" рақибнинг бундай ўйинидан довдираб қолишди. Натижада Саудия жамоаси ўз юртига 3 очко билан қайтадиган бўлди.
ОЧЛ, "В" гуруҳи, 2-тур
“БУНЁДКОР” – “АН-НАCСР” - 0:1 (0:1)
Гол: Модибо Майга (36)
Огоҳлантиришлар: Элдор Шомуродов (27) — Умар Иброҳим (54), Иброҳим Ғолиб (90+3)
"Бунёдкор": 25.Муроджон Зуҳуров, 2.Акмал Шораҳмедов (С), 3.Акром Комилов, 9.Минори Сато (Баҳодир Насимов 72), 10.Элдор Шомуродов (Санжар Қодирқулов 80), 11.Шаҳзодбек Нурматов (Забиҳилла Ўринбоев 52), 17.Достонбек Ҳамдамов, 22.Рустамжон Ашурматов, 29.Отабек Шукуров, 30.Юрица Булят, 71.Александр Алемпиевич
"Ан-Насср": 22.Абдуллоҳ ал-Энизий, 2.Муҳаммад Ҳасан, 4.Умар Иброҳим, 8.Яҳё аш-Шеҳрий (Маркос Габриел 57), 12.Холид ал-Ғамдий, 14.Иброҳим Ғолиб, 16.Абдулазиз ал-Жебрин, 24.Ҳуссайн Сулаймоний, 25.Модибо Майга, 26.Шая Шараҳилий, 86.Адриан Миерзежевски (Муҳаммад Саҳлавий 81).
Бош ҳакам: Моҳд Амирул Изван бин Ёқуб (Малайзия)