«Реал» жамоаси скаутлари ўтган йилнинг декабрь ойида жамоа раҳбариятига жорий мавсумда АПЛ кашфиётларидан бирига айланган, «Лестер» жамоасининг ёш ярим ҳимоячиси Н'Голо Кантени сотиб олишни таклиф қилишган.
Таҳлилчиларнинг фикрича, жамоанинг ҳужум учлиги ортида уларни бутун ўйин давомида қўллаб-қувватлаб турадиган, ўйин давомида 13 км масофа босиб ўта оладиган жисмонан етук ярим ҳимоячи етишмаяпти. Айни вақтда бу вазифани бажариши керак бўлган Модрич ва Кроос эса ўйин давомида толиқиб қолишмоқда.
El Pais нашрида ёзилишича, Кантедан ташқари скаутлар мадридликлар раҳбариятига бундеслигада муваффақиятли мавсум ўтказаётган «Герта» жамоаси хавбеки Владимир Даридани ҳам таклиф қилишган.
Хабар қилинишича, мадридликлар менежменти бу қишки трансферлар вақтида бу футболчиларни улар етарли даражада машҳур бўлишмагани учун сотиб олмасликка қарор қилган.
Маълумот учун, 24 ёшли франциялик Н'Голо Канте жорий мавсумда «Лестер»нинг асосий футболчиси бўлмоқда. Таянч ярим ҳимоячиси сифатида ҳаракатланаётган бу футболчи ўз амплуасида тенгсиз бўлиб турибди. У 28 ўйинда 1 гол урган ва 3 марта шерикларини голли узатма билан таъминлаган.
Бундан олдинроқ, ушбу футболчи учун «Арсенал» ва «Челси» томонидан қизиқиш мавжудлиги ҳақида хабар қилинганди. Унинг жамоа билан шартномаси 2019 йилгача тузилган, тахминий трансфер суммаси 20 млн фунтни ташкил этади.