«Реал» бош мураббийи Зайниддин Зидан жамоанинг кейинги мавсум учун таркиби борасида клуб президенти Флорентино Перес билан келиша олмаяти. Бу ҳақда Испаниянинг Sport.es интернет сайти хабар тарқатди.
Перес «Манчестер Юнайтед» дарвозабони Давид де Хеани қўлга киритишни истаётган бўлса, Зидан бунга эҳтиёж сезмаяпти. Боиси мураббий Кейлор Наваснинг ўйинидан қониқиш ҳосил қилмоқда.
«Қаймоқранглилар» устози майдон марказига «Ювентус» ярим ҳимоячиси Поль Погбани олиб келишни истамоқда. Аммо футболчининг агенти Мино Райолани «Қироллик клуби»дагилар ёқтиришмайди.
Бундан ташқари, Зиданга «Челси» ярим ҳимоячиси Эден Азарнинг ўйини ёқади, аммо Перес уни ҳаддан ташқари нобарқарор ўйинчи деб ҳисоблайди.
Флорентино жамоа ҳужум чизиғида «Боруссия» форварди Пьер-Эмерик Обамеянг ўйнашини истамоқда. Зидан эса клуб тарбияланувчиси Борха Майоралга имконият беришни маъқул деб ҳисобламоқда.
Зидан ва Перес битта масалада ҳамфикр бўлишмоқда. Жамоа марказий ҳимояга Бильбаонинг «Атлетик» футболчиси Эмерик Лапорт олиб келмоқчи. Бу ҳимоячига «Барселона» ва «Манчестер Сити» клублари ҳам даъвогарлик қилишмоқда.