Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина 1-2 Удинезе
24/12 00:45 Интер 2-0 Комо

"Қариб қуйилмаган" Адурис ҳақида

Баҳо:
+ | -

Испания чемпионатининг навбатдаги туридан сўнг «Атлетик» ҳужумчиси Ариц Адурис «Қизил фурия» мураббийларининг эътиборини ўзига қаратди. Ахир у ўша оқшом Ла-лигадаги учинчи «хек-трик»ни қайд этганди-да!

Албатта, мусобақанинг якунланишига 12 тур қолганида Пиренейдаги мухлислар «Атлетик»-«Депортиво» баҳсидан кўра, қизиқарлироқ учрашувларга ҳам гувоҳ бўлишди. «Сан Мамес»даги қарама-қаршиликни зерикарли ҳам, сермазмун ҳам деб бўлмайди. Мазкур баҳсдан кейин бильбаоликлар ЕЛ йўлланмасига янада яқинлашиб олишди. Ла-коруньяликлар эса янада пастроқ поғонага тушиб кетишди. Ҳозирда бильбаоликларнинг асосий эътибори Марсело Бьелса давридан қолган Ариц Адурисга қаратилган - фахрий футболчи барча мусобақаларда сермаҳсул ўйин кўрсатмоқда. «Депортиво»га қарши ўйин ҳам бундан мустасно эмас.

Йил бошидан буён ғалаба нималигини билмай келаётган меҳмонлар дарвозаси 13-дақиқада Муньяин томонидан забт этилди. Шундан сўнг катта саҳнага чиққан Адурис 3 марта рақиб дарвозабонини ранжитди. Асосийси, Ариц ўз фаолиятидаги энг яхши мавсумни ўтказаётгани ниҳоят, рақамларда ҳам ўз ифодасини топа бошлади. Шу тариқа, унинг барча мусобақаларда урган голлари сони 30тага етди. «Шу билан чекланиб қолмоқчи эмасман», - деди ҳужумчи ўйин­дан кейин. Испания терма жамоаси бош мураббийи Висенте Дель Боске эса ҳужумчига бефарқ эмаслигига шаъма қилди: «Жамоа мухлисларнинг овоз беришлари билан шаклланмаслигини ҳамма билади. Лекин улар тинмай «Адурис, Адурис, Адурис» дея ҳайқириб туришганида, бу ҳужумчига эътибор бермасликнинг иложи йўқ».

Очиғи, болалик пайтида Арицнинг ўзи ҳам қачондир Испания терма жамоаси либосини кийиши мумкинлигига ишонмасди. Ота-онаси унинг спортга қизиқишини қўллашса-да, профессионал футболчи бўлишини хоҳламасдилар. Ариц туғилиб-ўсган Сан-Себастьяннинг иқлими қишда чанғида учиш, ёзда сёрфинг билан шуғулланиш учун жуда қулай эди. Ариц ҳам худди шундай қилди. Бундан ташқари, югуриш билан ҳам шуғулланди. Лекин футболдан воз кечолмади. Ниҳоят, бир амаллаб ота-онасидан «Атлетик» академиясида шуғулланиш учун рухсат олди.

Адурис ўзининг илк профессионал шартномасини сегунда Б.нинг «Ауррера» клуби билан тузди ва дебют мавсумидаёқ «Атлетик» эътиборини тортди. Басклар ўлкасида асосан ёшлар жамоасида ўйнади, 3 йилда атиги 3 марта асосий таркибга жалб этилди. 2003 йили «Бургос» ҳаваскорлар жамоасига ўтиб, 36та учрашувда 16та гол урди. Кейин ҳужумчи сегунда вакили - «Валья­долид»га ўтди. Бу ерда ҳам 42та ўйинда 20та гол ургач, «Атлетик» уни қайта чорлади.

Бильбаога қайтиш Адурис учун омадли чиқди. Ла-лигадаги фаолияти унинг етук ҳужумчига айланганидан далолатдир. Ўта ноёб қобилият соҳиби бўлмасада, Ариц иккала оёғида кучли зарбага эга. Гол «ҳиди»ни сезади, жисмоний қуввати ўнлаб голларни таъминлай олади. Тўғри, бироз қизиққонлиги ҳам йўқ эмас - рақибларига қўполлик ишлатиши, ҳакамлар билан тортишиши мумкин. Адуриснинг салбий жиҳатларидан яна бири - қўнимсизлик. 2008 йилдан бошлаб «Мальорка» ва «Валенсия»да 2 йилдан тўп сурди. 2010 йили Ариц илк марта «Қизил фурия»дан таклиф олиб, Литва терма жамоасига қарши кечган баҳс­да Фернандо Торреснинг ўрнига захирадан майдонга тушди. Бир йилдан сўнг у «кўршапалаклар» сафида ЕЧЛдаги дебютини нишонлади. Айни ўша даврда «Атлетик» 3 марта Испания кубогининг ярим финалигача етиб борди, ЕЛнинг финалига чиқди. Адурис эса 13 йиллик фаолиятида бирорта совринга эришолмади.

Ниҳоят, Адурис учинчи марта Бильбаога қайтиб, бутун Европага танила бошлади. Очиғи, мутасаддилар 31 ёшли фахрийдан бунчалик ишончли ўйинни кутишмаганди. Дастлабки икки мавсумда керакли тезланишни олган ҳужумчи ҳозирда ўта сермаҳсул ўйнамоқда. Испания суперкубоги баҳсида «Барса» дарвозасига 3та гол урди, мавсумнинг энг тезкор голи ҳам унинг ҳисобида, чемпионат беллашувларида 3 марта «хет-трик»ка эришди. Жорий мавсумдаги 30та голи шундан далолат берадики, у Диего Коста  (16та) ва Альберто Мората (22та)дан кўпроқ гол урди. Юқорида Дель Боске таъкидлаганидек, терма жамоа мухлисларининг овоз беришлари орқали эмас, ўз позициясининг энг яхши ўйинчилари ҳисобига шакллантириладиган бўлса, Ариц ҳеч бўлмаганда иккинчи марта миллий жамоа либосида майдонга тушишга ҳақли. Айт­ганча, «Депортиво» билан бўлган баҳснинг сўнгги дақиқаларида мураббийлар Адурисни Марино Сабин билан алмаштирдилар. Йўқ, 31 ёшли ҳужумчи чарчаб қолмаганди, унинг 24 ёшли касбдоши ҳам ўша пайтда майдонга туширишларига эҳтиёж сезмаётганди. Шунчаки, Эрнесто Вальверде Арицга жонажон «Сан-Мамес»даги тинимсиз «Адурис, Адурис, Адурис» ҳайқириғини хотиржам эшитиш имкониятини беришга қарор қилганди. Ажабмаски, ана шу ёқимли ҳайқириқ 3 ойдан сўнг Франция майдонларини ҳам ларзага келтирса!

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 10:22, 12.03.2016.
Ўқилди: 3590 марта.
Фикрлар: 2 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.