Кириш Регистрация
05/07 06:00 Аргентина 1-1 Эквадор
05/07 21:00 Испания - Германия
06/07 00:00 Португалия - Франция
06/07 06:00 Венесуэла - Канада
06/07 21:00 Англия - Швейцария
07/07 00:00 Нидерландия - Туркия

Мавсум стратегиясида ранг-баранглик

Баҳо:
+ | -

Мухлислар ҳозирданоқ кулиб қўйишмоқда. Уларнинг фикрича, «Олмалиқ»нинг очкосизлиги шунчаки, Игорь Шквиринга хос қайсидир жамоаларга дон сепиш, холос. У зарур пайт шогирдларини қандай ўйнатишни билади. «Бухоро»нинг бу йилги шашти барчага маълум. Жамоа олий лигада мустаҳкам ўрин олишдан умидвор. Шунга яраша, таркиб ҳам анчагина кучайтирилди. Қисқаси, «Бухоро» айни паллада гуруллаб ёниб турган олов кабидир. Демоқчимизки, бухороликлар чемпионатни ғалаба билан бошлашлари шарт эди.

«Олмалиқ» эса ёниб турган оловга кўр-кўрона ўзини ташлайдиган жамоа эмас. Шу боис, Игорь Шквирин 1-турда шогирдларини келгуси баҳслар учун асради, назаримизда. «Насаф» билан кечган баҳс ҳам «Олмалиқ» учун жиддий синовга айланмади. Негаки, шу кунларда «аждарлар» билан ҳазиллашиб бўлмайди. Буни яхши тушунадиган Игорь Шквирин яна бир қадам орқага чекинди. Йўқ, у икки қадам ортга чекинишдан фожеа ясамайди. Игорь Анатольевични келишилган ўйинларда айблаш ҳам ноўрин. Шунчаки, у миллий чемпионатимизда ўртамиёна жамоани қандай бошқариш ҳадисини пухта эгаллади. Ҳарқалай, бир маромдаги мураббий эканлигини, ўзини ўту-чўғга уравермаслигини тажрибали, «сайёр» футболчилар ҳам билиб қолишди. Молиявий жиҳатдан қийналаётган жамоада тўп сурадиган ёки фаолиятида юксалиш содир бўлишини истаган савиялироқ футболчининг «Олмалиқ»қа йўл олиши бугун кўпчиликка аён. Таъбир жоиз бўлса, Игорь Шквирин - мураббий сифатида кўплаб футболчилар талпинадиган Қуёш! Қуёш эса ҳар доим ҳам ҳамма жойга нур сочавермайди. Яъни нур сочиш учун ҳам пайт пойлайди. Қолаверса, «Олмалиқ»нинг таркиби йил сайин янгиланиб боради. Янгиланган таркибдан эса бирдан ижобий натижа кутиш қийин. Биз «Олмалиқ»нинг дастлабки 2та турдаги мағлубиятини мантиқан шундай изоҳладик. Фикримизча, Игорь Шквирин ҳар икки мағлубиятни иложсиз ҳолат, деб ҳисоблади. Кейинги турларда эса вазият тубдан ўзгарса керак. Чунки «Олмалиқ» одатда «Қизилқум» ва «Металлург» билан бошқача беллашади ҳар сафар. Хуллас, Тошкент вилояти клубининг мавсум стратегияси «Яхши от кейин чопади» мақолини эслатмоқда. Клуб ўзи учун зарур очколарни кейинчалик бемалол тўплай олишига ишонмоқда.

«Металлург» ва «Қизилқум» эса бошқача йўлни танлади. Тақвимдаги ҳолатга кўра, ҳар икки жамоа дастлабки учрашувларда ғалаба учун астойдил курашди. Доимий ўзгаришсиз таркиби билан машҳур «Металлург» бу вазифани у қадар қийналмай уддалади. Ҳар икки жамоанинг воҳа сафари савиядошларнинг рақобатига айландики, бундан «Металлург» ҳам, «Қизилқум» ҳам усталик билан фойдаланди. Мавсум аввалидаги бу икки баҳс ёдингизда қолишини истаймиз, азиз мухлис. Кутайликчи, иккинчи даврада жавоб учрашувлари қандай кечади? Умид қиламизки, ўшанда ҳам «Металлург» ва «Қизилқум» фақат ғалаба қозониш ҳақида ўйлайди. Бу нима дегани? Бу жамоалар ўзаро келишишдан воз кечишди, деганидир. Ҳарқалай, биз шу каби эзгу хаёллар оғушидамиз. Жамоалар келишилган ўйинларнинг мутлақо хаёлга келмайдиган, исботланиши мушкул «механизми»ни кашф этмаган бўлсалар, албатта. Ўйлаймизки, ҳозирги вазият бундай эмас. Меҳмондаги ғалабалар жамоаларнинг мақсади, тақвимдаги ҳолат, мавсум давомида кучларнинг оқилона тақсимлаш режаси билан алоқадор.

Ўзи «Локомотив», «Насаф», «Бун­ёдкор» каби етакчиларнинг меҳмонда ҳам ғалабага интилишлари табиий. Юқорида таъкидлаганимиздек, шашти баланд «Бухоро»нинг дебютант - «Обод»дан очко тортиб олишини ҳам аксарият мухлислар тахмин қилишганди. Бу ҳолатда-да ўзгачалик йўқ. Ҳаттоки, «Нефтчи»нинг «Навбаҳор» устидан кичик ҳисобда ғалаба қозониши ҳам кўпчилик учун ғайритабиий туюлмади. «Нефтчи» ўз майдонида, мухлислари кўз ўнгида ўйнади. Севимли жамоасини қўллаш мақсадида Тошкент сафарига борган ва уйга аламнок қайтган мухлислар шодлиги йўлида «Нефтчи» ғалаба учун борини берди. 3 очко учун борини бериш шундай бўлади. Очиғи, учрашувда диққатга сазовор ҳолат кузатилмади, ҳисоб. Аммо жамоалар ғалаба учун жиддий жон куйдиришди. Андрей Фёдоров шогирдлари Англия кубоги ярим финалига йўл олган «Эвертон» ва «Уотфорд» каби майдонда тер тўкиб тўп суришди. Тўғри, «Эвертон»нинг рақиби «Челси», «Уотфорд»ни синовдан ўтказувчи эса «Арсенал» эди. Улуғворлик АПЛ ўртамиёналари сиқувига бардош беролмай ортга чекинди. Етакчилар назарга илмаган Ромелу Лукаку ва Одион Игалога шон-шарафлар бўлсин! Улар «Челси» ва «Арсенал»нинг номдор дарвозабонларини, донгдор ҳимоячиларини уялтирдилар. Педро Родригес ва Диего Коста, Алексис Санчес ва Оливье Жиру каби ҳужумчилар уларга ҳавас билан боқдилар. «Нефтчи» эса ўзи каби ўртамиёна «Навбаҳор»ни енгди. Шерзод Ҳакимовга ҳам қойил! У таранг вазиятда бир амаллаб гол уришни эплади. Наманганлик мухлислар эса кейинги турни орзиқиб кутишмоқда. «Сўғдиёна»га қарши ўйинда аввалги турларда «лочинлар» урмаган голлар «урҳо»си баралла янграйди, уларнинг назарида. Акс ҳолда, жамоага бу қадар жиддий эътибордан нима наф?! «Навбаҳор»ни исноддан фақат ғалаба қутқаради.

Юқорида айрим жамоаларнинг мавсум стратегияси хусусида сўзладик. Афсуски, «Машъал» ва «Шўртан»да бу каби стратегия йўқ, чоғи. Ўз майдонида савиядош рақиблардан, жиллақурса, бир очко тортиб ололмаган жамоалар ҳақида бундан бошқача фикрлаш мумкинми? Боз устига, бу икки жамоа келгуси турда мос равишда «Бунёдкор» ва «Металлург» меҳмони бўлади. Сафар учрашувларининг мураккаблигини ҳисобга олиб, ўз майдонида жон олиб - жон бермаган клубда мавсум стратегияси нима қилсин?! Бунақада Ғузор ва Муборакда қачон тонг отади. Дейлик, «Андижон» ва «Навбаҳор» учун тақвимдаги ноқулайлик сабаб, дастлабки турларда бирор очколик бўлиш амалда жуда қийин эди. Буни ҳар икки жамоа мухлислари тушуниб туришибди. Бироқ «Машъал» ва «Шўртан»нинг 2та тур якунига кўра, очкосиз қолишини оқлаб бўлмайди. Бизга шунингдек, «Қўқон-1912»даги таслимчилик кайфияти ёқмади. Ахир «Пахтакор» дейлик, «Хетафе»нинг қаршилигини чилпарчин қилиб ташлаган «Барселона» эмас-ку! «Хетафе»нинг ҳолатини тушуниш мумкин. У савияси ҳаддан ташқари юқори жамоадан мағлубиятга учради. Хўш, «Қўқон-1912»чи? Мурод Исмоилов шогирдлари ҳам забт этилиши қийин чўққи ёнига бориб қолишдими? Йўқ, асло! «Қўқон-1912» мардонаворлик эвазига «шерлар» билан бемалол беллашса бўларди. Бир ҳовуч мухлиснинг қўллаб-қувватлаши «Пахтакор» учун айтарли қўшимча омил вазифасини бажармади. «Шерлар» «Қўқон-1912» жиддий қаршилик кўрсатмагани учун осон ғалаба қозонишди. Таъкидлаш жоизки, қўқонлик футболчилар мағлубиятида мураббийнинг ҳаммадан кўпроқ айбдор. Бу хулоса ўша азалий айблов нуқтаи-назаридан айтилмаяпти. Мағлубиятда ҳамиша мураббий айбдор саналиши - инкор этиб бўлмас ҳақиқат. Лекин ўша айбдорлик ҳам қандайдир сабабларга кўра, оқланиши керак-ку! «Ростов» Қурбон Бердиев раҳбарлигида қайси омилга асосан ЦСКАни мағлуб айлади? Мураббий тортиқ айлаган ишонч эвазига! Бу ўринда бошқа омил кўзга ташланмайди. Негаки, бошқа барча кўрсаткичлар бўйича «армиячилар» «Ростов»дан устун. «Қўқон-1912»дан фарқли ўлароқ, «Ростов» шу устунликни назар-писанд этмади. Бу - Қурбон Бердиевнинг хизмати.

Ишончимиз комилки, мураббийларимиз бугун ва эртага ўтказиладиган ОЧЛнинг навбатдаги тур баҳсларига шогирдларини пухта тайёрлаб, ишонч уйғотишади. Ана шундагина вакилларимиз гуруҳ етакчилари бўлмиш рақибларига қарши қўрқмай майдонга тушишади. Зеро, шундай ишонч боис, АПЛнинг 2та ўртамиёна жамоаси етакчиларни четга суриб, Англия кубоги ярим финали йўлланмасини қўлга киритди. 

Муҳаммад ВАЛИ

Манба: Interfutbol.uz
Киритилди: 11:53, 16.03.2016.
Ўқилди: 2338 марта.
Фикрлар: 1 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.