Сўнги пайтларда “Манчестер Юнайтед” жамоасига Жозе Моуриньо бош мураббий бўлиши ҳақидаги хабарлар тинмаяпти. «Special one» “Қизил иблислар” мураббийи бўлиши керакми?
Ҳа
1) “Манчестер Юнайтед” Фергюсон кетганидан буён, бирорта совринга эга чиқа олмади. Клуб мухлислари бунга кўникиб қолишмасидан бурун, жамоани янги совринлар сари етаклай оладиган мутахассис жамоани бошқаргани маъқул. Бу борада Моуриньо клубга тўғри келади. У узоғи билан 2 мавсум ичида жамоа музейига янги кубокларни олиб кела олади. Буни португалиялик мутахссис “Порту”, “Интер”, “Челси” ва “Реал” клубларида ҳам исботлаган.
2) “Юнайтед” ўтган йили Чемпионлар лигасида иштирок эта олмаган бўлса, бу йил гуруҳ босиқчидаёқ ўз иштирокини якунлади. Бу натижа клуб имиджига ҳам таъсир ўтказмасдан қолмайди. Жозе “қизил иблислар”га мазкур турнидаги стабилликни тақдим этиши, ҳар мавсум клубни ярим финалга қадар олиб келиши мумкин.
3) “Сити”га Гвардиола келаётганини инобатга оладиган бўлсак, “Юнайтед”га Моуриньо келса чемпионатдаги шиддат янада кучаяди. Мухлислар яна Пеп-Жозе дуэлига гувоҳ бўлишади. Гвардиола бошқарадиган жамоаларга чемпионат баҳсларида фақатгина Моуриньо бас кела олганини унутмаслик лозим.
Йўқ
1) Моуриньо битта жамоада кўпи билан 3 мавсум ишлайди. “Қизил иблислар” Фергюсондан кейин яна жамоани узоқ муддат бошқарадиган мутахассис келишини исташади. Агар клуб раҳбарияти узоқ йиллар давомида жамоани бошқарадиган мутахассис излашса, бу борада Моуриньо уларнинг рўйҳатига кирмайди.
2) Жозе одатда шогирдлари орасида кимдир унинг обрўсидан юқори турадиган футболчи бўлишини хоҳламайди. У “Реал”да Касильяс, “Челси”да Мата билан қандай вазиятлар келтириб чиқаргани кўпчиликка аён. Агар португалиялик “Юнайтед”га келса, катта эҳтимолки жамоани Мата ва Рунидек етакчилар ҳам тарк этиши мумкин. Моур ички муҳитни яхши ушлаб тура олмаслиги ҳам, унинг “МЮ”га келишига тўсқинлик қилиши мумкин.
3) Моуриньо икки марта “Челси”да ишлаган. Бу эса „иблислар“ мухлисларига унчалик ҳам ёқмаслиги мумкин. Зеро, у „аристократлар“ни бошқарганида, бир неча бор Манчестер клубини ёмонлаган эди. Моуриньо „МЮ“га келса, „Челси“ билан тўқнашувлар тинч ўтиши даргумон.
Хўш, сиз бу борада қандай фикрдасиз?
Фурқат Юсупов