«Севилья» мураббийи Дмитрий Черишев эса Sovsport.ru сайти илтимосига биноан, ўғли - Дениснинг «Малага»га қарши ўйин (2:1)даги ҳаракатларини алоҳида шарҳлаб берди. Чунончи, юқорида таъкидланди, кичик Черишев мазкур баҳсда «кўршапалаклар»га ғалаба келтирган голни ўз ҳисобига ёзиб қўйди.
- Денис «Малага» билан учрашувда «Валенсия» учун иккинчи голини урди. Хўш, у янги жамоага тўлиқ мослашиб олдими?
- Секин-аста мослашяпти, десак тўғрироқ бўлади. Умуман, унда кутиш учун вақт йўқ - ўйнай олишини имкон қадар тезроқ исботлаши керак.
- «Валенсия» шу билан охирги 6та ўйинда 5-марта ғалаба қозонди ва Marca газетаси «Черишев - Невиллнинг энг яхши дўсти» сарлавҳаси орқали ўғлингизни алоҳида эътироф этди.
- Дениснинг энг яхши дўст ёки йўқлигини билмадиму, аммо гол уриш - унинг вазифаси. Ўйлашимча, «Валенсия»нинг охирги натижаларида бир неча омиллар улуши бор. Албатта, ўғлимнинг сафга қўшилгани ҳам шундай омиллардан бири, лекин асосий гап бунда эмас. Менимча, натижалар бўй кўрсатадиган вақт шунчаки, келганди.
- «Малага» дарвозабони Карлос Камени ўз автоголини шундай изоҳлади: «Черишев оёғимни босиб олди». Бу ҳақда нима дея оласиз - ўша вазиятда қоида бузилганмиди?
- Ўйлашимча, йўқ. Зеро, ҳар икки футболчи фақат тўпга қараб, унга эга бўлиш учун курашди. Бундай ҳолатларда тўқнашувдан қочишнинг иложи йўқ. Эҳтимол, Денис дарвозабонга тасодифан тегиниб кетгандир, бироқ унинг ўзи жуда ғалати тўхтамга келди. Дейлик, Камени тўпни нега бошқа томонга тепиб юбормади? Хуллас, бу оддий ўйин вазияти эди.
- Денис сиз билан Гарри Невиллнинг иш услуби ҳақида ҳам гаплашдими?
- Йўқ. Умуман, мен у билан мураббийлар масаласида гаплашмасликка ҳаракат қиламан. Фақат, баъзида Невилл-нинг қандай қизиқарли машқларга урғу қаратиши хусусида сўрашим мумкин. Лекин Дениснинг ўзи мудом барчасини эринмай айтиб беради.
- Қизиқ, унинг гапларидан нималарни билиб олдингиз?
- Бу борада ҳеч нарса айтолмайман. Ҳарқалай, ҳаммаси иш ҳолатларига боғлиқ.
- «Севилья» яқинда «Ноу Камп»да «Барселона»га чинакам кураш тақдим этди. Сизга ҳам жамоангиз каталонияликлардан кучлироқдек туюлгандир...
- Оддий гапираман: Месси-Суарес-Неймар - бу ўта кучли трио. Ушбу футболчилар бир-бирларини сўзсиз тушунадилар. Шунинг учун ҳам ҳужумда уларни тўхтатишнинг иложи топилмаяпти. Умуман, «Барса» триоси ҳозир Европада энг даҳшатлисидир. Жамоанинг ўзига келсак, «Барса»да ҳаммаси шунчаки, аъло!
- «Реал»га айнан каталонияликлар ҳужум чизиғидаги каби ўзаро тушуниб ўйнаш етишмаётгандек.
- Эҳтимол. Мисол учун, «Атлетико»ни олсак, бу клубда барчаси аниқ-соф жамоавий ҳаракатлар, тартибли ўйин ва доимий футболча тажовуз. Ҳар бир ўйинчи ўз жойи ва вазифасини яхши билади. «Реал»да ҳозирча бундай эмас.
- Испанияда Роналдунинг «Агар «Реал»да ҳамма мен каби ўйнаганида, жамоамиз ҳозир 1-ўринда борарди», деган гапига қандай муносабат билдирилди?
- Айтди-қўйди-да... Ҳар ким бу гапни ўзича қабул қилиши мумкин. Ҳозир Роналдунинг фикрини муҳокама этмоқчи эмасман. Фақат шуни айтаманки, одамлар ҳамма жойда бир хил. Табиийки, Криштианунинг сўзлари Испанияда барчага ҳам маъқул тушмади...
А. АҲМЕДОВ тайёрлади