Олий Лига 2-туридан ўрин олган “Обод” — “Бухоро” (0:0) ўйини якунланди. Учрашувдан сўнг эса жамоа мураббийлари ўртасида матбуот анжумани ўтказилди. Унда дастлаб “Обод” устози Бобур Зуҳриддинов журналистлар саволларига жавоб қайтарди.
— Бугунги ўйин биз бир нарсадан хурсанд бўлдик. Биринчи турда тарихий жамоа "Қўқон-1912"га қарши ўйнаган бўлсак, бугун эса "Бухоро"га қарши тўп сурдик. Гарчи ўйинда ғалаба қозонмаган бўлсак ҳам, тажрибали жамоага билан тенгма-тенг кураш олиб бордик. Бу менга ёқди. Ўтган йили ҳужумкор ўйин намойиш этганмиз. Умуман бундай ўйнашни ёқтирмайдиган жамоаниг ўзи бўлмаса керак, бироқ бизда тажриба етишмаслиги сабабли (бу албатта, вақтинчалик) ҳимоявий футбол ва тезкор қарши ҳужумларга эътибор қаратамиз.
Бугунги ўйинда буни амалга ошира олмадик. Аммо биздаги камчиликлар вақтинчалик деб ўйлайман. Биз изланишдамиз. Ҳар бир ўйин олдида тезкор ҳужумни уюштириш жуда ҳам қийин. Умид қиламанки, ўйиндан ўйинга бу муаммони ҳал қиламиз.
— Давралар оралиғида жамоа таркибини кучайтириш кўзда тутилганми?
— Ҳозирда асосий мақсад ўйинимизни шакллантиришга қаратганмиз. Агар давралар оралиғида янги футболчига эҳтиёж сезилса, у бизга маъқул келса, албата, бу вариантни кўриб чиқамиз.
— Жамоанинг қайси чизиғи кучсиз? Ўрта чизиқ сизнингча, бироз бўш ўйнамадими?
— Жамоамизнинг ҳеч бир чизиғини кучсиз демайман. Балки бу рақибнинг айнан ўша чизиғи кучли ўйнаганидандир. Авваламбор биз олдин ўзимизга ишончи кучайтириб олишимиз зарур. Футбол гол уришдан иборат. Гол уриш учун ҳимояланиш зарур. Биз ҳозирда ажойиб ҳимояланмоқдамиз. Шу сабаб орқада кўпроқ ўйинчи қолмоқда. Олий Лигага мослашиб олгандан сўнг барчасини изига тушиб кетади.
Эслатиб ўтамиз, "Обод" 3-турда "Насаф" майдонига сафар уюштирса, "Бухоро" ўз майдонида "Пахтакор"ни қабул қилади. Учрашувлар 19 март куни бўлиб ўтади.