"Реал" жамоаси бош мураббийи Зинедин Зидан мавсум якунланмасиданоқ ишдан бўшатилиши мумкин. Бу ҳақда Испаниядаги A3 Media телеканалида айтилган.
Франциялик мутахассис жамоа Испания чемпионатининг 29-турида "Лас-Пальмас"га қарши кўрсатган ўйинидан (2:1) қаттиқ ранжиган. Қолаверса, у ушбу ўйиндан кейин мажлис ўтказганида жамоанинг бир қатор футболчилари, Серхио Рамос, Криштиану Роналду, Пепе ва Марсело унда иштирок этмаган.
Зидан бу мажлис вақтида футболчилардан ўйинларда ўзига берилган вазифани бажаришни талаб қилган ва агар талаби бажарилмаса, ўз лавозимидан истеъфо беришини маълум қилган.
Эслатиб ўтамиз, 1998 йилги жаҳон чемпионати ғолиби, "Реал"нинг собиқ футболчиси бўлмиш Зидан жорий мавсумнинг биринчи ярмида Рафаэль Бенитес қайд этган қониқарсиз натижалардан кейин унинг ўрнига бош мураббий сифатида тайинланганди. У билан мавсум якунигача шартнома тузилган.