Чеченистон пойтахти Грозний шаҳрида профессионал бокс кечаси ўз якунига етди. Оқшомнинг марказий жангида ҳамюртимиз Руслан Чагаев (32-3-1, 21 КО) ўзига тегишли бўлган WBA (Regular) чемпионлик камарини мағлубият нималигини билмай келаётган австралиялик “нокаутчи” Лукас Браун (24-0-0, 21 КО)дан ҳимоя қилди.
Афсуски, Рамзан Қодировга тегишли “Ахмат” бокс клуби томонидан ташкил этилган ушбу бокс кечасида ҳамюртимиз рақибига имкониятни бой бериб қўйди. Ўнинчи раунд якунланишига 30 сония қолган бир пайтда Чагаев кучли зарба ўтказиб юборди.
Бундан фойдаланган австралиялик боксчи кетма-кет аниқ зарбалар йўллаб, рақибини мувозанатдан чиқарди. Рефери эса бу вазиятда жангни тўхтатишга мажбур бўлди. Очколар ҳисоби бўйича катта ташаббусга эга бўлиб турган “Оқ Тайсон” кутилмаган мағлубиятни қабул қилиб олди. Бу билан Руслан Чагаев чемпионлик камарини топширди.
Эътиборга молик жиҳати шундаки, Руслан Чагаев техник нокаутга қадар 10та раунддан 8тасида ғалаба қозонган экан. Ҳакамлар ҳисоб-китоби айнан мана шундай бўлиб чиқди. Афсуски, бироз хотиржамликка берилган Руслан Брауннинг ўнг қўлда берган кучли зарбасини ўтказиб юборди.
Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова Руслан Чагаев иштирокидаги жанг аввалида Ўзбекистон давлат мадҳиясини ринг марказида жонли тарзда куйлаганди.