Ўзбекистон Кубоги 1/16 финал учрашувлари доирасида Жиззахда кечган “Зомин” – “Андижон” (0:2) учрашувида андижонликлар икки тўп фарқи билан зафар қучишди. Ўйин тақдирини ҳал этган ҳар икки голни ҳам Неманья Йованович ўз ҳисобига ёзидириб қўйди.
“Бургутлар” расмий сайтининг ёзишича, ўйиндан сўнг андижонликлар устози Бахтиёр Ашурматов ўз фикрларини билдириб ўтди.
– Очиғини айтганда, “Зомин” бизга қарши ўйинда жанг қилишини кутгандик. Шу сабабли учрашувга бир кун қолганида эмас балки икки кун олдин Жиззахга етиб келиб, тайёргарлик кўрдик.
– “Зомин” – бу сирли тулпор деган бўлардим. Таркибида таниқли футболчилар бўлмаслиги мумкин. Лекин катта иштиёқ эвазига мухлислари олдида охиригача курашади. Шу сабабли осон бўлмаслигини таъкидлагандим. Қайсидир футболчиларга бу гапларим таъсир қилиб, тўлиқ тайёр холатда майдонга чиқишди. Яна айримларида эса биринчи лига клуби билан ўйнамоқдамиз деган ҳаёл бўлди. Шунинг учун ўйлайманки учрашув осон бўлмади.
– “Зомин” жамоаси бугун бизга етарлича қаршилик кўрсатди. Шу боис рақиб жамоа томонидан кўрсатилган ўйин учун ҳам раҳмат айтаман. Бир неча голли вазиятлардан унумли фойдалана олмаганимиз ҳам биз мураббийлар штабини ўйин охирига қадар таҳликада ушлаб турди. Йигитларим охирига қадар курашди. Якунда эса ҳақли равишда ғалаба қозондик. Тўғри, камчиликлар ҳам йўқ эмас. Камчиликлар устида ишлаймиз. Учрашувдан-учрашувга ўз ўйинимизни шакллантириб боришимиз керак.
– Ушбу қўлга киритилган ғалаба бизга руҳий жиҳатдан устунликни бағишлайди ва келгуси ўйинлар учун бу жуда муҳимдир.
– Энди кейинги босқичда “Қизилқум” билан рўбарў келамиз ва шу ўйинда ҳам ғалаба қозониб 1/4 финал босқич йўлланмасини қўлга киритиш учун иштирок этамиз. Чемпионатда кейинги тур “Қўқон-1912” билан муҳим учрашувни ўтказамиз. Шундай бўлсада “Қизилқум” билан ҳам асосий таркиб футболчилари билан ўйнаймиз. Уларнинг ҳар бирига жиддий ёндошамиз. Олдимизда аниқ вазифа бор – дейди Бахтиёр Аъзамович.