Кириш Регистрация

Шайх Салмон: «ФИФА уч йилдан сўнг банкрот бўлади»

Баҳо:
+ | -

ФИФАнинг янги президенти Жанни Инфантино миллий федерацияларга бериладиган ёрдам пулини икки бараварга оширишини маълум қилди. Бу ғоя эса ФИФА президентлигига номзодини қўйган ташкилотнинг вице-президенти ва ОФК раҳбари Шайх Салмон бин Иброҳим ал Халифага маъқул келмади. Унинг айтишича, бу орқали ташкилот банкротга учраши мумкин экан.

2014 йилда ФИФА захирасида 1,523 миллиард доллар маблағ бор эди. Аммо футбол раҳбарларининг криминал ишлари туфайли ҳомийлик қилишни истаган кўплаб компаниялар фикрларидан қайтишди. Ҳамон суриштириш ишлари олиб борилмоқда. ФИФА эса янги можаролардан қочишга ҳаракат қилмоқда.

Associated Pressга интервью берган Шайх Салмон эса 2015-2018 йилларда кутилаётган зарарлар ҳақида гапириб ўтди.

- Кейинги тўрт йилда бюджетда кутилаётган камомад 560 миллион долларни ташкил қилади. Уни эса захира билан ёпиб юбормоқчилар. Агар сиз зиён кўраётган компания раҳбари бўлсангиз, ўз акционерларингизга дивидендларни ошириш бўйича ваъда берасизми?-деди Шайх Салмон.

Сайловолди кампаниясида у фақатгина муҳтож федерацияларга молиявий ёрдам кўрсатишга ваъда берганди. Инфантино эса ФИФАнинг барча 209 аъзо федерациясига футболни ривожлантириш учун 5 миллион доллардан ажратишни ваъда берган. 2011-2014 йилларда бу кўрсаткич 2,05 миллион долларни ташкил қилган. Кўриниб турибдики, мазкур сумма икки баравардан кўпроққа ошган. Шунингдек, яна ваъда қилинган тўловлар ҳам бор.

- Менимча, яна уч йилдан сўнг биз (ФИФА) банкрот бўламиз. Бу ваъдаларни бажаришнинг иложи йўқлигини барча билади. Рақамлар тўғри келмаяпти... Одам ўз имкониятига қараб иш юритиши лозим.

Шунингдек, таваккал қарорларни фақат президентнинг ўзи қабул қилмаслиги керак. Бу ҳолатда демократик тамойиллар бузилмоқда.  Қайси ташкилотни бир инсоннинг ёлғиз ўзи бошқаради? - дейди ОФК раҳбари.

Ал Халифанинг фикрича, ФИФА аъзолари ташкилот маблағларининг бундай сарфланишига йўл қўйишмайди.

- ФИФА раҳбарияти ўзгарди. Биринчи ўринда мақсад ҳам ўзгаради. Барчаси кўнгилдагидек ишлаши учун энг аввало, ўз уйимизда тартиб ўрнатишимиз лозим.

Шайх Салмон ФИФА президентига ташкилотнинг пулларини совуриб юборишига йўл қўймаслигини таъкидлаб ўтди.

- Ҳамон ташкилотнинг вице-президентиман ва бошқа мамлакатларни қўллаган ҳолда, ФИФА обрўси учун иш олиб бораман.

Шунингдек, функционер 2011 йили Баҳрайнда рўй берган тартибсизликларда иштирок этган футболчиларнинг ҳибсга олинишида қўли йўқлигини кўп бора таъкидлаган. Эслатиб ўтамиз, у Баҳрайн қироллик оиласи вакили ҳисобланади. Айнан юқоридаги воқеалар туфайли Англия ва Германия футбол федерациялари Шайх Салмонни ФИФА президентлиги сайловларида қўлламасликларини айтишганди.

- Мени юқоридаги айбловларда муҳокама қилишларига йўл қўймайман. Футболдан «ташқарига» чиқишни хаёлимга ҳам келтирмайман. Футболчилар билан яхши муносабатдаман, келажакда ҳам шундай бўлиб қолади. Бундай айбловларни ҳақорат сифатида қабул қиламан.

Шунингдек, у 2026 йили бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионати борасида ҳам фикр билдириб ўтди. ФИФА аввалига бўлажак мундиал мезбонини 2017 йилда аниқлашни режалаштирганди. Аммо коррупцион можаролар туфайли бунинг имкони йўқдек туюлмоқда. Шайх Салмоннинг айтишича, ЖЧ-2026 мезбонини аниқлаш 2020 йилдан олдин амалга ошмас экан.

- Менимча, 2017 йили бундай қарор қабул қилиш қийин кечади. Ҳаммасини кўнгилдагидек бажаришга улгурмасак керак.

2018 йили Россия ва 2022 йили Қатарда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатлари туфайли турли мунозаралар кетмоқда. Умид қиламанки, бу сафар барчани қониқтирадиган мезбонни топамиз.

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:09, 03.03.2016.
Ўқилди: 4406 марта.
Фикрлар: 5 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.