Мюнхеннинг «Бавария» жамоаси ҳужумчиси Роберт Левандовски айни вақтда Мадриднинг «Реал» жамоаси сафига ўтишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда Испаниядаги Sport интернет сайти хабар тарқатган.
Манбанинг маълумотига кўра, Польша терма жамоасида асосий ҳужумчи ҳисобланадиган Левандовски мадридликлар жамоасида Криштиану Роналду ўйнашда давом этар экан, у бу жамоага ўтмайди. Левандовски Роналдунинг худбинлиги билан тўқнашишни истамаётгани айтилган.
Шунингдек, «Ювентус» ҳужумчиси Альваро Мората ҳам худди шу сабаб билан «Қироллик клуби»га қайтишни истамайди. Мадридликлар жамоаси тарбийланувчиси бўлмиш бу ёш футболчи ўзининг «кўҳна синьоралар»даги ҳолатидан қониқиш ҳосил қилаётганини билдирган.
Қайд этиш керакки, жорий мавсум давомида испан матбуоти «Реал» раҳбарияти жамоа таркибини Левандовски ва Мората билан кучайтириш мақсадида эканини ёзиб келганди.